« Back

Эл севган адиб 15.06.2020 17:41

Эл-юртга, шеъриятга бахшида умр

Эл-юртни севган, унинг тарақиёти ва фаровонлиги учун сидқидилдан хизмат қилган фарзандларни тарих ҳам сийлайди. “Ватан, ё танда жоним бор, сенингдирман, сенингдирман” деган халқимизнинг  бу оташнафас ва дилбар шоири ўз асарлари билан орадан йиллар ўтса-да, “тирик сайёра” янглиғ авлодларга комиллик, тинчлик, ватанпарварлик, адолат, софлик каби эзгу фазилатлар ва гўзал туйғулардан сабоқ бериб келмоқда. Ўтган ХХ аср иккинчи ярми – янги аср бошларида миллий адабиётимиз, аниқроғи шеъриятимиз ривожи, унинг етакчи тамойилларини Эркин Воҳидов бисотисиз тасаввур этиш асло мумкин эмас. Шоир 1961 йили илк шеърий тўплами –  “Тонг нафаси” билан ўзбек адабиётига янги нафас олиб кирди, ҳаёт гўзаллиги, инсон ҳаёти маъноси, маънавий камолот йўллари теран ифодаланган бу шеъриятда шоир ўзига хос ижод мактабини яратди. Шоирнинг ижод намуналари аллақачон мактаб ва олий ўқув юрти адабиёт дарсликларидан ўрин олган, асарлари қайта-қайта нашр этилган, ўзга тилларга таржима қилинган.  Халқимизнинг минг асрлар ичра пинҳон бўлиб ётган шонли тарихи, жаҳон цивилизацияси равнақида тутган беқиёс ўрни ҳақидаги оташин сатрлар жамланган –“Тарихингдир минг асрлар…” деб бошланувчи қасидани ёд олмаган ўзбек фарзандини учратиш шубҳасиз мумкин эмас. Бу забардаст шоиримиз 1968 йили “Ўзбегим” қасидасини ёзиб, она тилимиз хор бўлган, ўз миллати билан фахрланиш миллатчилик саналган, тарихий асар ёзганларга ўгай кўз билан қараладиган паллада ўз миллатини, буюк тарихимизни улуғлади. Шоирнинг бу жасорати – халқи бошига ташвиш тушганда, курашга чиқадиган катта ижодкорларга хос миллатпарварликнинг ёрқин намунаси эди.

Айтиш жоизки, Эркин Воҳидовнинг ижод тақдирида шоирнинг таълим олган, ҳозирда Миллий университет деб аталадиган қутлуғ даргоҳда шаклланган адабий-илмий доира ҳамда айни ўша кезлари янги авлод ижодкорларини ўзига мафтун этган жасур адиб Абдулла Қаҳҳор муҳитининг ўрни-аҳамияти беқиёсдир. Шоир билан бир қаторда ўша кезлари университетда таълим олган Абдулла Орипов, Саида Зуннунова, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Худойберди Тўхтабоев, Ўткир Ҳошимов, Ойдин Ҳожиева каби бутун бир адабий авлод айни шу муҳит фарзандлари, дарғалари, издошларидир. 

Эркин Воҳидов ижод чўққисига чиқиш билан биргаликда инсонийлик чўққисини ҳам забт этган инсон бўлганлигида заррача ҳам муболаға йўқдир. Адиб  адабиётда ҳам, ҳаётда ҳам феномен – ноёб ҳодиса эди. Эркин Воҳидов фақат шеърлар, ҳажвиялар ёзган шоир сифатида эмас, балки, мудраб қолган аруз вазнини қайта уйғотган ғазалнавис сифатида адабиёт гулшанида чуқур из қолдирган. Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов “мумтоз адабиётимизнинг олтин эшиклари абадий беркилади, деб каромат қилинган паллада арузнинг табаррук остонасида посбон янглиғ пайдо бўлди”, дея  Эркин Воҳидов ҳақида таъкидлаган эди. Мустақиллик йилларида шоир халқимизнинг эркин, обод ва фаровон ҳаётини тараннум этадиган, инсон қадр-қимматини улуғлайдиган янги шеърий асарлари, она тилимиз, миллий қадриятларимиз, буюк аждодларимиз меросини асраб-авайлашга бағишланган китоблари минглаб оилаларга, миллионлаб қалбларга кириб борди. Ушбу мақолани ёзишим давомида қуйидаги мисралар  хаёлимда тинимсиз  хотирлана бошланди. Бу мисралар  “Ўзбегим” қасидасини ёд олган кезларимдаёқ юрагим тубидан ўзгача бир жой олганди. 

Бу қасидам сенга халқим оқ сут-у, туз ҳурмати,

Эркин ўғлингман қабул эт Ўзбегим жон Ўзбегим.

Ҳа албатта  чиндан ҳам “оқ суту туз ҳурмати”ни оқлаган дилбанд юрт фарзандини ватани, халқи ўзбек адабиёти ва санъатини ривожлантиришдаги хизматларини юксак тақдирлади: адибга Ўзбекистон Қаҳрамони фахрий унвони берилди. Қалбида ватанига бўлган муҳаббат чексиз бўлган, инсоннинг фаровон ҳаётини ҳар нарсадан устун кўрадиган, шунингдек, муҳаббат борасида денгиздай қайсар, уммондек чексиз, тоғлардек улуғвор бўлган инсонни ўз умрининг қаҳрамони дейиш мумкин. Эркин Воҳидов ҳам ҳеч шубҳасиз ана шундай инсонлардан бири эди. Адибнинг ҳаёт йўли, яратган асарлари ва улардаги етакчи ғоялар ҳар бир инсон қалбида эзгу фикрларга ёндош тарзда яшашига ишонамиз.

 Мадинабону АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон Миллий университети математика факультети талабаси