« Back

Фестиваль 18.09.2019 16:15

ХАЛҚАРО ҲУНАРМАНДЧИЛИК ФЕСТИВАЛИ – ХАЛҚЛАР МАДАНИЯТИНИ БОҒЛОВЧИ МУҲИМ КЎПРИК

JAHON HUNARMANDLARI QOʻQONDA JAM BOʻLDI.12.09.19.M.QODIROV_01113 Дунёда латиф шаҳар мақомига эга ягона кент – Қўқон бугун ҳар қачонгидан-да мафтункор. Бу ерга келган киши ўзини эртаклар оламига тушиб қолгандек ҳис этади. Ҳўқанди латиф кўҳна тарих ва замонавий тараққиётнинг мезон ва анъаналарини уйғунлаштириб, бир пайтнинг ўзида ҳам шарқона латофати, ҳам замонавий дунё тамаддунига ҳамоҳанг ҳашамати билан жаҳон ҳамжамиятини ўзига қаратмоқда.

Ўзбекистон – минг йиллар давомида Буюк Ипак йўлида алоҳида аҳамият касб этиб келган замин. Тарихий шаҳару қишлоқларимиз кўп. Лекин Шарқу ўарбни боғловчи кўприклар, маданиятлар бирлашган масканлар орасида Фарғона водийси ўзгача ўрин тутади.

Тарихий манбалар водийда ҳунармандчиликнинг жуда кўп тури, айниқса, кулолчилик, ипак ва абрли матолар тўқиш, ёғоч ўймакорлиги, пичоқчилик, дўппидўзлик кенг ривожланганидан гувоҳлик беради. Бу маҳсулотлар савдо карвонлари орқали бутун дунёга тарқалган.

Ўзбекистонда кўпчилик кундалик ҳаётининг ажралмас қисми бўлган ҳунармандчилик санъати, хусусан, ёғоч ўймакорлиги, ганчкорлик, кулолчилик, тўқимачилик, зардўзлик, созгарлик, кандакорлик, заргарлик неча-неча минг йиллик тарихга, ўзига хос ижодий мактаб ва анъаналарига, атоқли намояндаларига эга. Моҳир усталар томонидан тайёрланган кўплаб бадиий ҳунармандчилик ва амалий санъат маҳсулотлари бугунги кунгача дунёнинг машҳур музейларида сақланиши уларнинг жаҳон халқлари тарихида муҳим ўрин тутишидан далолат беради.

Шундай омиллар сабаб бўлса керак, бу ноёб санъатнинг кўплаб йўналишларида самарали фаолият кўрсатганлар, уларга издош ва ворис бўлган истеъдодли ҳунармандлар доимо эл-юрт орасида ҳурмат-эҳтиромга сазовор бўлиб, “уста”, “устазода” деган шарафли номлар билан эъзозланади.

Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг миллий маданиятимизнинг барча соҳалари қатори ҳунармандчиликни, унинг анъана ва мактабларини тиклаш, ривожлантириш ва тарғиб этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Кейинги йилларда ана шу бой маданий меросимизни асраб-авайлаш, халқ бадиий ва амалий санъатини янада ривожлантириш, бу борада тарихий анъаналарни изчил давом эттириб келаётган моҳир усталарнинг машаққатли меҳнатини муносиб рағбатлантириш мақсадида тегишли фармон ва қарорлар қабул қилиниб, уларга янги имконият ва имтиёзлар яратилди.JAHON HUNARMANDLARI QOʻQONDA JAM BOʻLDI.12.09.19.M.QODIROV_01117

Бундай амалий саъй-ҳаракатлар натижасида юртимизда миллий ҳунармандчилик санъати жадал ривожланмоқда. Мисол учун, 2017 йилгача “Ҳунарманд” уюшмасининг 10 мингга яқин аъзоси бўлган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони қарийб уч баробар кўпайди.

Ҳунармандчилик янги иш ўринлари ташкил қилиш, ёшларни фойдали меҳнатга жалб этиш, туризмни ривожлантириш борасида ҳам катта имкониятлар манбаи ҳисобланади. Шу боис юртимизнинг барча ҳудудларида ушбу соҳани ривожлантиришга қаратилган манзилли дастурлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2018 йили ҳунармандчилик ривожига йўналтирилган лойиҳаларни ҳаётга жорий этиш орқали 40 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, мамлакатимиз бўйлаб ташкил этилган 5 мингдан зиёд “Уста-шогирд” мактабида 23 мингдан ортиқ йигит-қизга касб сирлари ўргатилди.

Бугун қўли гул уста ва устазодалар халқ ҳунармандчилигининг турли соҳаларида қадимий анъаналарни замонавий тажриба ва янгиликлар билан уйғунлаштирган ҳолда катта ютуқ ва натижаларни қўлга киритмоқда. Миллий ҳунармандчилик ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, иқтидорли шогирдлар тарбиялаб, ўз ижодий мактабини яратган заҳматкаш усталар рағбатлантирилиб, уларнинг меҳнати алоҳида эътироф этилаётир. Жумладан, юзлаб уста ва ҳунармандлар давлатимизнинг юксак мукофотлари – фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланди.

Ҳунармандчилик халқимиз кундалик ҳаётидан тобора мустаҳкам ўрин эгалламоқда. Бу йил Ўзбекистонда илк бор ташкил этилаётган Халқаро ҳунармандчилик фестивали учун Қўқон шаҳри танлангани ҳам бежиз эмас. Қўқон шаҳрининг кўркига кўрк қўшиб турган Худоёрхон Ўрдасининг ноёб меъморий безаклари ва таровати ҳеч бир инсонни ҳайратга солмай қўймайди. Ундан қадим Шарқнинг сирли нафаси уфуриб туради. Ушбу қадимий ва гўзал шаҳар моҳир ҳунармандлар маскани, халқ бадиий ва амалий санъатининг маркази сифатида дунёга маълуму машҳур.

14 сентябрь. Қўқон, Ўрда майдони, соат 18.30.

Майдон марказида қурилган, фестиваль руҳига ҳамоҳанг безатилган амфитеатрга минглаб нигоҳлар қадалган. Биринчи Халқаро ҳунармандчилик фестивалининг очилиш маросимига йиғилган одамларнинг чеҳрасидаги мамнунлик, хурсандчилик диллардан дилларга кўчаётгандек гўё. Улар орасида анжуман қатнашчилари ва меҳмонлари, таниқли маданият арбоблари, санъатшунос олимлар, чет эллик ва маҳаллий журналистлар, сайёҳлар бор.

Фестиваль иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни қарсаклар билан кутиб олади.JAHON HUNARMANDLARI QOʻQONDA JAM BOʻLDI.12.09.19.M.QODIROV_01116

Сўз Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга берилади.

Давлатимиз раҳбари Халқаро ҳунармандчилик фестивали иштирокчилари ва меҳмонларни самимий қутлаб, жаҳон халқ амалий санъатини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, бу бебаҳо бойликни келгуси авлодларга безавол етказиш, бу йўлдаги саъй-ҳаракат ва имкониятларни бирлаштиришда мазкур халқаро анжуманнинг аҳамияти беқиёс эканини таъкидлаб, анжуман қатнашчиларига ижодий муваффақиятлар тилади.

Тадбирда сўзга чиққан Жаҳон ҳунармандлар кенгаши (ЖҲК) президенти Рози Гринлис хоним Ўзбекистонда маданият ва санъатни ривожлантириш, айниқса, ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани, биринчи бор ўтказилаётган Халқаро ҳунармандчилик фестивали ана шу саъй-ҳаракатларнинг юксак намунаси эканини қайд этди.

ЖҲК томонидан Қўқон шаҳрига “Жаҳон ҳунармандлари шаҳри” мақоми берилиши бежиз эмас. Бу унвон 2014 йилда таъсис этилган бўлиб, шу кунгача унга 16 давлатнинг 36 шаҳри сазовор бўлган. Қўқон шаҳри МДҲ мамлакатлари шаҳарлари орасида биринчи бўлиб шу қатордан жой олди. Шунингдек, “Ҳунарманд” уюшмаси жорий йилда мазкур ташкилотга аъзо бўлди. Мамлакатимизда миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар самарадорлиги халқаро ҳамжамият томонидан кенг эътироф этилганининг белгиси бўлди бу воқеалар.

ЖҲК 1964 йилда Бельгияда нодавлат нотижорат ташкилот сифатида тузилган бўлиб, бой маданий меросни асраб-авайлаш ва ривожлантириш учун семинарлар, конференциялар, кўргазмалар ўтказиш орқали бутун дунёда ҳунармандчилик ташкилотларини қўллаб-қувватлайди.

ЖҲК билан ҳамкорликда Қўқонга “Жаҳон ҳунармандлар шаҳри” мақомини бериш борасидаги саъй-ҳаракатлар доирасида ташкилотнинг Ўрганиш ҳайъати аъзолари шаҳардаги миллий ҳунармандчилик мактабларида бўлиб, уларнинг фаолияти билан бевосита танишди.

Фарғонада ҳунармандчиликнинг барча йўналишлари бўйича 4 мингдан ортиқ устахона фаолият юритмоқда. Улар орасида ўз мактабига эга сулолалар, халқаро кўргазма ва фестиваллар совриндорлари, давлат мукофотлари соҳиблари бор.

Қўқон ҳунармандчилиги ўзига хос тарихи, услуб ва анъаналарига эга бўлиб, бу ерда унинг 30 га яқин тури кенг ривожланган. 400 нафар ҳунарманд ота-боболаридан мерос касбнинг авлоддан авлодга ўтишини таъминламоқда.

Шаҳар марказидаги салобатли майдон узра ёқимли куй таралади. Бу оҳанг қалбларга сингиб, кўнгилнинг нозик торларини чертади. Юракларга ҳаяжон, завқ солади. Бу куй сеҳри, нозли оҳанг шавқи, мусиқа қудратининг амалдаги ифодасидир.JAHON HUNARMANDLARI QOʻQONDA JAM BOʻLDI.12.09.19.M.QODIROV_01112

Халқаро ҳунармандчилик фестивалининг очилиш маросимидаги мумтоз ашулалар, фольклор, жаҳон мусиқа ва қўшиқчилик санъатининг нодир намуналари, дилбар рақслар дилларни жўш урдиради. Томошабинлар юракка яқин қўшиқларга жўр бўлади, шўх куй-наволардан завқланишиб, рақсга тушади.

– Бугун Ўзбекистон диёрида жуда катта байрам, – дейди АҚШлик мартабали меҳмон Кэрол Роберсон Лопес хоним. – Қадимий ва навқирон Қўқон шаҳрида илк бор ўтказилаётган Халқаро ҳунармандчилик фестивали катта шодиёна билан нишонланмоқда. Бу тадбир бутун дунёдаги қўли гул ҳунармандларни бир жойга жамлаб, халқларнинг номоддий меросини тарғиб этиш ва халқаро дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан катта аҳамиятга эга. Президент Шавкат
Мирзиёев ушбу халқаро фестиваль нафақат кўп миллатли Ўзбекистон халқи, балки жаҳон ҳунармандлари, бутун дунё усталарининг катта байрами эканини таъкидлади. Бундан жуда хурсанд бўлдим. Фестиваль турли қадрият ва анъаналарни ўзида яққол намоён этадиган, муштарак дилларни бирлаштирадиган чинакам дўстлик ва ҳамкорлик анжумани бўлди.

Президентимизнинг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда номоддий меросни асраб-авайлашга қаратилаётган юксак эътиборнинг амалий ифодаси бўлди. Мазкур тадбирнинг Қўқон шаҳрида ўтказилиши фарғоналикларни беҳад мамнун қилмоқда. Биринчи бор ўтказилаётган бу байрам кенг миқёсли бўлиб, унда 78 мамлакатдан давлат ва жамоат арбоблари, устазода ҳунармандлар, халқ амалий санъати усталари, мутахассислар, соҳа олимлари, фахрий меҳмонлар, маданият ва санъат намояндалари иштирок этмоқда.

Халқаро ҳунармандчилик фестивалига тайёргарлик жараёнида Қўқонда кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, замонавий меҳмонхоналар, уй-меҳмонхоналар, хизмат кўрсатиш шохобчалари, маданий-маърифий мажмуалар, савдо комплекслари, кўнгилочар масканлар барпо этилди. Тарихий зиёратгоҳлар, кўчалар, бино-иншоотларда капитал таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Шу тариқа кўҳна кент бугун тўлиқ янгича қиёфа касб этди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси, Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Бадиий академия, Ёзувчилар уюшмаси, Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ишлаб чиқилган фестиваль дастури ранг-баранглиги, маданий-маърифий ва кўнгилочар тадбирларга бойлиги билан ажралиб туради.JAHON HUNARMANDLARI QOʻQONDA JAM BOʻLDI.12.09.19.M.QODIROV_01111

Фестиваль доирасидаги “Kokand fashion” мода ҳафталигида хорижий ва маҳаллий ҳамда Қўқон шаҳрининг ёш дизайнерлари ўз ижод намуналарини намойиш этди. Эрталабдан хорижий меҳмонлар шаҳар бўйлаб қўлларида ўз давлатлари, маҳаллий аҳоли эса Ўзбекистон байроғини кўтарганча тантанали юрди. Туркистон кўчасидан Худоёрхон Ўрдаси йўналишида ҳаракатланган байрам иштирокчилари минглаб юртдошларимиз томонидан олқишлар билан қарши олинди. Қизиқчилар, жарчилар ва хон саройи аъёнлари либосини кийган актёрлар жамоаси иштирокчиларга ўзгача кайфият бағишлади. Ўрда фестивалнинг асосий майдонига айланди. Халқ сайллари, дорбозларнинг чиқишлари, фольклор жамоалари, вилоятлар маданият бошқармалари томонидан тайёрланган концерт дастурлари барчани байрамга чорлади.

“Осиё-Тинч океани минтақасидаги ҳунарларнинг онлайн-энциклопедияси. Анъанавий қўл меҳнати буюмлари” лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди. Жаҳон ҳунармандлар кенгашининг Осиё-Тинч океани минтақаси
президенти Гада Ҳижобий Каддумий хоним раҳбарлигида ишлаб чиқилган мазкур онлайн-энциклопедияда ушбу минтақадаги 50 давлатнинг ҳунармандчилиги тарихи, ўзига хос жиҳатлари ҳақида маълумот берилган. Унинг таъкидлашича, ушбу лойиҳа маданиятлараро мулоқотни фаоллаштириш, халқларни бир-бирига танитиш, шу тариқа дўстлик, ҳамжиҳатлик ва тинчликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

“Ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда 30 дан зиёд давлатдан олимлар, мутахассислар, мартабали фахрий меҳмонлар, маданият ва туризм соҳаси намояндалари, юртимизда ва хорижда фаолият кўрсатаётган ҳунармандчилик ва амалий санъат йўналишидаги олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, талабалар, санъатшунослар, музейшунослар, ҳунармандлар иштирок этди.

Маҳаллий ва хорижий ҳунармандлар маҳсулотларининг кўргазма савдоси, халқ сайллари, қўғирчоқбозлик, дорбозлар ва фольклор жамоалари, вилоятлар маданият бошқармалари томонидан тайёрланган концерт дастурлари, ош танловлари, маҳорат дарслари меҳмонларда катта таассурот қолдирди.JAHON HUNARMANDLARI QOʻQONDA JAM BOʻLDI.12.09.19.M.QODIROV_01114

Фестиваль иштирокчилари моҳир кулоллар шаҳри – Риштон ҳамда ипак ва абрли матолар ишлаб чиқарувчи ҳунармандлар шаҳри – қадим Марғилонга саёҳат қилди.

Халқаро ҳунармандчилик фестивали доирасида замонавий ўзбек миллий ҳунармандчилиги ва амалий санъатига, ҳунармандлар ижодига бағишланган “Ўзбекистон ҳунармандчилиги дурдоналари” китоб-альбоми тақдимоти, “Риштоннинг мовий афсонаси” номли кулолчилик маҳсулотлари кўргазмаси ҳамда ҳунармандлар кўрик-танлови ўтказилади. Унинг ғолиблари ташкилий қўмита томонидан диплом, ҳайкалча ва пул мукофотлари билан тақдирланади.

Тантанали маросим юртимиз санъат усталари, ёш ижрочиларнинг шўх куй-қўшиқлари билан давом этди. Қўқон осмони узра порлаган мушаклар дилларга қувонч, қалбларга шодумонлик бағишлади.

Анжуман ўтказиладиган майдон атрофи байрамона безатилган. Қорақалпоғистон ва барча вилоятлардан, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Турк­манистон каби қўшни давлат ҳамда бошқа хорижий мамлакатлардан келган ҳунармандлар буюмлари кўргазмаси ташкил этилган.

Президент Шавкат Мирзиёев очилиш маросимидан сўнг ушбу маҳсулотларни кўздан кечирди, ҳунармандлар билан суҳбатлашди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ушбу фестиваль нафақат кўп миллатли ватандошларимиз, балки бутунжаҳон ҳунармандларининг ҳам байрамидир. Зеро, фестиваль кўламининг кенглиги унинг жаҳон халқларини, маданиятларни боғловчи муҳим кўприк бўлишидан далолатдир.

Алоуддин ўАФФОРОВ,

Маъсуджон СУЛАЙМОНОВ,

ЎзА махсус мухбирлари