« Back

Фильм 14.08.2020 12:49

Ўзбекистонда пандемия даври акс этган фильм суратга олинди

“Ўзбеккино” миллий агентлиги буюртмасига биноан “Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси” ДУК ижодий жамоаси “Синовли кунлар” номли ҳужжатли фильмни суратга олди.

Агентлик матбуот хизмати маълумотига кўра, 3 қисмлик фильмда юртимизга коронавирус инфекцияси кириб келиши, тарқалиши ва унга қарши курашиш жараёнлари, ҳукумат ва халқ бирдамлиги, синовли кунларда ёрдамга тайёр турган халқ вакиллари, мурувват кўрсатган инсонлар ҳақида ҳикоя қилинади.

Ижодий гуруҳ фильмни тасвирга олиш ишларини Хоразм, Бухоро, Андижон, Самарқанд, Сирдарё вилоятларида ҳамда Тошкент шаҳрида амалга оширди.

– Фильмнинг асосий қаҳрамонлари – шифокорлар билан бир қаторда, бугунги синовли кунларда заҳмат чекиб хизмат қилаётган бошқа соҳа вакиллари, жумладан, ички ишлар, Миллий гвардия ходимлари, шунингдек, бемор, ёрдамга муҳтож кишиларга кўмак берган инсонлар тақдири билан боғлиқ эпизодлар ҳужжатли фильмнинг асосини ташкил этади, – деди фильм режиссёри Дониёр Шокиров. – Шу кунларда фильмнинг монтаж жараёнлари бўлиб ўтмоқда.

Гулноза БОБОЕВА,
ЎзА