« Back

Фильм 04.09.2020 14:50

Қадимий Сармишсой дараси ҳудудида фильм суратга олинади

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги, «Ўзбектуризм» давлат қўмитаси ва Навоий вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда «Қоялардаги муҳаббат» номли бадиий фильмнинг суратга олиниши режалаштирилмоқда.

Бадиий фильм икки жанговар қабила раҳбарлари фарзандларининг ўртасидаги гўзал муҳаббат қиссаси асосига қурилган.

Сармишсой — Ўзбекистон ҳудудидаги энг кўп ва беқиёс қоятош расмларини сақлаб қолган водийдир. Олимлар томонидан ўтказилган тадқиқотларга кўра, бундан 5-7 минг йил илгари Навоий вилоятида жойлашган Сармишсойда ҳайвонларни хонакилаштириш ишлари олиб борилган ва бу қоятош суратларида акс этган. Сармишсой дараси ва унинг атрофидаги сойларда 10 минг дан ортиқ петроглифлар борлиги аниқланган.

Расмларнинг асосий қисми сойнинг ўрта қисмида жойлашган зич тошли 22,5 километр масофадаги қоятошларга ўйиб ишланган. Шу жойда қадимий кўчманчи ва ўтроқ аҳолининг мозор қўрғонлари жойлашган. Бу эса, одамлар ушбу ерга қадимдан ҳар хил диний маросимлар, байрамлар ўтказиш ва ибодат қилиш учун қадам ранжида қилган, деган хулосага келиш имконини беради.

Ибтидоий одамлар ва ўша даврлар ҳақида ҳикоя қилувчи фильм постановкачи режиссёри Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ҳамидулла Ҳасанов, сценарий муаллифи Анвар Иргашев ва Юлия Медведовская, постановкачи оператор Ҳабибулла Ҳасанов.

Ҳозирда фильмнинг суратга олиш ишларига тайёргарлик кўрилмоқда. Фильм 2021 йил сентябрь ойида намойиш этилиши режалаштирилган.

Ҳозирда ижодий гуруҳ дарани ўрганмоқда, фильм тафсилотлари устида иш олиб бораётир.

«Ўзбеккино» Mиллий агентлиги Ахборот хизмати