« Back

Хотин-қизлар 27.02.2020 15:10

ХОТИН-ҚИЗЛАР ТАШАББУСКОРЛИГИ ОРТИШИ НИМАЛАРГА БОҒЛИҚ?

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар ҳамда Олмазор туман Кенгашлари тумандаги фаол аёллар ҳамкорлигида хотин-қизларнинг жамиятда фаоллигини ошириш, ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган “Сен бунга ҳақлисан” мавзусида маданий-маърифий тадбир ўтказилди.

Олмазор туманидаги 224-мактабда бўлиб ўтган тадбирда шаҳар ва туман Кенгашларининг фаол депутат аёллари, “Адолат” социал-демократик партияси вакиллари, ёш хотин-қизлар, “Ўзбекойим” фольклор рақс ансамбли жамоаси, талаба-ёшлар, ички ишлар органларининг аёл ходималари, спортчилар, Глиэр номидаги мусиқа академик лицей қошидаги “Дуторчи қизлар” ансамбли ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

— Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, — дейди Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Бахром Валиев. — Шу билан бирга, ушбу соҳадаги ишларнинг ҳолати, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар билан мақсадли ишларни ташкил этиш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ва соғломлаштиришнинг самарали механизмларини яратишга тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжудлигидан далолат беради. 2018 йил 2 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат
Мирзиёев “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонга имзо чекди. Мазкур Фармон ижросини таъминлаш мақсадида жойларда ижобий ишлар олиб борилмоқда. Тадбир айнан юқоридаги фармон ижроси юзасидан тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш мақсадида ўтказилди.

Тадбир давомида жамиятда фаол бўлган, ўз фаолияти орқали кўпчиликка намуна бўлиб келаётган хотин-қизлар сўзга чиқдилар. Шунингдек, катта ҳаёт остонасига кириб келаётган ёш қизларга ўзларининг таклиф ва тавсияларини бериб ўтишди. Лицей, мактаб ҳамда туман маданият бўлимидан ташриф буюрган ижодкор, фаол ўқувчилар ва аёллар рақс, куй-қўшиқлар ижро этишди. Намойиш этилган саҳна кўринишлари иштирокчиларга хуш кайфият улашди.

Зиёда РАСУЛОВА