« Back

Хотира 26.04.2020 14:19

Муҳаммад Юсуф жасорати

Муҳаммад Юсуф ҳақида гап кетганда, унинг ижодига нисбат берилаётиб, инсон бўғзидаги туйғуни ёзгани учун шеърлари ўқишли, дейишади. Ҳақиқатдан унинг ҳар бир шеърида бир шоир айтиши керак бўлган дард, бир инсон айтиши керак бўлган исён бор.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор, Социалистик Меҳнат Қаҳрамони Аҳмаджон Одилов ҳақида мақола ёзганлар ишдан четлатилиб, у ҳақида материал чоп этилган газеталар ёпилаётган бир пайтда Муҳаммад у ҳақида шеър ёзади. Шеърни “Одиловнинг олтини“ деб номлайди. Гўёки гап Одиловнинг рафиқаси ҳақида кетаётгандек тасаввур уйғотади сарлавҳанинг ўзиёқ. Аммо шеър ичида барча ўй-ташвишлар изҳор этилади. Жамиятни аяб ўтирмайди. Шоир шундай бўлиши керак, аслида.

Қуйида шоирнинг фақатгина биринчи китобига киритилган аммо бошқа тўпламларига кирмай қолган, айрим сабабларга кўра газеталарда чоп этилмаган шу шеърини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

ОДИЛОВНИНГ ОЛТИНИ

Эр бошига иш тушса, 
Хотин шўрлик сув кечар...

Айбловчи айбингиз тополмай доғда, 
Тополмас тиллангиз, олтинларингиз. 
Бир чимдим ўтга зор эгасиз тоғда, 
Гдлянни қарғайди қўтосларингиз.

Жонзотлар кўзида жониворча ғам, 
Тошларга суйкалар қуриб дармони. 
Завқ олар қийнаб шу шўрликларни ҳам,
збек нони ургур ўша армани...

У кун Попга бордим ошиб довондан — 
Олчоқ олтин излаб кавлаган йўлак. 
Оддий бир ожиза, оддий айвонда 
Набираларига тикарди кўйлак.

Ўйладим: муштипар бу зотда не айб, 
Куймаган кўксимни куйдирди бир чўғ. 
Бу ёруғ дунёнинг бор айбин қалаб,
Ўзбекни тергашдан осон нарса йўқ!..

Маҳбус эр кунига шу Аёл ярар, 
Кўргани ҳам шудир ёлғиз кўз оча. 
Оқсоқол умрида бир кўнгил сўраб, 
Эркалаганмикин бир туп ғўзача?

Йўқ. Унда бўлмаган бундайин имкон, 
Даласига томган тилидаги бол.. 
Ишни ўйлаб уйни унутиб қўйган, 
Битта айби бўлса шудир эҳтимол.

Бироқ бу аёлда не айб, билмадим, 
Туйдим меҳр тўла бағрин тафтини.
Йиғлади. Қўшилиб мен ҳам йиғладим,
Она, дегим келди ўпиб кафтини!

Яширган бўлса ҳам кетмасми қуриб,
Ўша олмослари, ўша олтини. 
Аҳмаджон Одилов шунча давр суриб, 
Орттирган бойлиги экан хотини!

ЎзА