« Back

Ифтихор 23.05.2020 19:04

Хиёбонда адабиётимизнинг савлати ва иқтидори барқ уриб турибди

Талабалик йилларимда яхши эслайман: пойтахтимизнинг Навоий кўчасида, Адабиёт музейининг олдида “Шоирлар хиёбони” деб аталган кичкинагина йўлакча бўларди. Алишер Навоий ҳайкалининг икки ёни бўйлаб ўнтача шоир – бир қаторда Бобурдан то Фурқатгача, иккинчи томонда Ҳамзадан Ойбеккача бўлган шоирларнинг елкагача ишланган бюсти терилганди. Турган гап, улар орасида Абдулла Қодирий, Чўлпон, Беҳбудийлар йўқ эди. Кишини хафа қиладиган томони – бюстларнинг пастидаги ёзувларнинг бари рус тилида, шу ўнтача бюст – тарихи минг йилга етадиган ўзбек адабиётининг бор-йўқ намояндаларидек таассурот қолдирарди.

Ўша йиллари Тошкентда миллий адабиётимизнинг бўйига, унинг савлатига ва иқтидорига мос хиёбон бўладими, деган саволлар туғилган, ва афсуски, жавобсиз қолганди.

Бугун Тошкентда Адиблар хиёбони очилганда мен ўша талабалик йилларимдаги саволлар ечимини топганимдан қувондим. Мени хурсанд қилган яна бир томони – хиёбонда Беҳбудий ва Чўлпоннинг ҳайкали ўрнатилганидир. Миллий адабиётимизни бу икки улуғ сиймосиз кўриб бўлмаганидек, Адиблар хиёбонини ҳам уларсиз тасаввур этиб бўлмас эди. Қорақалпоқ халқининг севимли ижодкори Тўлепберген Қаипбергеновга ҳайкал қўйилгани ҳам кўнгилдаги иш бўлди, деб ўйлайман. Зеро, қорақалпоқ адабиёти ҳам ўзбек адабиёти бағрида ардоқланаётган, бугунги куни, келажаги ёруғ адабиётдир.

Мен хизмат қиладиган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси мана шу Адиблар хиёбонининг ичида жойлашган. Ўтган улуғ ёзувчи ва шоирларимизнинг ҳайкаллари ҳазрати Алишер Навоий томон юзланган, рамзан буюк бобомизга эҳтиром ҳолатида. Адиблар хиёбони баҳордан куч олган яшил дарахтлар қуршовида янада чиройли кўринади.

Хиёбонда ўзбек адабиётининг савлати ва иқтидори барқ уриб турибди. Шу кунга етганимизга шукр.

Рисолат ҲАЙДАРОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси