« Back

Илм-фан ҳомийси 22.05.2020 14:10

Мирзо Улуғбек – буюк темурийзода

Соҳибқирон Амир Темурнинг севимли набираларидан бири Мирзо Улуғбек 1409-1449 йиллар Самарқандда ҳукмронлик қилди. Иқтидорли давлат арбоби риёзиёт, фалакиёт, мусиқашунослик ва тарих илмлари соҳасида қалам тебратган темурийзода Улуғбек даврида XV асрда  Самарқанд Шарқнинг энг гуллаган маданият ўчоғига айланди.

photo_2020-05-22_14-12-50 Мирзо Улуғбек ўз салтанатининг йирик шаҳарларида Бухоро (1417), Самарқанд (1417-1420) ва Ғиждувонда (1433)  мадрасалар  қурдирди. У ўз фаолиятини асосан илм-маърифат йўлига сарфлади. Самарқанднинг Регистон майдонида жойлашган мадрасанинг қуёшли ва жанубий томонларига Мирзо Улуғбек масжидлар, Мирзойи карвонсаройи  ва Мирзойи ҳаммом ҳам қурдирди. Бу ҳақида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асарида қуйидагича таъриф берилган: “Мирзо Улуғбек мадраса яқинида яна битта ҳаммом қурдирди. Мирзойи номи билан машҳур бу ҳаммом турли юқори сифатли плиталар билан қопланган. Бутун Хуросон ва Самарқандда бундай ажойиб ҳаммом бўлмаган”. Энг катта карвонсарой Мирзойи  бўлиб, ҳозирги Тиллақори мадрасаси жойида бунёд этилган эди. Бу бинолардан бизгача мадраса сақланиб қолинган. Мадрасанинг жануб томонидаги масжид муқаттаъ деб ном олган. Бундай номланишига сабаб, унинг ўймакор безакли тўсинлари ислимий ва хитоий  классик услубида бажарилганлигидадир.

20160119_155720 Темурийлар даврида  астрономия ва математика соҳасида эришилган буюк муваффақиятлар биринчи навбатда Улуғбек номи билан боғлиқдир. Унинг замонида қурилган биноларнинг энг улуғи расадхонадир. XV асрда Мирзо Улуғбек астрономик доимийликлар миқдорини янада аниқлаштириш, самовий ёритгичларнинг ўрнини аниқ ўлчаш масаласини ўзига мақсад қилиб олди. Бу вазифани уддасидинан чиқиш учун йирик расадхона қуриб, ноёб, энг мукаммал астрономик жиҳоз Қўшёйли деворий квадрант ихтиро қилди. Расадхона билан мадрасанинг биргаликдаги фаолияти Улуғбек илмий мактабида астрономия ва математикани ўрта асрлар давридаги энг юқори поғонага кўтарди. Расадхона Самарқанд шимолида Обираҳмат ариғи бўйидаги Кўҳак тепалиги бағрига қурилди. Расадхона ички кўриниши жуда гўзал бўлган. Бу нодир обиданинг ички қисмини Абдураззоқ Самарқандий шундай тасвирлайди: “Бинонинг ички қисми жаҳонда тенги йўқ ранг-баранг нақшлар билан безатилиб, девор ва шифтларида осмон градус (даражалари), дақиқалари ва ҳатто сонияларигача ҳисобланиб, етти сайёра ҳамда “ҳаракатсиз” юлдузлар, шунингдек, ер қирраси, етти иқлим, тоғу саҳролар ва дарёю денгизлар ҳамда уммонларгача тасвирланган”. Афсуски, бугунги кунга қадар бино тўлиқ ҳолда сақланмаган, XVII асрда у батамом ном –нишонсиз ҳолда эди. Бироқ, самарқандлик археолог, шарқ тиллари билимдони Василий Лаврентевич Вяткиннинг узоқ йиллик самарали меҳнати зое кетмади, 1908 йили Улуғбек расадхонасининг ер ости қолдиқ қисмлари топилди.

Буюк олим кўп вақтини давлат ишлари, расадхонадаги кузатишлар ва мадрасадаги дарсларга бағишлаган. Бундан ташқари, илмий ишларга ҳам раҳбарлик қилган. Шу сабабли, унинг қаламига мансуб илмий асарлар тўртта бўлиб, уларнинг энг асосийси жаҳон кутубхоналаридан ўрин олган “Зижи Улуғбек”, “Зижи жадиди Кўрагоний” асаридир. Улуғбек “Зиж”ида  VIII-IX  асрларда бошланган астрономик анъанани давом эттирган бўлсада, бироқ илмий поғонаси улардан анча устундир. XII-XIII асрнинг буюк олимлари асарларида, форс тили илмий тил эди. Мирзо Улуғбек даврига келиб, бу тил асосий илмий тилга айланди. Шу боис Улуғбекнинг “Зиж”и форс тилида ёзилган. Бу улуғ инсоннинг жаҳонга машҳур шоҳ асари, Самарқанд расадхонасининг кўп йиллик самарали маҳсули 1437 йилда ёзилди. Асар жами 430 саҳифадан иборат. “Зиж”нинг биринчи китоби етти боб бўлиб, эралар ва календарлар масаласига, иккинчи китоб йигирма икки боб бўлиб, математика ва сферик астрономия масалаларига, учинчи китоб ўн уч бобдан иборат бўлиб, фақат астрономия масалаларига, охирги тўртинчи китоб икки бобдан иборат бўлиб, у асосан илми нужумга бағишланган. “Зиж”нинг юлдузлар жадвалидан 1018 та юлдуз ўрин олган. Улуғбекнинг бу нодир асари бир қанча олимлар томонидан шарҳланган ва таржима қилинган. “Зиж”ни биринчи бўлиб олимнинг шогирди Али Қушчи Туркияда шарҳлаган ҳамда тарғиб қилган бўлса, ундан кейингилари Мирим Чалабий ва Ҳусайн Биржандий томонидан бажарилган. Ҳозирги кунда “Зиж”нинг бир қанча тиллардаги таржималари жаҳоннинг турли музей ва фондларида сақланмоқда. Сабаби XVII асрдаёқ асар ғарб мамлакатлари олимларининг назаридан четда қолмади. “Зиж”ни илк бор Оксфорд университетининг астроном профессори  Жон Гривс 1648 йили Англияда лотин тилида нашр қилди. Бундан кейин ҳам нашр ишлари англиялик шарқшунос ва таржимон Т.Хайд (1665), француз шарқшуноси Л.А.Седийо (1839), АҚШда Э.Б.Нобл (1917) ва бошқа кўпгина олимлар томонидан бажарилди. XVII аср ўрталарида буюк поляк астрономи Ян Гевелий “Зиж”даги юлдузлар каталогини ўз китобига киритган. Мазкур китоб 1690 йили Польшада нашр этилиб, астроном олимларнинг диққатига сазовор бўлди. Ян Гевелийнинг китобига гравюралар ишланган бўлиб, улардан иккитасида Мирзо Улуғбек турли даврда яшаб ўтган жаҳондаги буюк астрономлар қаторида тасвирланган.

Ғазал мулкининг сутони ҳазрати Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонида Мирзо Улуғбек ҳақида гўзал мисралар ўрин олган:

Темурхон наслидин султон Улуғбек,
Ки олам кўрмади султон анингдек.
Анинг абнойи жинси бўлди барбод,
Ки давр аҳли биридин айламас ёд.
Ва лек, ул илм сори топти чун даст,
Кўзи олинда бўлди осмон паст.
Расадким боғламиш – зеби жаҳондир,
Жаҳон ичра яна бир осмондур.
Билиб бу нав илми осмоний,
Ки андин ёзди “Зижи Кўрагоний”.
Қиёматга дегинча аҳли айём,
Ёзарлар онинг аҳкомидин аҳком.

Копия-Музей-экспозиция-заллари Мирзо Улуғбек нафақат илм-фан соҳиби, балки қобилиятли молиячи ҳам бўлган. Бобоси Амир Темур даврида йўлга қўйилган пул ва молия сиёсатини давом эттирди. 1428 йили Улуғбек пул муомиласини тартибга солган чуқур ислоҳот ўтказди. Улуғбек бобосининг ишларининг давомчиси бўлиб, савдо-сотиқни ривожлантириш ва унинг учун шароитлар яратиб бериш салтанат ривожининг энг муҳим босқичларидан бири эканлигини тушунар эди. У зарб эттирган тангалар XVI асргача муомалада бўлган. Бу улуғ, серқирра сиймо нафақат ўзбек халқи, балки жаҳон тарихида ўчмас из қолдирди.

Темурийлар тарихи давлат музейининг экспозиция залларида Мирзо Улуғбекнинг ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ бир қанча экспонатлар намойиш этилган. Музейга ташриф буюрган томошабинлар ўзбек халқининг буюк илм-фан даҳоси бошчилигида бунёд этилган муҳташам бинолар, унинг фалакиёт фанида эришган улкан ютуқлари тарихи, ҳукмдор даврида зарб қилинган асл тангалар билан яқиндан танишишга муваффақ бўладилар.

Д.АЗИЗОВА, 
ЎзР ФА Темурийлар тарихи давлат музейи “Экскурсиялар” бўлими мудири