« Back

Ижод олами 04.06.2020 13:28

«Чумолиларга бувим ҳақида гапириб бердим...»

Қисқагина матнга олам-олам маъно жойлаш мумкин. Истеъдод деб шуни айтамиз. Маҳорат деганлари ҳам худди шунинг ўзгинаси.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, таниқли адиб Эркин Малик ижодида бундай ҳикоялар жуда кўп. Шунинг учун бўлса керак, ёзувчи нафақат китобхонлар даврасида, балки «виртуал оламда» ҳам машҳур.

Адибнинг шундай ҳикояларидан бири «Чумолининг ини» деб номланади. Ўқисангиз, жимиттайгина асар. Шунга қарамай, ичида бир дунё ҳикмат бор.

Хуллас, қиш кунларида ўтинга қийналиб қолган, чойни ҳам похолу ғўзапоя ёқиб, қумғонда қайнатадагиган ҳовлида кекса дардманд бувининг кўнгли самоварчой тусаб қолади. Ҳаммаёқ қор, аксига олиб, уйда тирноқдек тараша ҳам бўлмайди. Воқеадан хабардор ён қўшни каттагина бир тўнкани чиқариб беради. Буни эшитиб, буви ётган жойида уни роса дуо қилади. Набира шошиб чопқи билан тўнкани кертишга тушади.

Тўнкага чумоли ин қурган экан. Икки-учтаси оппоқ қор устига думалаб тушади. Уларнинг ўлик-тириклиги сезилмас, қишки уйқуда бўлса керак. Набиранинг қўли ишга бормай қолади. Кириб бувисига айтади:

— Ҳай-ҳай, — дейди буви ётган жойида бир аҳволга тушиб, — самоварчой ичмай мен ўлай, тўнкани тек қўй, баҳоргача қимирлатманглар, чумолининг ини бузилмасин-а.

«Бу гапдан севиниб кетдим. Баҳор келди. Чумолилар тўнка ичидан чиқиб, аста-секин ҳар тарафга ўрлаб кетишди. Аммо бу пайтда бувимлар оламдан ўтган эдилар. Мен чумолиларга бувим ҳақида гапириб бердим...»

Эркин Маликнинг «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси томонидан чоп этилган «Танланган асарлар»ида ана шундай мўъжаз ҳикоялар жамланган. Уларни ўқиган ўқувчи яхшиликнинг тотини, олижанобликнинг тароватини, меҳрнинг лаззатини, иймоннинг саодатини, виждоннинг ҳаловатини, саховатнинг нурини ҳис қилади.

ЎзА