« Back

Қарор ва ижро 30.05.2020 12:43

Санъат аҳли учун янги нашр

Президентимизнинг 2020 йил 21 апрелдаги “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори миллий санъатимиз ривожи йўлида янги даврни бошлаб берди.

Бу қарор ижроси доирасида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти жамоаси “Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ахборотномаси” илмий-амалий журналини нашр этди.

Юртимиз илмий-маърифий жамоатчилиги, санъат, маданият соҳаси вакиллари, санъат ихлосмандлари учун ўзига хос янгилик бўлган журналнинг илк сони институт ректори Н.Сайфуллаев ва Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуриддиновнинг сўз боши руҳидаги мақолалари билан очилади.

Бадиий академия бош илмий котиби Ф.Обиджонованинг “Руҳий таҳлил эстетикасида ижодкор ва онгланмаганлик муаммоси” сарлавҳали мақоласида ижодкорнинг мураккаб руҳияти билан боғлиқ илоҳий жараённинг бир маромга эга бўлмаган, такрорланмайдиган жиҳатлари илмий изоҳланган.

Ўзбекистон тарихи давлат тарихи музейи директори Ж.Исмоилова мақоласида эса музейлар фаолиятини ривожлантиришга доир хориж тажрибасидан жуда муҳим ва қизиқарли маълумотлар ўрин олган. Бу тажрибани Ўзбекистон музейларида ҳам қўллаш мумкинлиги айтилган.

Агар бизнинг заминда чой маданиятининг пайдо бўлиш тарихи, хусусиятлари ҳақида ва Москвадаги Шарқ халқлари давлат музейида сақланаётган Ўзбекистон маданияти тарихига оид ашёлар, шунингдек, чой маданияти билан боғлиқ шаҳарларимизда яратилган ноёб буюмлар ва уларнинг илмий тавсифлари ҳақида қизиқ маълумотларни билмоқчи бўлсангиз Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази катта илмий ходими Д.Қурбонованинг “Москва шарқ халқлари давлат музейидаги чой маданияти билан боғлиқ ашёларнинг хусусиятлари ҳақида” сарлавҳали мақоласини ўқинг.

Шунингдек, журналда ёш олимларнинг соҳага доир бир қатор қизиқарли мақолаларини ҳам ўқиш мумкин.

Бир сўз билан айтганда, мазкур янги журнал тасвирий ва амалий санъат, дизайн соҳалари, санъатшунослик, музейшунослик, ижтимоий-гуманитар фанлардаги янги илмий-назарий ёндашувларни ўзида мужассам этган илмий мақолалар, таҳлилий материаллар, ахборотлар ва оммабоп маълумотлар бериб борилиши билан диққатга сазовор.

Журнал ҳар чоракда бир марта нашр этилади.

ЎзА