« Back

Қатралар 18.05.2020 10:59

БОЛАЛИК КУНЛАРИМДА...

Ҳар кўклам она-бола ўртасида “ер масаласи” бошланади!

– Менга ҳар йилги жойимни қолдирдингми? Агар бошқа нарса эксанг, билиб қўй, юлиб ташлайман!

– Она айтган жойларингизни жўякларим ноқулай тушса ҳам қолдирдим. Лекин шунча ер сизга нега керак, тушунмайман? Ундан кўра тирикчиликка ярайдиган бирор нарса эксак бўлмайдими?

– Йўқ! – қайсар феълнинг қатъий овози янграйди.

– Ҳа, майли , билганингизни қилинг.

– Ҳа, хўп... (икки томон сир бермай, “келишув”дан кўнгли тўқ чиқди) қани, Озоджон, кетмончайни олиб келда, мен айтгандек қилиб, ерни чоп. Майдалаб, яхшилаб ишлов бер. Ер майин бўлсин! Сан Шер пақирни яримлатиб сув обке, тўлдирма, болам, оғира... Маҳлиё, қутимда оқ халтага тугилган уруғимни олиб чиқ!

– Хўп, ҳозир, – дея зувиллаб уйларига югураман.

– Чала туш бўп кетди, бўла қолинглар, болаларим.

Эсимизни танибмизки, ҳар баҳор шу ҳолатни кўрамиз. Кузда бувим ўз қўллари билан йиғиб олган тўқ уруғлар кафтдекина жойга сепилади. Салкам чорак аср шу ҳолатни гувоҳи бўлиб улғайдим. 100 билан юзлашиб қолган бувим, биз учирма бўлиб кетганимиздан кейин ҳам бу одатни канда қилмадилар. (Ўзлари ётиғлик бўлиб қолганларида ҳам, укаларим улғайиб, бувим бир жойда “ўтириб”  қолганларида ҳам, уларни кўтариб ҳовлига олиб чиқишар, бувим жой танлаганларидан кейин белгилаб берган жойларига кўнгилларидагидек қилиб уруғ сепиб беришар эди).

Ўсма, райҳон....

Кафтдек-кафтдек икки бўлак ерга райҳон ва ўсма экардилар! Келган меҳмонга кетар чоғи бир даста райҳон ва бир қўйим ўсма бериб юборардилар.

– Райҳон ва ўсма экиш савоб, булар жаннатдан чиққан. Райҳон жаннатни эслатади. Ўсма жаннатдаги дўстинг – қошингга сув ичиради, – дердилар.

Бувимни сўнгги йўлга ўзлари эккан райҳонлари ифорида кузатдик...

КИМДИР КЕЧАДА ҚОЛДИ, КИМДИР ЭРТАДА

– Майли кетинг, ортга қарамай кетинг!

Бардошим етмас сизни ожиз ва имконсиз кўришга... Мўлтираб,  иложсиз иккиланиш ичра туришингизни кўришга кучим етмас, тўкилиб кетаман... Керакмас, ҳеч керакмас, агарки бу пишмас савдо бўлса, сизки тўкилиб турсангиз...

Мани паҳлавоним, мани суянчим, ҳаммадан кучлигим, сўзи кескирим, алпқоматим, бир сўзлигим, мани бахту баҳорим, истамайман Сизни ожиз ва паришон кўришни... Сиз-а, сизгинани наҳот боши ҳам бўлиши мумкин, мани наздимда қўли узатган жойига етадиганим, мани ҲИМОЯчим, мани оғригим, ширин азобим...

Келбатли елкаларингиз ҳеч ҳам титрамасин... ҳеч ҳам юрагингиз, агар Аллоҳ йўлида севган бўлсангиз,  манингдек йиғламасин, мани деб йиғламасин...

Ман ҳануз ғойибона этакларингизда намоз ўқиб, дуои жонингизни қиламан, ман ҳар кеча сизни орзиқтирадиган сўзлар билан бағрингизда хаёлла эркаланаман, ман ўша  учиб қўниб, Сиз соғинган маҳал юрагингиздан қаршингизга чиқиб, мунтазир тураман, ман биттагина омонат жонимни мингга бўлиб, бу дунёи дунига сочилиб, зарралар бўлиб, қадамларингиз ортидан изларингизга чўмиламан, фақат Сиз ўша кундагидек иложсиз қолманг, йўқса, ҳеч қачон Ўзимни кечира олмайман.

Бу биргина жонимку, фидо бўлсин ҳар кун тонгда туғиладиган  соғинчларим   Сизга!

Фақат мани олдимда ожиз қолманг, ҳеч йўқса, ман кўрмай, билмай, сезмай Сизни иложсизлигингизни... бўлмаса дунё остин-устун бўлади. Ман исён қиламан, нега унда шундай ЭРКАКни ғариб яратдинг деб...

Майли, кўндим, ман кўндим айрилиққа... ихтиёрсиз борар манзилингизга меҳрим, севгимла  қучиб кузатиб қоламан.

Парвонадек ўзимни урдим оби-оташга... Сиз учун... Ўтди... ўтди кечаги кун.

Ортга қараманг! (Қарасангиз  мени кўриб қоласиз) Олдинга, олдинга юринг... иккиланманг, чекинманг, чўккаламанг. Мен орқада, орқангизда зор йиғлаб, зориллаб, Сизни чорлаб қолганим йўқ! Ишонинг ман олдиндаман, Сиз юрадиган йўл адоғи, манзилингиз... ҳаловат, ҳузур излаб борар беҳишт боғининг бир бўлаги бўлган тилсимли, ҳузурли, ҳаловатли, муҳаббатли гўша ичра Сизни олдинда кутаман.

Ҳаёт йўлида иккиланиб, ортга қайтиб, май ичра сароб оламга кириб кетишингизни истамайман! Асло ундай қилманг, агар шундай қилсангиз, мени сарҳушлик ичра  йўқотиб қуясиз. Тўкилиб қоласиз. Мен ҳар доим нур бўлиб олдинга юрганингиздагина ёнингизда бўламан, ўша ширин суҳбатларимизла, ҳаловатимизла, бахт қасримизда кутиб тураман ҳар он, ҳар нафасимда...унга етиш учун олдинга, олдинга юринг... Шунчалар гуноҳларим тўкилганидан ҳарир ва нафисманки, фақат бошингизни тик тутсангизгина мени кўрасиз, қатъият билан юрсангиз, ишонч билан тикилсангиз, донишмандлик аро салобат билан илдамласангизгина манзилга етасиз, бахтли бўласиз!

Ўтди... синови ўтди, ўтдик имтиҳонидан ҳаммамиз... фақат кимдир кечада қолди, кимдир эртада...

Маҳлиё МИРСОАТОВА