« Back

Китоб - билим манбаи 23.04.2020 13:47

Китоб ўқилмаса фикрлар хиралаша боради...

#Мен_китоб_мутолааси_билан_бандман #chellenj давом этади. Навбатдаги қатнашчи www.asaxiy.uz интернет-дўкони асосчиси Фируз Аллаев.

– Китоб ўқишнинг аҳамияти ҳақида кўп гапирилган. Китоб ўқиган инсоннинг дунёқараши ҳам, яшаш тарзи ҳам бошқаларга нисбатан анча яхши бўлишини биламиз. Шахсан ўзим китоб ўқимаган кунимни йўқотилган кун, деб ҳисоблайман. Агар бир ҳафта китоб ўқимай қўйсам, фикрларим хиралашаётганини ҳис қиламан. Китоб ўқиган сари одамда мантиқ ривожланиб боради, дунёни бошқача кўра бошлайди.

Шу учун ҳам ҳар куни 100 бет атрофида китоб ўқишга ўрганиб қолганман. Одатда тонгда бизнес ёки фаолиятимга оид китобларни ўқийман. Тушликдан кейин одамни мантиқан ўйлашга, фикрлашга мажбур қиладиган илмий ёки фалсафий китобларни ўқишга ҳаракат қиламан. Тунда бўлса мияга ором берадиган бадиий китоб мутолаа қиламан.

Ҳозирги кунда бизнес соҳасидаги китоблардан Кел Нюпортнинг “Диққат: Чалғитувчи дунёда муваффақият сирлари” китобини, шунингдек Нассим Талебнинг “Қора оққуш”, Ден Брауннинг “Ибтидо” ва Пауло Коэльонинг “Алиф” китобларини ўқияпман.

Айниқса, Кел Нюпортнинг китобини алоҳида эътироф этган бўлар эдим. Ижтимоий тармоқлар, турли мессенжерлар ривожланган сари одамларнинг диққати бўлиб, иш сифатида пасайиш сезилмоқда. Бу китобда профессор шу жараённи илмий томондан таҳлил қилади ва диққатни жамлаб ишлаш қанчалик муҳимлигини кўрсатиб беради.

ЎзА