« Back

КУН ТАРИХИДА... 02.05.2020 13:45

Темурийзода Ҳусайн Бойқаро ўз ўғлига қарши қилич кўтаришига нима сабаб бўлган эди?

ЎЗБЕКИСТОН ТАРИХИДА

1497 йил (бундан 523 йил олдин) – Хуросон ҳукмдори Султон Ҳусайн Бойқаро ва унинг тўнғич фарзанди Бадиуззамон мирзо ўртасидаги жангда ота ўғлининг қўшинини тор-мор келтирди. Бу жангга қуйидаги воқеа сабаб бўлганди. 1497 йил баҳорида Султон Ҳусайн Бойқаро Ҳисорга қарши юриш бошлайди. Султоннинг фармонига кўра, Астрободда ҳукмрон бўлиб турган Бадиуззамон ўз ўрнига 11 ёшли ўғли Муҳаммад Мўмин Мирзони қўйиб, ўзи отасининг қўшинига келиб қўшилади. Жанг тугагач, Султон Ҳусайн Бойқаро ўғли Бадиуззамон Мирзони Балх вилоятига, суюкли ўғли, тантиқ ва шуҳратпараст Музаффар Ҳусайн Мирзони эса Астрободга ҳоким қилиб тайинлайди.

Султоннинг бу фармони Бадиуззамон Мирзонинг ҳамиятига тегади. Чунки Астрободни ўғли Мўмин Мирзога инъом қилиш тараддудида эди. Бинобарин, Бадиуззамон ўз ўғлига Астрободни қўлдан бой бермаслик ҳақида хабар юборади. Бу можаро Султон Ҳусайн Бойқаро билан Бадиуззамон Мирзо орасида қонли тўқнашувга сабаб бўлади. Шу тариқа, 59 ёшли ота ўзининг 39 ёшли фарзандини енгади.

Айни вақтда Музаффар Ҳусайн Мирзонинг қўшини Астрободни забт этиб, Бадиуззамоннинг ўғли Муҳаммад Мўмин Мирзони асирга олади ва Ҳиротга келтириб, Ихтиёриддин қалъасига қамайди. Кўпдан бери қулай вазиятни кутиб ётган Хадича бегим (Музаффар Ҳусайн Мирзонинг онаси) Мурғоб ҳарбий ўрдагоҳида вазир Низом ул-Мулк иштирокида Султон Ҳусайн Бойқаронинг мастлигидан фойдаланиб, 11 яшар Муҳаммад Мўмин Мирзони зудлик билан қатл этиш ҳақидаги фармонга муҳр бостириб олади ва ҳукм ўша кечасиёқ ижро этилади.

1506 йил (бундан 514 йил олдин) – Султон Ҳусайн Бойқаронинг икки ўғли Бадиуззамон билан Музаффар Ҳусайн 2 май куни қўлларини Қуръони Каримга қўйиб, салтанатни бир-бирлари билан иноқ, аҳиллик ва ҳамжиҳатликда бошқариш, ўзаро зимдан адоват ва ҳусумат қилмасликка аркон-у давлат вакиллари олдида аҳд-у паймон қиладилар.

1904 йил (бундан 116 йил олдин) – ўзбек кинорежиссёри, тожик киносининг асосчиси, Ўзбекистон халқ артисти Комил Ёрматов таваллуд топди (вафоти – 1978 йил). 1947 йилдаги “Алишер Навоий” фильми режиссёрга катта шуҳрат келтирди. Унинг кўплаб фильмлари халқаро кинофестиваллар мукофотларини олган.

1921 йил (бундан 99 йил олдин) – Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Солиҳ Умаров дунёга келди (вафоти – 1995 йил). Унга Германиянинг Вилгельмштадт аҳоли пунктида кўрсатган жасорати учун 1945 йил 31 майда Қаҳрамон унвони берилган. Капитан Умаров Минск шаҳрининг фахрий фуқароси.

1935 йил (бундан 85 йил олдин) – Тошкентда жойлашган Оқтепа ГЭСнинг қурилиши бошланди. Бироқ Иккинчи жаҳон уруши бошланиши билан қурилиш вақтинча тўхтатиб қўйилди.

1942 йил (бундан 78 йил олдин) – кино рассоми, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Бахтиёр Назаров таваллуд топди. У “Сени кутамиз, йигит”, “Шум бола” ўзбек фильмлари, шунингдек, “Шаҳризоданинг сўнгги эртаги”, “Буюк Пётр” каби жаҳон фильмлари учун декорациялар яратган.

1996 йил (бундан 24 йил олдин) – Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси ташкил этилди.

1999 йил (бундан 21 йил олдин) – Тошкентда 1 май куни бошланган кураш бўйича биринчи жаҳон чемпионати ниҳоясига етди. Унда жаҳоннинг 48 та мамлакатидан спортчилар қатнашди. Бухоролик Акобир Қурбонов, Камол Муродов ва бошқа ўзбек курашчилари дастлабки жаҳон чемпионлари бўлишди.

ЖАҲОН ТАРИХИДА

1660 йил (бундан 360 йил олдин) – Неаполитан опера мактаби асосчиси Ал ессан дро Скарлатти таваллуд топди (вафоти – 1725 йил). Жами 130 га яқин опера, 600 дан зиёд диний ва дунёвий кантата ва бошқа асарлар яратган. Ўзининг бир қатор операларида шарқона мавзуларга мурожаат қилган. Хусусан, 1706 йилда Римда катта муваффақият билан саҳналаштирилган Амир Темурга оид асарлари билан мазкур анъананинг Италияда пухта ўрин олишига асос солган.

1895 йил (бундан 125 йил олдин) – немис ёзувчиси, публицист, таржимон ва жамоат арбоби Альфред Курелла таваллуд топди (вафоти – 1975 йил). У 1934–1954 йилларда Россияда яшаган. Фашизмни фош этиш Круелла ижодининг асосий мавзуси саналади. У Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонидан парча ва баъзи ғазал ҳамда рубоийларини немис тилига таржима қилган.

1945 йил (бундан 75 йил олдин) – Иккинчи жаҳон уруши даврида амалга оширилган энг йирик операциялардан бири – Берлин операциясида собиқ иттифоқ қўшинлари Берлинни тўлиқ эгаллади, Берлин горнизонининг омон қолган қисми таслим бўлди.

1955 йил (бундан 65 йил олдин) – Ҳиндистон парламенти каста (табақа) белгисига кўра ҳақ-ҳуқуқни чеклаб қўйишни тақиқловчи қонун чиқарди.

1975 йил (бундан 45 йил олдин) – инглиз футболчиси, яримҳимоячи Дэвид Бекхэм таваллуд топди. У 2011 йилда дунёнинг энг кўп ҳақ тўланадиган футболчиси деб тан олинган.

2005 йил (бундан 15 йил олдин) – Гондураснинг 2002–2006 йиллардаги Президенти Рикардо Мадуро самолёти техник носозлик сабаб ҳалокатга учради. Президент ва унинг ҳамроҳларига ҳеч қандай зиён етмади.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ