« Back

Муҳокама учун мавзу 05.05.2020 13:06

Карантинда ёзилган “карантин” қиссаси муҳокама этилди

Ёзувчи Рисолат Ҳайдарова “Карантин” қиссасини ёзиб тугатди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наср ижодий кенгаши “Ижодкорлар бўстони” телеграм гуруҳида бу қиссанинг муҳокамасини ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати хабар берди.

Асар нима ҳақида экани номидан маълум. Қиссада Тошкентдаги бир оила ҳаётида кечган воқеалар тасвирланади. Гарчи бу манзаралар бир оила ҳаётига оид бўлса ҳам, бугунги кунда Ўзбекистондаги барча оилалар турмушидаги воқеаларнинг тимсоли, дейиш мумкин. Адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдош муҳокамада таъкидлаганидек, карантин жазо эмас, балки синов, бўлганда ҳам ҳар бир одамнинг қанчалик даражадаги одамийлиги аниқланадиган синов.

Абдуқаюм ЙЎЛДОШ:

– Азалдан аён аксиома бор: тарихнинг бурилиш нуқталарида фавқулодда кўламдор асарлар пайдо бўлади. Бугун инсоният шундай бурилиш нуқтасида. Сабаб: коронавирус пандемияси... Асарда ўқувчига айтиладиган залворли гап бор. Яъни бу шиддатли даврда бир зум тўхтаб, атрофга қарайлик, чунки ҳаммамиз, бутун инсоният бир-бири билан боғланган бу дунёда.

Миразиз АЪЗАМ:

– Биз қисса саҳифаларида Ватан ва халқ тақдири ҳақида қайғурадиган кишилар галереяси билан, шунингдек, янги тартибларга кўниколмай жанжал кўтарувчи енгилтаклар билан ҳам танишамиз. Карантин муносабати билан одамлар сажиясида янги пайдо бўлган жасоратларга гувоҳ бўламиз.

Луқмон БЎРИХОН:

– Карантин қайсидир маънода ташқи чеклов бўлиши мумкин, аммо инсоннинг туйғуларига, шуурига тўсиқ қўя олмайди. Инсон мангу ташвишлари ичида ҳамиша ўзини излаб яшайди... Менимча, қиссанинг лейтмотиви, бош ғояси ва ютуғи шунда.

Баҳс-мунозара руҳида ўтган ушбу муҳокамада қиссада халқимизнинг маънавий қиёфасини кўрсатувчи чизгиларни янада кўпайтириш зарурлигига эътибор қаратилди. Бу борада Адҳамбек Алимбеков: “Балки вақти келиб асар бошқа тилларга таржима қилинар, шунда асарни ўқиган хорижлик ўзбекнинг кимлигини билиб қўйиши керак. Чунки бу тождор вирус балоси дунёда ҳаммага таниш бўлиб қолди. Мана шундай ҳолатда бу жараённи халқимиз бошидан қандай кечирганини тиниқ кўрсатиш адабиётимизнинг катта ютуғи бўлади”, дея таъкидлади.

Муҳокама жараёнида, шунингдек, қисса кўламини янада кенгайтириш, асар тилига кўпроқ жило бериш, қаҳрамонлар қиёфасидаги чизгиларни яна ҳам жонлантириш каби таклифлар билдирилди. Зеро, халқимиз ушбу синовли кунлардан қандай ўтгани, аввало, бадиий юксак асарларга муҳрланиб қолиши, авлодларимиз бундан ўзлари учун керакли хулосалар чиқариб олиши керак.

ЎзА