« Back

Мулоҳаза 17.07.2020 13:56

Пойтахтга яна нималардир етишмаётгандек...

Азим Тошкент кейинги йилларда чиндан-да кўркамлашиб бормоқда. У ҳақиқатдан ҳам жаҳон стандартларидаги кентга айланиб бормоқда. Яхши ишларни аҳоли қўллаб-қувватламоқда. Аммо назаримизда пойтахтга яна нималардир етишмаётгандек. Аслида ўша етишмаётган нарса илгари бор эди. Бу 1969 йилдан буюк мутафаккир Муҳаммад Хоразмий номи билан юритилиб келинаётган, машҳур 16, 18,19, 20-мавзелар, Хайриобод Эшон мақбараси, «Ботирма», «Меҳржон», «Кичик Ҳирмонтепа» маҳаллалари жойлашган ердаги катта майдонда Ал-Хоразмий даҳасининг бошланишида қад ростлаган Абу Жаъфар (Абу Абдуллоҳ) Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий (783-850)нинг улуғвор ҳайкалидир.

1980-1991 йилларда «Алгоритм» ОАЖ қурилиши муносабати билан унга яқин бўлган ҳудудда турар жой бинолари барпо этилди. Шу тариқа бу ерда машҳур Ал-Хоразмий даҳаси ва унга мос ҳайкал бунёд этилди. Аммо нима бўлди-ю, бу ердаги ҳайкал кейинчалик олиб ташланди. Майдон ҳам ғариб бўлиб қолди. Тўғри, Ал-Хоразмий номи кейинчалик Тошкентдаги Ахборот технологиялари университетига ва лицейга берилди. Лекин оммавийлиги борасида эски ҳайкалнинг ўрни ва майдони бошқача эди. Шуни қайта тикласак, йўқотган қадриятимизни топган бўламиз, деб ўйлайман.

Маълумки, Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий ҳиндий рақамлар асосида ҳамма учун қулай бўлган ҳозирги рақамларни ишлатишни йўлга қўйди. Ҳаммага ҳисоблашни ўргатди. Ўнли рақамлар тизимига асос солиниб, дунё математикасида туб бурилиш қилди. Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий ёзган китобларининг энг машҳурларидан «Ал-жабр вал-муқобала» бўлиб алгебра сўзи «ал-жабр»нинг европалашган талаффузидир. Бу китоб ўрта асрларда лотин тилига таржима қилиниб, Европада, кейинчалик бутун дунёда дарслик вазифасини ўтади.

Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмийнинг ҳисоб усулларини жамлаш, тақсимлаш, кўпайтириш, бўлиш ва каср чиқариш каби ҳисоб илмини баён қилувчи бошқа бир китоби ўн иккинчи асрда испан ва лотин тилларига таржима қилинган. 1143 йилда немис тилига таржима қилинган. Шундан бошлаб олмонлар Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмийни Алгорезимус деб атай бошлашган. Лотин тилида у киши шарафига шеърлар битишган. Олимнинг бошқа китоблари ҳам Европа тилларига таржима қилинган.

Манбалардан бирида германиялик олима Зигред Хунке хоним (Sigrid Hunke,1913-1999) Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий ҳақида шундай ёзади: "Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий Ғарбга фақат ададларни ва ҳисобнигина ўргатиб қолмади, балки турли математик масалаларни ечишни ҳам ўргатди. Ҳозиргача алгоритм ҳисоб қоидаси унинг номи билан аталади. Унинг Испания, Олмония ва Англиядаги ҳисоб услубини тарқатиш учун кураш олиб борган тарафдорлари хоразмийлар («алгоризимикер») номи билан аталадилар”.

Кейин Хунке хоним: "Лекин тарихнинг зеҳни паст бўлар экан. Ўн учинчи асрга келиб,одамлар «алгоритм» сўзининг аслини унутиб қўйдилар”, деб ёзди. Европадаги узундан-узоқ тортишувлардан кейин 1845 йили машҳур француз олими Рено бу сўз асли Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий эканлигини исботлаб масалани узил- кесил ҳал этди.

Бу фикрлар энди матбуотда ёритиляпти. Унгача Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий ҳақида умумий гаплар берилар эди, холос. Агар биз бутун дунё тан олган ватандошимиз фан ва цивилизация олдидаги хизматларини тан олиб унга муносиб бўлиб, Тошкентдаги асли жойидаги майдони обод қилсак ва салобатли ҳайкални тикласак, педагог-математиклар ва авлодлар учун бу айни муддао бўлар эди. Муҳаммад ибн Мусо ал- Хоразмий билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Бахтиёр Каримов,
Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси