« Back

Муносабат 11.05.2020 12:37

Бизга шундай фильмлар керак

“Илҳақ” фильми болалик йилларимдаги кўрган киноларимни хотирамда қайта жонлантирди. Болалиги ўтган асрнинг ўрталарига тўғри келган менинг тенгқурларим шу мавзудаги фильмларни кўриб улғайишган. Ҳозир ЎзТВнинг барча каналларини хориж ва миллий сентиментал сериаллар эгаллаб олганлигидан норозилар ҳам, асосан бизнинг ёшимиздагилар эканлигининг сабаби ҳам шундан.

Бизнинг давримизда энг қизиқ кино уруш ҳақидагилари эди. Телевизор ривожланмаган, интернет йўқ ўтган асрнинг ўрталарида қишлоққа кино келса, кўпчилик “Уруш ҳақида эканми?” деб сўрарди. Кинодаги воқеаларга тақлид “уруш-уруш” ўйнаб, қаҳрамонларга ҳавас билан улғайганмиз. Тезроқ улғайиб ҳарбий хизматга боришни интиқлик кутишларимизга ҳам кўрган жанговар фильмларимиз кўпроқ сабаб бўлган.

Тарихда воқеалар қандай юз берган бўлса, шундай ўрганилади. Ўзбек халқи учун ҳам собиқ Совет иттифоқи ягона Ватан бўлгани, иккинчи жаҳон урушида оталаримиз, боболаримиз ана шу иттифоқ таркибидаги Ўзбекистонни ҳимоя қилгани айни тарихий ҳақиқат. Президентимиз Буюк ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида халқимизнинг ғалабага қўшган ҳиссаси ҳали тўлиқ ўрганилмаганига тўхталиб, Ўзбекистондан 1 миллион 951 мингга яқин киши урушга сафарбар этилгани, урушда ҳалок бўлганлар илгари қайд этиб келинганидек 396 минг нафар эмас, аслида 538 мингдан зиёд бўлгани ҳақидаги янги маълумотларни келтириб ўтди. Бундан ташқари, урушда кўрсатган жасорати учун давлат мукофотларига сазавор бўлганлар ҳақида ҳам янги маълумотлар аниқланмоқда экан.

Ҳақиқатан, Ўзбекистоннинг иккинчи жаҳон урушидаги иштироки ҳали тарих китобларида ҳам, адабиётимизда, санъатимизда ҳам тўлиқ акс эттирилмаган мавзу. Шу ўринда Президентимизнинг таклифи билан Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги Хонобод қишлоғида беш ўғли урушда ҳалок бўлган Зулфия ая Зокирова оиласи ҳақида “Ўзбеккино” миллий агентлиги томонидан яратилган “Илҳақ” бадиий фильми бу ишда дастлабки муҳим қадам бўлди.

“Илҳак” фильмида халқимизнинг урушдаги иштироки ҳақидаги воқеани бадиий акс эттириш билан бугунги авлодга ватанпарварлик қандай бўлиши, унинг илдизи қаердан бошланиши кўрсатиб берилган. Буни жўнроқ қилиб айтганда, ушбу фильм урушга қарши ҳар қандай узундан узун маърузалардан, минглаб одамлар иштирокида ташкил этиладиган саҳна кўринишидаги тадбирлардан юз чандон фойдалироқ.

Бу фильмни катта ёшдаги авлод вакиллари айниқса, мамнуният билан қаршилади. Бироқ мавзу ҳар қанча қизиқарли, долзарб бўлишидан қаътий назар кинонинг муваффақияти унинг бадиий даражасига боғлиқ. Дунё киносининг ҳамма жанрларини аллақачон кўриб бўлган томошабинни, айниқса, ёшларни қизиқтирадиган кино яратиш осон эмас. Аниқ ҳаётий воқеа асосида халқимизнинг иккинчи жаҳон урушидаги иштирокини бадиий акс эттирган “Илҳақ” фильми ижодкорлари бу мураккаб вазифани муваффақиятли бажара олган.

Фильм сюжети аниқ воқеалар асосига қурилган, унинг қаҳрамонлари ҳаётда яшаб ўтган одамлар. Ҳаёт ҳақиқати фильмнинг бадиий талқинига маҳорат билан сингдириб юборилганки, кимдир буни уруш ҳақидаги ҳужжатли фильм сифатида, кимдир уруш ҳақидаги ҳаққоний бадиий асар сифатида қабул қилади. Аслида фильмнинг муваффақияти ҳам шунда: у кўпчилик томонидан катта қизиқиш билан томоша қилинди.

Фильм ижодкорлари бу муваффақиятга уруш даврида халқимиз бошига тушган қийинчиликларни, унинг қаҳрамони ҳаётини оддий ўзбек оиласи мисолида, ўша давр манзаралари тасвири, олисдаги дахшатли жанг тасвирлари, қаҳрамонларнинг характерларини тўлақонли ва катта маҳорат билан ўта ишончли акс эттириш билан эришган. Шу ўринда матонатли ўзбек аёли Зулфия ая Зокирова образини таниқли актриса Дилором Каримова катта маҳорат билан ифодалаб берганлиги кинонинг бадиий қийматини ошишида муҳим аҳамиятга эга бўлган.

Оғир уруш даврида ўғилларини урушга кузатиб, қора хат олган муштипар оналар бардоши, ёшгина тул келинчакларнинг адоқсиз ҳижрон азоби, инсоний, меҳри, вафо ва садоқат Ватанга муҳаббат билан муштарак туйғулар бир оила аъзолари ҳаёти мисолида актёрлар томонидан ишончли акс эттира олинган. Фильм фашизмнинг шафқатсиз башараси, шахсга сиғиниш даврининг иллатларни ҳам ўша даврга воқеалар орқали ҳаққоний очиб берибди.

Бу фикрлар оддий томошабиннинг дилидаги гаплар. “Илҳақ” фильмини тўлақонли баҳолаш киносанъаткор, соҳа мутахассисларининг иши албатта. Аммо ёшларимиз Ватанимиз тарихини, халқимизнинг оғир уруш йилларида ҳаётини, қаҳрамонликларини билишлари, уларда ватанпарварлик туйғуларини ўстириш учун шундай кино жуда ҳам зарур эди.

Иттифоқ парчаланиши билан собиқ тузумни оммавий танқид қилишга берилиш ортидан миллий манфаатимизга ёт қарашларни чеклаш давомида баъзи умуминсоний маънавият билан боғлиқ тарихий қадриятларга ҳам путур етказилди. Иккинчи жаҳон уруши ҳақидаги киноларнинг, ҳатто ўзбек халқи вакилларининг қаҳрамонлигини акс эттирган миллий фильмларнинг экранлардан йўқолиши ортидан уларнинг ўрни хорижнинг маиший, криминал мавзудаги олди-қочди сериаллари эгаллади. Бу айни маънавий тарғибот ишидаги бўшлиқни юзага келтирди.

Маънавий, маърифий тарбия соҳасидаги бу муаммо кун тартибига янги киноасарлар яратиш заруриятини аллақачон қўйган эди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан шундай зарур фильмнинг дастлабкиси яратилди. Энди томошабинлар киноижодкорлардан бу ўлмас мавзуда янги асарлар кутишга ҳақли. “Илҳақ” шу йўлдаги сўнги уриниш бўлмайди, деб умид қиламиз. Шунда, телеэканларимизда хориж серилларига эҳтиёж ҳам камайиши шубҳасиз.

Тошқул БЕКНАЗАРОВ, 
ЎзА