« Back

Муносабат 06.06.2020 12:51

Маданият соҳасида қандай янгиликлар кутилмоқда?

Маданият ва санъат бир-бирига умум ришталар билан мустаҳкамланган. Инсон ва жамият учун ҳадя бу икки тушунча ҳақида сўз очганимиз боиси, улар йиллар ва асрлар давомида бир бутун соҳага айланди. Бироқ, барча соҳаларда кузатилганидек, маданият ва санъат соҳаси ҳам турли кўринишдаги депсинишлар соясида қолди. Яширишга ҳожат йўқ, бу соялар таъсирида маданият ва санъат анча йўқотишлар ва таназзулга юз тутди. Бугун эса, у жамият ҳаётида янада мустаҳкамланди.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 26 майдаги «Маданият ва санъат соҳасини жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш тўғрисидаги чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори маданият ва санъат соҳаси вакилларининг кўп йиллик орзуларини юзага чиқарди, десак муболаға бўлмайди. Бу икки ҳужжат мазмунида маданият ва санъат ривожи учун кенг имкониятлар яратиш, соҳа аҳлининг меҳнатини қадрлаш, маданият ва санъат муассасаларининг шароитларини яхшилаш орқали халқимизнинг маданият ва санъатга баҳрамандлигини ошириш мақсади мужассам.

Айтиш жоизки, узоқ йиллардан бери ўзининг ечимини кутаётган оғриқли масалалар ўз ечимини тўлақонли топа олади. Айниқса, юқоридаги ҳужжатларнинг 2020-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъатни янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар дастурининг ижросини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар режаси билан мустаҳкамлангани маданият ва санъат соҳаси ҳамда унинг вакилларига катта имконият ва имтиёз бериш баробарида уларни кўпроқ меҳнат қилишга, соҳада ҳали очилмаган қирраларини ҳам намоён эта олишга ундайди.

Мазкур ҳужжатларда оқилона мақсадлар ўз ифодасини топган. 2021 йил 1 январдан бошлаб, республикамизнинг барча манзилларида ўтказиладиган давлат тадбирларининг календарь режаларини тасдиқлаш амалиёти жорий этилади. Концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш, лицензиатларнинг давлат реестрини юритиш, уларнинг фаолияти ва эришган натижалари ҳақидаги ахборотларни киритиб бориш концерт-томоша фаолияти иштирокчиларининг ягона онлайн портали орқали амалга оширилади. Яна бир муҳим жиҳат, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва бошқа давлат органлари томонидан давлат тадбирлари ва бошқа тадбирларга ижодкорлар ва ижрочиларнинг жамоатчилик асосида жалб қилинишига йўл қўйилмаслиги белгиланди.

Бундан ташқари, 2020-2021-ўқув йилидан бошлаб, барча турдаги таълим муассасаларида ноталар ва мусиқа тўпламлари, махсус адабиётлар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан чоп этилиши ва уларни етказиб бериш тизими йўлга қўйилади. Ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва ахборот-мультимедиа маркази давлат муассасаси – продюсерлик маркази иш бошлайди. Бугун ёшларимиз миллий санъатимиздан узоқлашмоқда, деган хавотирлар билдирилаётган айни пайтда. ҳужжатга мувофиқ Ўзбекистон давлат консерваториясининг ўзбек мақом санъати факультети ва Ўзбекистон санъати ва маданияти институтининг тегишли таълим йўналишлари, мутахассисликлари негизида Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ташкил этиладиган бўлди. Маълумки, инсон тафаккури ва дунёқарашининг шаклланишида театрнинг ўрни беқиёс. Ҳужжатларнинг кейинги бандларига эътибор қаратиладиган бўлса, нафақат, давлат театрлари, балки хусусий театрларни қўллаб-қувватлаш ва уларни ривожлантиришга ҳам катта йўл очилди. Бу, албатта, театрлар ўртасидаги рақобатбардошликни таъминлайди, янгидан-янги мукаммал асарларнинг яратилишига туртки бўлади.

Ҳужжатларда битилган шундай имтиёз ва имкониятлар ҳақида сўзлашни узоқ давом эттириш мумкин. Бир сўз билан айтганда, ҳужжатлар жамият ҳаёти учун муҳим қадам – санъат аҳлининг кўнглидаги иш ва айни муддао бўлди.

Ҳар икки йилда Халқаро театр фестивалини ўтказишни йўлга қўйилиш, Қўғирчоқ театрлари мавжуд бўлмаган вилоятларда Қўғирчоқ театри биноларини қуриш ва жиҳозлаш, республика Қўғирчоқ театрига Ўзбек миллий қўғирчоқ театри номини бериш,

Цирклар ва ҳайвонот боғларини қўллаб-қувватлаш, қадимдан ота мерос касб сифатида авлоддан-авлодга ўтиб келган дорбозлик санъати фаолиятдорлигини қайта тиклаш, уларга солиқ, ижара тўловлари каби масалаларда имтиёзлар бериш каби қатор чора-тадбирлар борки, булар маданият ва санъат соҳасида кескин бурилиши ясалишидан далолат.

Ҳужжат билан маданият марказлари, мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятининг қўллаб-қувватланиши ҳам белгилаб қўйилган.

Музейлар ва маданий бойликларни тадқиқ этиш фаолияти самарадорлигини ошириш, музейлар очиқ эшиклар кунини жорий этиш, улардаги экспонатларни асраб-авайлаш, ходимлар манфаатдорлигини ошириш, шунингдек, бу борадаги ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш сингари муҳим вазифаларни ҳам қамраб олган.

Ҳужжатга мувофиқ, маданият вазирлиги фаолияти тузилмаси такомиллаштирилмоқда. Унинг зиммасига аниқ вазифалар юкланмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини 2025 йилга қадар амалга оширишнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.

Кўриниб турибдики, Қарор ва Фармонда белгиланган вазифалар салмоғи кенг ва ғоят муҳим. Шу боис, ушбу ҳужжатлар маданий ҳаётимиздаги катта воқеа сифатида келгусида маданият ва санъатнинг халқимиз кундалик турмушидаги ўрни ва аҳамиятини оширишга хизмат қилади.

Ҳар қандай ҳолатга қарамай, маданият ва санъат аҳли ҳар доим эл хизматида бўлган. Лозим бўлса, узоқ йиллар давомида улар ўзи истамаса-да, мажбурийлик ва зиммасига юклаш орқали давлат ва жамоат тадбирларига елка тутиб келган. Театр вакиллари, ҳатто, «ўз кунингни ўзинг кўр» тамойилида ишлашган. Оладиган маошини ўзи ишлаб топган. Санъат, маданият соҳаси узоқ йиллар давомида шу кўйи қаддини тиклолмас даражада сустлашиб кетган. Оқибатда саёз асарлар, хўжакўрсин тарзидаги саҳна кўринишлари яратила бошланган ва бу аста-секин одамларнинг ҳам маданият ва санъат соҳасидан бир қадар йироқлашишига олиб келган. Бу икки ҳужжат эса ана шу букилган қадларни яна қайта тиклашга, маданият ва санъат соҳасининг юксак даражада расо бўлиши учун беқиёс аҳамият касб этади. Айниқса, бундан буён 15 апрелнинг – «Маданият ва санъат ходимлари куни» дея эътироф этилиши остида шу соҳа вакиллари учун буюк эътибор, эътирофдир.

Шу имкониятларга, эътибору эътирофга муносиб бўлиш учун эса фаолиятга илҳом ва шижоат билан ёндашиш, масъулиятни теран ҳис этиш – бу икки Ҳужжатни қўллаб-қувватлаш, демакдир. Йўқса, кўзланган мақсадларга эришиш қийин.

Жамол Носиров,
Ўзбекистон Маданият вазирининг биринчи ўринбосари

ЎзА