« Back

Мутолаа 12.06.2020 12:14

«Булбул қанотидаги битиклар»

Ҳар бир ёзишма тафсилоти маълум кечмишларда содир бўлган ҳаёт лавҳалари тасвири ва бу кечмиш инсон умри саҳифаларида битилган қадрли, ўчмас хотиралар маҳсули. Айнан, хотиралар жамланиб, варақлар тўлиб, мушоҳада оламига йўл олар экан, албатта, ўз ўқувчиси қалбига ором бахш этиши табиий. Жумладан, таниқли ёзувчи табиат муҳофазаси жонкўяри-эколог, этнограф, фольклоршунос, адабиётшунос Ғози Раҳмон қаламига мансуб «Булбул қанотидаги битиклар» ҳикоялар тўпламининг “OʼZBEKISTON” нашриёти томонидан чоп этилиши муаллифнинг китобхонга атаган бир ҳовуч жавоҳири, деб ҳисоблаш лозим.

Ғози Раҳмон битикларининг ўзига хос бадиий қиймати, ғоявий мазмуни ва услубининг эътирофга молик ижобий хислатлари қайси сифатлари билан улуғланади, дейилган саволга жавобан: таъкидлаш лозимки, аввало адибнинг феъл-атворида одамийлик фазилатларининг уйғунлиги, кейин эса унинг тоғ ён бағрида улғайиши,тоғнинг ўту ўланлари, гиёҳу жондорларини қалбан севиши, руҳан ҳис қилиши, тоғнинг ҳар бир сўқмоғию дараларини пой-пиёда кезиб, минг йиллар давомида тоғликлар томонидан тўқилган ва тилларда достон бўлиб келаётган афсона, ривоят, эртак, мақол, ўлан, айтишув ва достонларнинг сеҳрловчи жозибасини қалбида жойлаб, гулчамбарга ўраб, ўқувчисига тортиқ қилиши, сўнг бу манзил-маконда умр гузаронлик қилувчи эл турмуш тарзининг ўзгалардан ажралиб турувчи урф-одатларини, хусусан, ерли аҳоли сўзлашув тилининг бой лексик шева хусусиятини мукаммал эгаллаган билимдон филолог, манбашунос-этнограф мутахассис сифатида, сониани лму донишда болиғлиги, орифлиги ва тириклик гулшанида ўтган умр солномасида тўпланган ҳаётий таржибаларнинг бир бутун шарқироқ тоғ ирмоғига айланиб, ҳаёт дейилмиш наҳрнинг улкан уммонга бирлашишидан ҳосил бўлган савту наво ”Булбул қанотидаги битиклар”нинг таъсирчан руҳи ва баён услубининг жозибасини белгилавчи бетакрор гўзал воситалар ҳисобланади. Ҳақиқатда, ҳикоялар билан танишган ўқирман, танланган мавзунинг бадиий ифода қувватини оширишда адиб томонидан халқ оғзаки ижод намуналаридан ўринли, мақсадли, самарали фойдаланганлигининг гувоҳи бўлади. Айниқса, ҳикояларда халқ термалари, афоризмларнинг ишлатилиши матнни ёқимли, мароқли, равон, силлиқ ва бир маромда ўқилишида хизмат қилади. Руҳан таскин топган китобхон тилимизнинг латофатидан лаззатланиб ҳайратга тушиши аниқ.

Тўплам сирасига кирган йигирмага яқин ҳикоя, ўндан ортиқ сачратқи, бир неча бадиалар мавзу жиҳатдан ранг-баранг. Ҳар бир ҳикоянинг сюжет қурилмаси, ғоявий-эстетик йўналиши бевосита тоғнинг шукуҳли манзараси ва унинг атрофида яшовчи халқлар маданияти, тили, урф-одати, машғулоти ҳамда турмуш тарзининг бадиий баёни асосида шаклланган афсона, ривоятлар ва замон руҳи акс этган реал воқелик тасвири.

Жумладан, биринчи ҳикоя «Келинтош афсонаси»да воқеа турмуш қуриб, чўлга кўчиб келган тоғли Отамурод ва Сумбулларнинг «...ўйнаб-ўсган жойини бир умр қумсаб...» ҳар баҳорда бир оқшом Келинтошга келиб тунаш жараёнида кечган ички кечинмаларини муаллиф мозий билан боғлаб, тоғли халқлар азалдан тоғнинг сиру синоат ва ғаройиботларга тўла сирли макон санашиб, уни мардлик, жасорат, шижоат, поклик тушунчаси билан боғлаб, муқаддасота юртнинг виқори сифатида алқаб, ардоғлашлари тасвирга тортилади.

Яна бир ҳикоя «Раҳмон мерган» («Бобомнинг ҳикояси») номланиб, Бухорони ташлаб Афғонга қочган амирнинг хазиначиси Мўйдин маҳзум ва унинг одамлари қизил аскарлар таъқибидан яшириниб, Лангарга келиши баён қилинади. Ҳикоя қаҳрамони Раҳмон мерганнинг бошидан кечирганлари ўта табиий ва таъсирли тасвири билан ўқувчини ўзига мафтун этади.

Ғози Раҳмоннинг ҳар бир ҳикояси бир дунё, шунингдек, маърифий ибрат ва ҳикмат. Мавзулар тубдан бир-биридан фарқ қилади. Масалан, «Энабулоқ»деб номланган ҳикоя сюжети ўта жиддий ҳаётий воқеалар ҳамда изтироб тўла кўйинчаклик билан баён этилган лавҳалар асосида яратилган. Ҳикоя баёнида чинор минг ёшга тўлса ўз-ўзидан ўт чиқиши, катта қишлоққа бошдан-оёқ сув берадиган Энабулоқ бўйидаги чинор ярим тунда баданидан ўт чиқиб, уч кеча-кундуз ловуллаб ёниши, чинорни ким эккани номаълумлиги, узум пишиғида қишлоқнинг кўзга кўринган икки муаллими ва бир раҳбар кайвонисини «халқ душмани»деб бедарак кетгани, куйган чинор болалаб, ундан еттита шох ўниб, уйга устун бўлгудай бир қучоқ бўлиб тўлишгани ҳақида сўз боради. Муаллиф бу мушаҳода орқали йиллар ўтиб, замонлар ўзгарганини назарга тутади. Зукколик билан ўқувчини тафаккур дунёсига олиб киради. Халқимиз қисмати битилган саҳифаларни варақлайди. Чинор миллатимизнинг рамзи, яъни ўзбек қадимий халқ дегани. Мустабидлар давронида не-не улуғларимизнинг бедарак, изсиз кетиши, куйган чинор (қатағонга ишора)дан етти шох ўниб, вояга етиши, яъни ўзбекнинг қудратли мустақил миллатга айланиши ўта ҳаяжонли нозик ички сезимлар қобуғида изҳор қилинади.

Китобдаги ҳар бир ҳикоянинг ғоявий-бадиий қурилишида шукуҳли тоғ нафаси ва ҳаёт гулшанидан таркиб топган сиру асрорга тўла мароқли, сурурли лавҳаларнинг айнан ўз жисмида акс этиши, шунингдек, ибратли хулосалар чиқарилиши, адибнинг етук, жонкуяр эколог, юртнинг тошу тупроғини ардоғлаб, васфини оламга тараннум этган табиат куйчиси сифатида, иккинчидан, ёзувчига хос бўлган маҳоратнинг ўзгача яна бир жиҳати ҳикоялар тасвирида қўлланган бадиий воситалар хусусида алоҳида сўз юритиш жоиз.

Шу нуқтаи назардан ўзгача тасвир воситалари ҳисобланган ҳолатларни қуйидаги тартибда рақамларга ажратиш лозим:

а) бадиий эстетик тасвир воситаларини ифода этувчи сўзлар: заҳар қалампирдай қип-қизил бўлиб юрадиган биринчи секретарь; кувида пишган айрондай кўпириб; умид оти анча толган; оҳунинг қулоқчаларидай дикрайиб турган кийик ўт; қулоқ топса оғзи кўпириб мақтанадиган эзма чол; чўлиқ серка эса билқиллаб семирди, туёғи тошни кемирди; зиғир гулидай кўк кўзлар; иссиқхонада очирилган жўжа на ”ту-ту”ни, на «кишт»ни билмагани каби; барг эмас, нақ бодомқовоқ қизнинг қайрилма киприклари устига қўнган ниначи қанотидай; никоҳ тўйидан кейин тўйинган келинчак; от ўрнига олов миниб юришни ўзи бўлмади(уруш маъносида);

б) мақоллар, афоризмлар: ўғил ўнга кирди, ота сонга кирди; мардумнинг рўзғори тинч бўлмаса, кўнгли тўлмас; пулу мол ўликкаям, тириккаям керак, тирик бўлсанг боқади, ўлик бўлсанг кўмади; биз қаернинг дони кўп бўлса, ўша ернинг чумчуғи; моли тўқнинг, кўнгли тўқ; ернинг нами намга улашади; ота соқоли иягига битса ҳам невара, бари бир невара; кампир шафтоли қоқи егунча; ҳимматли қулга нур ёғар; пўпи сочи ҳилпиллади, ота соқоли силкилади; бўри бўлсанг ғингшима; сабрнинг сиртига қаноатнинг қанотига ўтириб; йўлни уриб, хайр қил; бир таёқ бахт, бир таёқ бадбахт; пойгакдан топилса тўрга ўтма; ҳаром луқма-ҳаром тарбиялаб, урчитиб беради;ўпган-қучган, ҳавога учган; қўлтуғимдан туққанман; офатни отини тутма, қулоғи кўринади; ичингга дон кирди, танангга жон кирди; зўр келса момонг ўйнар; гуноҳкорнинг боши эгик;

в) гиёҳ ва ўсимликлар номини англатувчи сўзлар: равоч, андиз, кийикўт, алқор, дубулға дарахти, янтоқ, оққуврай, садақайрағоч, садарайҳон, жанбил, тўдана, сумбулсоч ва ҳ.г) этнонимлар бу ўз навбатида: жой номлари, тоғ жинслари номи,космологик номлар, миф ва асотирга оид номлар: келинтош, мансоф дараси, қоразов, охурлик дара, қоровултепа, ёмонсой ва ҳ. д) чорвачиликка оид номлар: тулпор, от, йўрға, така, серка, оқбўз(бу соҳага оид атама ва сўзлар кўп ишлатилган);

е) парда ва дарранда оид номлар матнларда турли вариантда қўлланган,

ж) деалектал-шевага хос сўзлар ва бир қатор бошқа соҳага тааллуқли сўз-номлар: лахча чўғ, самбит, қулчуммоқ (вақт, ҳисоб маъносида), чошкайлик, керага, ярғоқ калла, куйик, дилбузар, шалпинчоғ, қасава, ўмган, якка чирги, сирқинди, шардоз, сириғ, луғур, ирғай, жўржи вашу каби ҳикоялар тасвирида қўлланган афоризмлар, мақоллар, этнонимлар, турғун бирикмаларни англатувчи сўзларни саралаб, гуруҳларга ажратилса, Чироқчи тилининг деалектал лексик хусусиятини белгиловчи шева луғатини тузиш учун ёрдамчи манба бўлишга лойиқ ушбу тўплам.

Ғаройиб мўъжизалар макони саналмиш Қалқама тоғлари таъриф-тавсифи ҳамда ўтмиш ва замон руҳи акс этган воқеаларнинг ранг-баранг жозибали тасвиридан ҳосил бўлган латофатли, мафтункор лавҳалар баёни муаллифнинг эстетик олами, мушоҳада қуввати, ифода усули, маҳотатининг даражасидан далолат беради ва тўплам маромига етказилган бадиий асар сифатида эътирофга молик. Ғози Раҳмон тиниқ сўзи, мусаффо қалби билан бизни шод этиб, дўстлар даврасини тарк этди. Охирати обод бўлсин.

И.НОСИРОВ,
филология фанлари номзоди, доцент

ЎзА