« Back

Мутолаа завқи 08.06.2020 13:44

ВАТАННИ ТАШЛАБ БЎЛМАЙДИ

Она юртга муҳаббат қўйиш инсонгагина хос фазилат. Бадиий адабиёт вужудга келгандан бери кишининг она юртига, туғилиб ўсган Ватанига бўлган меҳр туйғуси тараннум этилган миллионлаб асарлар яратилди. Аммо яқинда ўзим мутолаа қилган Ўткир Ҳошимовнинг “Муҳаббат” ҳикоясида Ватан мавзуини буткул янги кўринишда кашф этдим.

Ҳикоянинг номи “Муҳаббат” деб номланса-да, адибнинг мақсади фақат муҳаббат туйғусини тасвирлаш бўлмаган. Ҳикояда, аввало, муҳаббат баҳонасида инсоний ўзлик масаласи, инсоннинг ўз қадр-қимматини йўқотиб қўймаслиги шарти ҳақидаги мушоҳадалар ўртага ташланади. Шунингдек, киши ғурурини ҳамма нарсадан устун қўйиши кераклиги, ирода, сабот, эзгуликка садоқат, кишидан кўрган яхшиликни унутмаслик каби масалалар ҳам бадиий муаммо тарзида тасвирланади. Аммо санаб ўтилганларнинг бирортаси ҳикоядаги Ватанга бўлган муҳаббат тасвиричалик таъсирчан эмас.

Бош қаҳрамон Тиркашнинг келиб чиқиши ҳақида алоҳида қисм бор. Эътибор берсак, муаллиф бу тасвир билан Тиркашнинг Қосим ота тарбиясига тушиб қолиш тарихинигина ёритмайди. Балки унинг аслида кўчманчи элат фарзанди эканлигини ўқувчига айтади.

Кўчманчи элатлар ҳамиша оташин ишқ туйғусига лиммо-лим қалб эгалари сифатида тасвирланган. “Кай ва Герда” эртагидаги Куз маликаси ва у мансуб бўлган лўлилар қавмини ёдга олиш кифоя: шўх улус, ярим тунга қадар чилдирма чалиб қилинадиган базмлар, рақсга тушиб қўшиқ айтишлар, дунё ташвишларига заррача бепарво, ҳавойи элат кўз олдимизга келади. Тиркаш ҳам худди шундай халқ фарзанди. Бир нигоҳда севиб қолиш, ишқ оташи алангаланишидаги кескинлик, муҳаббатининг тизгинсизлиги унинг томирида оқаётган қонга ишора бўлса ажаб эмас. Ахир Тиркаш кўчманчи лўли қиз Дилорни мажнунларча севиб қолмадими? Қадрдон далалари, унга меҳр кўрсатган одамларни ташлаб Дилорнинг ортидан эргашиб кетишга ҳам тайёр бўлиши унинг аслиятидан дарак бераётгандек.

Аммо…

Тиркашни ўзбек деҳқони – Қосим ота тарбиялаган. У йиллар давомида ўзбеклар орасида ўзбекона яшаган. Зеро, Тиркашнинг ўзи ҳам ўзлигини Тентаксойлик ўзбек ҳисоблайди. Ҳикоянинг бир ўрнида шундай лавҳа бор:

“У роҳат қилиб ётганида пастдан машинанинг бўғиқ овози эшитилар, кабина эшиги тарақлаб очиларди.

– Ухлаб қолдингми, ҳой!

Тиркаш шофёрларнинг қўполлигига парво қилмас, ўзини шу қишлоқнинг бир ўзбеги, бир фарзанди ҳисобларди”.

Шунинг учун ҳам, у қишлоқдан тобора узоқлашар экан, унинг юрагини изтироб кемиради. Тентаксойдан узоқлашгани сари қадамининг секинлашиб бориши ҳам, қилаётган ишини гуноҳ деб ҳисоблай бошлаши ҳам, кенг далада чанг-тўзон кўтариб ортга қайтаётган қорамоллар подасини кўрганда кўз ўнгининг қоронғулашиб кетиши ҳам ундаги қандайдир тушунарсиз туйғуларнинг безовталана бошлаганидан далолатдир. Оқибат суюклиси ҳам кўзига кўринмай қолади. Айниқса, Дилорнинг сўнгги сўзлари қаттиқ ботади ва шартта ортига қайтади.

Келинг ўша нуқтани эслайлик:

“Тиркаш қишлоқдан чиқиб кетаётганида ҳозиргидек кўнгли ғаш бўлишини ўйламаганди… У Дилорни энди ўзиники деб ўйлар, шу қиз учун дунёнинг нариги чеккасигача боришга ҳам тайёр эди. Лекин қишлоқдан узоқлашган сайин унинг қадами секинлашар, ўзи қилаётган гуноҳини энди тушунаётгандек бўларди. Гўё кимдир кўзга кўринмас нозик, жуда нозик иплар билан уни Тентаксойга боғлаб қўйган-у, бу иплар борган сайин таранг тортилар, яна бир қадам юрса, узилиб кетаётгандай бўларди… Тиркаш тағин бурилиб орқага қаради. Пастда қишлоқни тасмадай ўраб олган сой ялтираб кўринар, аммо уйлар кўзга ташланмас, қуюқ дарахтзор устига оқшом шарпаси қўнганди. Узоқда – катта йўл устида қуюқ чанг кўринди.

– Пода қайтяпти, – пичирлади у. Бирдан кўз ўнги қоронғулашиб, хотиралар қуюнидан боши айланиб кетди”.

Хўш, Тиркашнинг юрагида уйғонган ғашлик, хотиралар қуюнини уйғотган куч нима эди? Мана шу ўринда муаллифнинг ҳикоядан кўзлаган асл мақсади юзага чиққан, менимча. Чунки, Дилордан фарқли ўлароқ, Тиркашнинг юрагида Ватан туйғуси бор! Тентаксойни ташлаб кетаётганида дилида ғашлик уйғотган ана шу туйғу эди. У шундай қудратлики, Тиркаш ўзи ташлаб кетмоқчи бўлаётган ВАТАНнинг ҳатто подасини ўйлаганда ҳам юрагини ваҳм босади!

Тиркашнинг Дилорга ўтиниб айтган сўзларини эсланг:

– Қишлоққа қайтамиз! – Тиркаш жуда муҳим, азиз бир нарсани тушунтирмоқчи бўлгандай, қизнинг елкаларидан ушлаб, ўтинч билан силай бошлади. – Илтимос, Дилор, йўқ демагин! Кетишимиздан нима фойда, қаёққа борамиз? Жон Дилор, хўп дегин, – у қизни бағрига босиб, шивирлай бошлади: – Тентаксойга қайтамиз. У ерда менинг отам, ўртоқларим, тракторим бор, биласанми, – у негадир бўғилиб кетди. Томоғига тиқилиб қолган илиқ бир нарсани ютиб, аранг шивирлади, – биласанми, Дилор, у ерда менинг... менинг Ватаним бор.

Севги соф, мусаффо ва илоҳий хилқат. Аммо дунёда инсон туйғулариданда юксакроқ тушунчалар ҳам бўлади. Киши ўз туйғуларига ўзлигини қурбон қилиши унчалар тўғри иш эмас. Муҳими, инсон ўзлигини унутмаслиги зарур. Тиркаш ўз иродасига таяниб мана шу ҳаёт мувозанатини бузмади. У ўзлигини сақлаб қолди. У энг сўнгги дақиқаларда битта ҳақиқатни англади: Ватанни ташлаб бўлмайди!

Демак, “Муҳаббат” ҳикоясида нафақат икки инсоннинг бир-бирига бўлган муҳаббати, балки, кишининг ўз Ватанига, туғилиб ўсган диёрига, туз ичган масканига бўлган муҳаббати ҳам тараннум этилган. Ҳикоянинг номи ҳам аслида Тиркаш ва Дилорнинг ўртасидаги севги-муҳаббатни эмас, Тиркашнинг Ватанга бўлган муҳаббатини назарда тутяпти.

“Муҳаббат” ҳикояси ўзининг юксак бадияти-ю, мисраларида яширин буюк ғояси билан мана эллик йилдирки, ҳамон ўқувчига инсоний туйғуларнинг илоҳийлиги, поклик, ҳаллоллик, вафо ва садоқат каби некбин туйғулар, ва албатта, Ватан туйғусининг муқаддаслиги ҳақида таълим бермоқда.

Нилуфар ОМОНОВА,
ЎзМУ талабаси