« Back

Нашр 09.05.2020 13:44

«Севги билан ғолибман ҳар он!» — Шароф Рашидовнинг шеърий китоби нашрдан чиқди

9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида эришилган буюк Ғалабанинг 75 йиллик шонли байрами арафасида маърифатпарвар халқимиз учун яна бир муносиб туҳфа тайёрланди. Ватанимиз ва халқимизнинг фидойи фарзанди, атоқли давлат ва жамоат арбоби, таниқли адиб Шароф Рашидовнинг «Севги билан ғолибман ҳар он!» номли шеърий китоби нашрдан чиқди.

photo_2020-05-09_13-45-55 Маълумки, Иккинчи жаҳон уруши кўпчилик қатори ёш журналист ва шоир Шароф Рашидовни ҳам ўз гирдобига тортди. У қонли уруш бошланиши билан биринчилар сафида фронтга отланиб, энг оловли нуқталарда жанг қилди. Фронтда кўрсатган мардлиги ва жасорати учун икки бор жанговар «Қизил юлдуз» ордени билан тақдирланди.

У қаттол ёвга қарши бир қўлида қурол, бир қўлида қалам билан курашди, шу йилларда уруш мавзусида ўнлаб ўтли шеърларини яратди.

Шоирнинг жанггоҳлардан туриб ўз суюкли ёрига, оқила ва мунис рафиқаси Хурсаной Рашидовага бағишлаб ёзган соф инсоний севги ва садоқат туйғуларини мадҳ этувчи шеърларига ҳам китобдан кенг ўрин берилган.

Шароф Рашидов номидаги халқаро жамоат фонди томонидан нашрга тайёрланган мазкур тўпламдан шоирнинг ўқувчиларга яхши таниш бўлган, қўшиқларга айланиб, қалбларимизга кириб борган шеърлари билан бирга, унинг ижодий архивидан топилган, ҳали эълон қилинмаган ижод намуналари ҳам жой олгани аҳамиятлидир.

Ўз халқининг номини улуғлаб яшаган, эл-юрт манфаати учун жонини фидо этган буюк ва беназир инсон, халқимиз бугун муносиб иззат-ҳурмат билан хотирлаётган ардоқли адибимизнинг янги китоби ўқувчиларни мамнун этади, деган умиддамиз.

ЎзА