« Back

"ОҚШОМ" илҳомлари 24.04.2020 11:46

ПОКЛАР БАҲОР

Ёмғир аввал сим-сим ёғди,
Бир ҳузурбахш жим-жим ёғди,
Кўнгил қалқди, хаёл оғди,
Осмон ерга айтар ёр-ёр,
Бу оламни поклар баҳор.

Ҳар майсанинг умри ёмғир ,
Қулоқларда қумри ёмғир,
Маст қилгандек гўё чоғир,
Айтадирман ногоҳ алёр,
Бу оламни поклар баҳор.

Дил ичинда гулдаста бор,
Кўз ичинда нурдаста бор.
Дилу кўзга вобаста бор,
Ёмғир ёғар хумор-хумор,
Бу оламни поклар баҳор.

Деманг осмон доди ёмғир ,
Момо Ер баёти ёмғир,
Тирик жон ҳаёти ёмғир,
Дил ёмғири ушбу ашъор,
Бу оламни поклар баҳор.

Ўзи Раҳмон, Ўзи Аҳад,
Ёмғир суви оби раҳмат,
Бандасидан шукр фақат,
Ҳадсиз шукр, Парвардигор,
Бу оламни поклар баҳор.

ЎЗБЕГИМНИНГ ҚИЗЛАРИ

Набирам  Мафтунага

 

Ўғли борнинг сўзи тиниқ демангиз,
Қизи борнинг кўнгли синиқ демангиз,
Момо Ҳаво - битта бўлган энангиз.
Қизлар ахир, қалбимизнинг кўзлари,
Омон бўлсин, ўзбегимнинг қизлари.

Оқ кўнгиллар орзусига етолган,
Ким отамга болишман деб, айтолган,
Оқибатнинг этагидан тутолган,
Қиз-қонимиз, юрагимиз юзлари,
Омон бўлсин, ўзбегимнинг қизлари.

Қиз узатиб йиғлагандан сўрангиз,
Соғинчини тузлагандан сўрангиз,
Йўқотганда бўзлагандан сўрангиз,
Тиллоларга топиларми излари,
Омон бўлсин, ўзбегимнинг қизлари.

Аёлларни поклаш учун яратган,
Ямоғимиз чоклаш учун яратган,
Вале кимни қиз кўнглига қаратган,
Кеч англаймиз, болга болдир сўзлари,
Омон бўлсин, ўзбегимнинг қизлари.

Барчинойдан сўз айтади бахшилар,
Набиралар новвотимдан яхшилар,
Уйга келсам остонада қаршилар,
Таомимни тотли қилган тузлари,
Омон бўлсин, ўзбегимнинг қизлари.

Бобо бўлиб кўнглим тўкдим сизларга,
Момоларнинг изидаги изларга,
Омин денглар, дилдан айтган сўзларга,
Номардларга букилмасин тизлари,
Омон бўлсин, ўзбегимнинг қизлари.


БАҲОРГА ЕТГАНЛАР


Қувонч қувиб келди, қайғулар қочди,
Олам баҳор бўлиб жамолин очди.
Ифорлар чорлади, боғларга кирдим,
Ўриклар бошимдан гулларин сочди.

Атирлар анқиди жисму жонимдан,
Оромлар ёғилди дил осмонимдан.
Майсалар қошига тизлар чўккандим,
Улар ҳол сўради қўш товонимдан.

Ҳаяжон ҳовурини ичимга ютдим,
Атиргул тиғига томирим тутдим.
Қон-қонга қўшилди, ҳаёт муқаддас,
Мен баҳор боғида ўзни унутдим.

Куртаклар кўзида балқишни кўрдим,
Мен қушлар тилида олқишни кўрдим.
Баҳорга етмаган беҳиштда бўлсин,
Баҳорга етганнинг умрини сўрдим.

Маҳмуд ТОИР, 
Ўзбекистон халқ шоири