« Back

Онлайн анжуман 01.05.2020 12:47

Санъат соҳаси: Халқаро онлайн анжуманда нималар муҳокама қилинди?

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида “ЭГО-ХХ: Санъатдаги умуминсоний қадриятлар ва миллий ўзига хослик” мавзуида халқаро илмий-экспериментал онлайн анжуман бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуриддинов анжуманда иштирок этаётган санъатшунос, тадқиқотчиларнинг фикрлари юртимиз тасвирий ва амалий санъати, шунингдек, дизайн соҳаси ривожи учун муҳим эканини, ёш олимлар учун бундай халқаро даражадаги анжуманлар тажриба мактаби бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори Н.Сайфуллаев Ўзбекистонда санъат ва маданият соҳаси вакиллари учун янада кўпроқ эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилаётганини, Президентимизнинг яқинда қабул қилинган тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини оширишга доир қарори ижодда янги даврни бошлаб берганини, ёш иқтидор эгалари учун кенг имкониятлар эшигини очганини эътироф этди.

Тадбирда юртимиз илмий жамоатчилиги билан бир қаторда Россия, Буюк Британия, Швейцария, Малайзия, Таиланд, Хитой, Беларусь, Aрманистон, Қозоғистон, Тожикистон каби давлатлардан ҳам олимлар мавзуга доир маърузалари билан иштирок этди.

Анжуманда санъатдаги умуминсоний қадриятлар ва миллий ўзига хослик тамойилларига алоҳида урғу берилгани ҳолда, амалий санъатда анъана ва инновациялар, моддий ва номоддий маданий меросга янги назар, дизайн эстетикаси ва технологияси каби мавзулар ҳам қамраб олинди. Ёш тадқиқотчилар учун халқаро тажрибани ўрганиш, дунё санъатида кечаётган илмий ва ижодий жараёнлардан чуқурроқ хабардор бўлиш имконини тақдим этди.

ЎзА