« Back

Роботлар хизматда 14.04.2020 14:51

Гонконг меҳмонхоналарида туристларга роботлар хизмат кўрсатишни бошлади

Мақсад коронавирус тарқалиши шароитида меҳмонлар орасида мулоқотларни янада камайтириш, дейилади АТОР агентлиги тарқатган хабарда.

COVID-19 пандемияси шароитида дунёнинг барча меҳмонхоналари эгалари ходимларни қисқартириш ҳақида бош қотираётган бир пайтда, Гонконгдаги L'hotel Group меҳмонхоналар оператори янги ходимларни ишга олмоқда.

Уни Genie, деб чақиришади. У 432 номерга эга бўлган ушбу меҳмонхонага ишга таклиф этилаётган сунъий интеллектга эга учта роботнинг биринчиси. Робот меҳмонларга, жумладан, карантинда бўлганларга ҳам овқат ташийди. Genie бир кунда 130 дан 150 гача буюртма олмоқда. Меҳмонлар ҳам ноодатий “ходим” билан бирга суратга тушиш мақсадида буюртмани айнан, унга бермоқда.

Буюртмани бажариш олдидан робот ичидаги контейнерга нонушта солинади ва хотирасига меҳмон турган хонанинг рақами киритилади. Шундан кейин машина мустақил ҳаракат қилишни бошлайди. У лифтни чақиради, керакли қаватга чиқиб, керакли хонани топгандан кейин меҳмонга етиб келгани ҳақда хабар беради, кейин ўзи мустақил равишда қайтиб келади. Ҳар сафар буюртма бажарилгандан кейин “темир ходим” яхшилаб дезинфикция қилинади.

Гонконгда туризм бизнеси қайта тикланишига қараб, Genieнинг сафига яна иккита ҳамкасби қўшилади. Ҳар бирининг нархи 100 минг доллардан зиёд баҳоланмоқда.

Меҳмонхона эгаларининг таъкидлашича, коронавирус пандемияси шароитида роботларнинг устунлиги яққол кўзга ташланади. Чунки туристлар вирус юқтирмаслиги учун меҳмонхона маъмуриятидан бошқа меҳмонлар ва ходимлар билан камроқ мулоқотда бўлишини таъминлашни сўрамоқда.

Меҳмонхона соҳаси вакилларининг таъкидлашича, меҳмонхоналарда робот ходимларга талаб яқин беш йил ичида "мегатренд"га айланади.

ЎзА