« Back

Санъатнинг сеҳрли олами 06.05.2020 13:15

Ўзбек қизи Марказий Осиёдаги биринчи аёл-дирижёр

Марказий Осиёдаги биринчи аёл-дирижёр, халқ артисти, Давлат мукофоти лауреати, профессор, Турон Фанлар академияси академиги Дилбар Абдураҳмонова Ўзбекистон мусиқа маданиятининг машҳур намояндаларидан биридир.

Уни “алангали дирижёр”, “дирижёрлик таёқчалари тутган шоира”, деб атайдилар. Маҳорати ва бетакрор ҳаракатлари билан дунёни забт этган бу ажойиб санъаткор дирижёрлик фақат эркаклар бажарадиган касб эмаслигини исботлади.

Саҳнада унинг қўллари қуш қанотлари каби парвозга шайланади, дирижёрлик таёқчалари эса сеҳрли таёқчага айлангандек туюларди. Ўзи ёниб ижод қилгани каби, бошқаларни хам ўз тафти билан ёнишга мажбур қиларди.

Дилбар Абдураҳмонова 1936 йилнинг 1 май куни Москва шаҳрида дунёга келди. Бу пайтда унинг ота-онаси Ғулом Абдураҳмонов ва Зуҳра Файзиева Москва консерваторияси қошидаги опера студиясида таълим олишарди. Ёш отанинг илтимосига кўра янги туғилган чақалоққа студия раҳбари Муҳиддин Қори Ёқубов исм қўяди. У пайтларда овоз ёзиш бўлмаган, ҳар тонг Зуҳра Файзиева бевосита жонли эфирда қўшиқ куйлар эди.

1939 йили студия битирувчилари Тошкентга қайтишади ва Дилбарнинг ота-онаси опера театридаги фаолиятларини давом эттиришади. Қизча отаси билан барча репетиция ва спектаклларга борар, соатлаб оркестр ўтирадиган чуқурча ёнида турарди. Дилбарнинг бу қизиқиши иккинчи скрипкалар концертмейстери Матвей Криворучканинг эътиборини жалб қилади. Унинг мусиқий қобилиятини текшириб, қизчани скрипка бўйича дарс берадиган Глиэр номидаги мусиқа мактабига етаклаб боради ва ўз синфига ёздиради. Бўлажак халқ артисти бир вақтнинг ўзида иккита мактабни – умумий ўрта ва мусиқа мактабларини аъло баҳоларда битиради.

1955 йилда Дилбар Абдураҳмонова консерваторияга ўқишга киради. Бу ерда ҳам бир вақтнинг ўзида икки синфда – Мухтор Ашрафийнинг симфоник дирижёрлик ва Борис Тителнинг скрипка синфларида маҳоратини оширади.

1957 йилда учинчи босқич талабаси Дилбар Абдураҳмонова Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театрининг оркестрида скрипка чала бошлайди. Шу йили Мухтор Ашрафий унга катта байрамда ижро этиладиган балет номерларидан бирида дирижёрлик қилишни топширган. Бу Дилбарнинг дирижёр сифатидаги илк чиқиши бўлади.

Худди шу йилнинг ўзида у ёш дирижёрлар танловининг саралаш босқичида ғолибликни қўлга киритади ва Москвада бўлиб ўтган VI Бутунжаҳон ёшлар фестивалида I даражали диплом билан тақдирланади.

“Аида” – Дилбар Абдураҳмонова ижодидаги биринчи катта спектакль эди. 1960 йилда театр шу спектакль постановкасини томошабинларга туҳфа этади. Унда Дилбар Мухтор Ашрафийга ассистентлик қилади.

Унинг илк катта мустақил иши 1964 йилда Тошкент хореография билим юртида қўйилган “Коппелия” балети бўлди. Дилбар Абдураҳмонованинг биринчи гастроллари 1963-1964 йилларга тўғри келди. Бу вақтда Давлат катта академик театри Сибирь шаҳарлари бўйлаб гастроль сафарларида бўлади, Москва ва Ленинградда концертлар беради.

Театрнинг 1966 йилда Мисрга илк чет эл гастроли дирижёр-аёл ижодий камолотининг хақиқий синови бўлди. Бунда Дилбар Қоҳира оркестрига дирижёрлик қилади. Бу Дилбар Абдураҳмонованинг илк бора халқаро миқёсда тан олиниши эди.

Унинг маҳоратига ўз балети премьерасини кўриш учун 1967 йилда Тошкентга ташриф буюрган “Спартак” спектакли мусиқасининг муаллифи Арам Хачатурян ҳам юксак баҳо берган эди.  

1969 йилда Дилбар Абдураҳмоновага ЎзССР халқ артисти унвони берилади. 1974 йилда у Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри бош дирижёри лавозимига тайинланади. Бу пайтда Дилбар Абдураҳмонова аввал намойиш этилмаган “Анна Каренина”, “Испан миниатюралари” “Дунёнинг яратилиши”, “Тановар” каби спектаклларни қўйишга бел боғлаганди. “Тановар” Ҳамза номли Давлат мукофотига сазовор бўлган учинчи спектакль бўлди.

1977 йилда Дилбар Абдураҳмоновага СССР халқ артисти унвони берилади.

1980 йиллар гастролларга бой ўтади. “Фауст” (1982), “Отелло” (1985), “Оловли фаришта” (1984) спектаклларининг постановкаси, шунингдек, кичик саҳнада “Камера театри”нинг ташкил этилиши ўша даврнинг улкан муваффақиятларидан бўлди.

Дилбар Абдураҳмонованинг ижодида Вердининг “Бал-маскарад”, “Трубадур” «Травиата», «Аида», Сен-Сенснинг «Самсон ва Далила», Россинининг «Севилья сартароши», Чайковскийнинг «Пиковая дама», Бизенинг «Кармен», Доницеттининг «Севги шарбати», Прокофьевнинг “Оловли фаришта” каби жаҳон мусиқий дурдоналарининг саҳналаштирилиши катта аҳамият касб этди.

Дилбар Абдураҳмонова мусиқани ниҳоятда нозик дид билан илғайдиган ва балет раққосалари имкониятларини баҳолай оладиган моҳир балет дирижёри ҳам эди. У қўйган балет спектакллари орасида «Шопениана», «Боғчасарой фонтани», «Франческа да Римини», «Оққуш кўли», «Қарсилдоқ», «Денгиз қароқчиси», «Дон Кихот», «Золушка» каби дурдона асарлар бор.

Дирижёр Дилбар Абдураҳмонова ўз ижоди давомида 64 та балет ва опера театрларини саҳналаштирди. Унинг меҳнатлари муносиб тақдирланган. 2016 йилда Юнон фалсафа академияси унга “XXI аср Ер фуқароси” унвонини берган.

Дилбар Абдураҳмонова ҳаётининг сўнгги йилларида Ўзбекистон давлат консерваториясида таълим берди.

Тина ИМАМЖАН тайёрлади