« Back

Шеърият 14.04.2020 14:57

УЙДА ҚОЛИНГ!

Бугун элдан сўралгани биргина сўз,
Биргина сўз - сизу бизга нургина сўз.
Ҳам қалбларда, ҳам жисмда очилсин кўз,
Бу даъватни унутман ҳеч, қулоқ солинг,
Уйда қолинг, эй ватандош, уйда қолинг!

Миллион инсон ҳозир боши болишларда, 
Туну куни Яратганга нолишларда,
Сизга айтар, менга айтар, толишларда:
-Бизга боқинг, ҳолимиздан ибрат олинг,
Уйда қолинг, эй яхшилар, уйда қолинг!

Албатта, бу Худойимнинг синовидир,
Вирусми у, инфекция - жон овидир.
Ўз халқига Президент сўровидир,
Майли, тартиб, интизомдан хоҳланг, нолинг,
Лекин фақат, бир илтимос, уйда қолинг!

Бу сизларга шифокорлар дил розидир,
Бўзлаб турган беморларнинг овозидир, 
Гуноҳларнинг ўлчовига тарозидир – 
Ким билади? Ҳаққа аён, ўйга толинг,
Сабр тагин олтин билиб уйда қолинг!

Деманг, биздан бу касаллик йироқдадир,
Кўришган қўл, балки босган оёқдадир, 
Кўр-кўрона бошга тушган таёқдадир,
Сиз Ҳақданмас, сиз халқданмас, ўздан нолинг,
Аммо эй дўст, ўзингиз-чун уйда қолинг!

Биз миллионмиз, ўттиз тўртдан зиёд миллион,
Бизни бугун кузатмокда жумла жаҳон,
Бир кемада - битта халқмиз, Ўзбекистон.
Аждодларнинг руҳи покин ёдга олинг 
Қардош учун, жондош учун уйда қолинг!

Майли юз минг, балки зиёд шифокорлар, 
Элим деган, юртим деган ори борлар,
Омон қолсин, дейди бизда бор беморлар,
Сиз ҳам айтинг: - Тўкилмасин тилдан болинг,
Оқ халатли оқ диллар-чун уйда қолинг!

Меҳнат билан муродини топган халқмиз,
Қадр қилиб кушодини топган халқмиз,
«Русти - рости», деган сўзда бизлар ҳақмиз,
Амир Темур қудратини ёдга солинг,
Азизликни азиз тутиб уйда қолинг!

Ватанпарвар десангиз сиз ўзингизни,
Ватан учун очинг аввал кўзингизни,
Бемор бўлманг, ёруғ қилсин юзингизни,
Бир шоирнинг чорловига қулоқ солинг,
Шу халқ учун, Ватан учун уйда қолинг!

Маҳмуд ТОИР, 
Ўзбекистон халқ шоири