« Back

Таҳлил 20.06.2020 12:59

Ғафур Ғулом асарлари - ҳаёт мактаби

Ғафур Ғулом яратган насрий асарларининг аксарияти инсоний муносабатларга бағишланган. У ўз асарларида қўядиган ва ҳал қиладиган асосий муаммолар инсоннинг ахлоқий тарбияси, унинг маданий ва маърифий ривожланиши учун интилишдир.

Бугунги кун ҳуқуқшунос-ёшларнинг адибимиз Ғафур Ғуломдан ўрганиши лозим бўлган жиҳатлари талайгина. Адиб асарларининг бош образи – бу инсон. Унинг кечинмалари, тақдири силсиласи, ўй-хаёллари, турли хил воқеалар гирдобидан чиқиши, ҳар бир ҳолатда ўзини шахс сифатида намоён қилиши... буларнинг бари барчаси инсон психологиясини кенг идрок қилишга, уни таҳлилий асосда ўрганиб, мулоҳаза юритишга турткилайди.

Ғафур Ғулом – моҳир психолог-ёзувчилардан бири бўлган десак ҳеч адашмаймиз, чунки адибнинг ҳар бир асарида, дейлик, «Нетай», «Ёдгор», «Шум бола», «Ўғригина болам» қиссаларида ижодкор қаҳрамонлар руҳиятини прозада моҳирлик билан тадқиқ қилган.

Ғ.Ғулом ўзи яратган асарларда халқ ҳаёти, тарихи, маданияти, турли ижтимоий қатламга мансуб кишиларнинг руҳий олами ва нутқини ёрқин ифода этган. Юқорида қайд этилган асарлар қаторида ёзувчининг «Шум бола» қиссасини – инсон психологиясининг энг кенг қамровли талқини сифатида ўрганишимиз мумкин. Бир қарашда ҳазиломуз туюлган мазкур қисса замирида ҳаётий муаммолар, ўша давр кишиларининг турмуши яққол акс этган. Бош қаҳрамон образида турмушнинг аччиқ синовлари, уни турли хил ҳолатларга тушиб қолиши ва шумлиги сабабли осонгина чиқиб кетиши, ўзининг «зукколиги» ҳар қандай вазиятда ўсмир боланинг ҳаётий муаммоларни енгиб кетиши кўрсатилган. Мазкур асар қайсидир маънода – адибнинг болаликдаги хотираларини қамраб олгандек туюлса, аслида унда ўша давр миллий ҳаёт тарзи ифодаси, умуминсоний қадриятлар ва қарашлар ўз аксини топган. Воқеабанд ҳолатларда миллий анъаналарда сақланган ўйинлар, урф-одатлар, қадимги қўшиқларимиз, жойларнинг ўзига хос тасвири тўлиқ ифодаланган. Асарда иштирок этган ҳар бир қаҳрамоннинг ўзига хос ўрни бор, ҳар бири бир туркум индивид – ўз характери, ҳаётий эпизоди, руҳий кечмишларига бой.

Aсарда воқеалар тасвири шу қадар оддий ва саргузаштга мос равишда ифодаланганлиги боис – бир нафасда ўқилади:

“Расталар обод. Қаймоқ бозорининг бурилишида маҳкаманинг бошида Илҳом самоварчининг каттакон чойхонаси бўлиб, унда граммофон чалинади. Турли-туман пластинкалар орқали Тўйчи ҳофиз, Ҳамроқул қори, Ҳожи Абдулазиз ва Фарғона яллачи хотинлари кетма-кет мақомлар, яллалар, ашулалар айтади. Чойхонада жой етишмайди. Узун раста, жуҳуд раста, атторлик ва бошқа расталарнинг бойваччалари савдодан бўш вақтларида бу чойхонага йиғилиб меҳмонхоналардек -ўртада катта баркашлардан қанд-қурс, писта бодом, мураббо-нишолда, обинон, ширмой нонлар билан шамалоқ безатилган дастурхон атрофида чақчақлашиб ўтиришади. Баъзи бойваччаларнинг дастурхонида қорнига қалдирғоч сурати солинган, устига похолдан тўр тўқилган коньяклар ҳам кўринар эди. Бу чойхонага бозор-ўчарга санғиб тушиб қолган деҳқон, камбағал косиб, қозоқ, қирғиз ва бошқа оддий фуқаро киролмас эди. Самоварчи Асра кал деган хипчадан келган, қотма, эпчил йигит эди. Устида олди очиқ яктак, оёғида қала кавуш, зангори шоҳи қийиқ боғлаган, елкасига холпаранг рўмол ташлаган хушфеъл йигит эди...”

Халқчил тилда ёзилган бу қисса – ўша давр воқеаларини кўз ўнгимизда гавдаланишига сабаб бўлади - қаймоқ бозорининг бурилиши, Илҳом самоварчининг каттакон чойхонаси, узун раста, жуҳуд раста, атторлик ва бошқалар. Бари ўша давр манзарасини яққол намойиш этади.

Асарда биринчи жаҳон уруши арафасидаги эски Тошкент ижтимоий ҳаёти, яшаш тарзи ва қиёфаси чизилади, шаҳар аҳолисининг кундалик ташвиши, кун кечириши, уларнинг ўзаро муносабатлари, маданий ва иқтисодий турмуш-тарзини характерловчи маҳаллий манзараси берилади: «...бу чойхонада мени маҳлиё қилган нарсаларнинг бири кираверишнинг шифтига илиб қўйилган катта, симларига зарҳал берилган ҳар хил туморлар, байроқчалар билан безатилган қафас ва бу қафасдаги жонли тўти эди, ўлиб кетай агар, тирик тўти эди. Патларининг ранг-баранглиги Ойша чеварнинг иш қутисидаги ипаклардай товланар эди. Кўк, қизил, зангори, сариқ, оқ, пушти, жигарранг, гўлос, пистоқи

— боринг-чи, дунёда қанча ранг бўлса, шу тўтининг патида бор эди.»

Асардаги қаҳрамонлар - болаларнинг ота-онаси касб-корини адиб баён қилганда, кўпчилиги «косиб, қаламтарош, босмахона ва қандолатхона ишчилари эди», деб таърифлайди. Бу асарни агар ҳуқуқий таҳлил нуқтаи назаридан ўрганадиган бўлсак, аввало вояга етмаган болаларнинг ўша даврда саёқ юриб кўча, бозор кезишлари, ўз бошларидан ҳар хил саргузаштларни ўтказишлари – «ҳаром ўлган ҳўкиз ва адашиб сўйилган эшак», «Шум боланинг безорилиги сабабли аммасининг уйида қатиққа бўкиб ўлган поччасининг қимматбаҳо қушлари», «Шешенинг уйидаги фирибгар ва ўғри киссовур Султоналининг қимор ўйини», «Шум боланинг Ҳожи бобо уйидаги сархуш кўкнорли чилимни тамадди қилувчи гиёҳвандлар билан бўлган ҳаётий воқеалари» орқали адиб болаларнинг оғир турмуш шароитини моҳирона кўрсатади.

Адиб ўша давр ишсизлик ҳолатини ҳам воқеалар баёнида кўрсатиб, болалар тугул катталарга ҳам иш топилмай анча қийналганликларини таъкидлайди. Қиссада Шум бола каби ҳаёт кечирувчи вояга етмаган бир нечта дўстлари ҳам тилга олинади: Омон, Обид, Тураббой, Йўлдош, Ҳусни, Солиҳ, Абдулла, Пўлатхўжа, Миразиз... ва бу болаларнинг кундалик ҳаёт тарзи бозорларни кезиб, «жинни» лар билан чалғиб юриш эди: “...Бозорда санқиб юрган биз дайди болалар учун қувончли эрмаклардан бири бозор, маҳалла, кўча-кўй жиннилари эди. Ўша йилларда Тошкентда, шунақа ҳам жинни кўп эдики, санаб саноғига етолмайсиз: Малла жинни, Карим жинни, Майрамхон, Хол паранг жип-жинни, Тожихон, Жуфт каптар, Олим жинни, Эшон ойи, Овоз жинни ва бошқалар… Ҳар бир жиннининг ўзига хослиги, тантиқлиги, «ширин»лиги бор эди. Карим жинни сўккани-сўккан эди.”

Таҳлилни бевосита тўлиқ ўрганадиган бўлсак, ўша вақтда майда безорилик, ўғрилик, фирибга аралашиб қолиш, ўзи билмаган ҳолда ҳайвонларни ўйинқароқлиги сабабли ўлдириб қўйиши, Сарибой хонадонида «хом пишиқ аралаш икки пуд ўн етти қадоқ олма» бадалига ишга ёлланиб, кунда калтак еб, аламзадалиги сабаб «дўндиққина тўртинчи хотининикига кетган » бойга ёлғон тўқиб, нотўғри ҳолат юзасидан ахборот тарқатиши, бола ҳуқуқи ва меҳнатининг ўша даврда ҳимояланмаганлиги, вояга етмаган ўсмирлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар нима сабабдан бўлганини – асардаги воқеалар асосида таҳлилий билиш, бугунги кун нуқтаи назаридан шунга ўхшаш ҳолатларда боланинг психологик кечинмаларини тўлақонли равишда очиб бериш мумкин.

Бу асар таҳлилий ўрганишга – воқеаларга ва ҳодисотларга бой асар. Агар 2 қаҳрамонни психологик криминоген делинквентлик ҳолатини таҳлилга олсак қуйидагиларни кузатиш мумкин:

Агарда ҳар бир болага психологик характеристика берадиган бўлсак, бу болаларнинг беғуборча ўсмирлар эканлигини ҳам кўриш мумкин. Фақат муҳтожлик – турли криминоген вазиятларга аралашиб қолишига сабаб бўлади.

Юқоридаги таҳлиллардан кўрсак бўладики, адиб Ғафур Ғуломнинг «Шум бола» қиссаси, шунчаки, саргузашт асар эмас. Унинг замирида ётган аччиқ ҳақиқат ҳар бир китобхонни жиддий ўйга толдиради. Тегишли хулосалар чиқаришга ундайди.

Азиза ОРИПОВА,
Тошкент Давлат юридик университети Тил ўргатиш кафедраси доценти