« Back

Тақдимот 27.02.2020 15:11

ТАРИХНИНГ МУҲАББАТЛИ ТАЛҚИНИ

Миллий матбуот марказида ёзувчи Абдуқаҳҳор Иброҳимовнинг “Бизким ўзбеклар” китоби бешинчи нашрининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Ўзбек адабиёти, тарихи, маданияти ҳамда миллий қадриятларимиз ҳақида ҳикоя қилувчи ушбу китобнинг биринчи нашри 1999 йилда китобхонлар қўлига етиб борган, қарийб 20 йилдан сўнг “Бизким ўзбеклар” китобининг бешинчи нашри янги-янги тарихий фактлар билан бойитилган тарзда “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси томонидан қайта чоп этилганлиги адабиётшунос Иброҳим ўофуров томонидан таъкидлаб ўтилди. Мустақиллик, демократия ҳақидаги энг эзгу ғояларни, “Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари” шиори остида Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев етакчилигида ҳар бир соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни тарғиб этувчи бу асарнинг аҳамияти жуда катта эканлиги Ўзбекистон Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Мирзо, “Шарқ” нашриёти бош муҳаррири Аҳрор Аҳмедов, шоир Ҳайдар Муҳаммад, техника фанлари доктори Неъматилла Мўминов, тарих фанлари доктори Неъматилла Муҳамедов, ёзувчи Озод Мўмин томонидан яна бир карра эътироф этилди.

Тақдимот маросимида сўзга чиққан адиблар ва олимлар фикрига кўра, “Бизким ўзбеклар” асари орқали Абдуқаҳҳор Иброҳимов китобхонлар кўз ўнгида моҳир публицист, ёзувчи, ўткир қалам соҳиби сифатида намоён бўлади. Дастлаб 16 босма табоқда нашр этилган ушбу асар ўзига хос янгиликлар билан бойитилган ҳамда қайта нашр этилганлиги катта воқелик бўлганлигини тадбир қатнашчилари таъкидлаб ўтишди. Эътиборли жиҳати, муаллиф ватанпарвар инсон сифатида 2700 йиллик халқимиз тарихи, маданияти, алломаларимизнинг тараққиёт ривожида тутган ўрни ҳақида аниқ далилларга асосланиб, муфассал фикр юритади. Янги нашрда юртимиз Истиқлолининг аҳамияти, сўнгги уч йилда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ҳар бир жабҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар сабаб яқин келажакда серқуёш диёримиз ривожланган мамлакатлар қаторидан жой эгаллаши муқаррар эканлиги муаллиф томонидан бот-бот таъкидланади.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон истеъдодларга бой мамлакат. Чунки юртимиздан етишиб чиққан буюк аждодларимиз жаҳон илм-фани ривожига муносиб улуш қўшишган. Китобда аллома аждодларимиз томонидан яратилган, жаҳон илм-фани ривожида муҳим ўрин тутган асарлар, тарихий воқеликлар ҳақида ҳикоя қилинади. Шу боис ҳам ушбу китобни ҳар бир ўғил-қизларимиз, юрт келажагига бефарқ бўлмаган барча инсонлар мутолаа қилишлари фойдадан холи бўлмаслиги тадбир қатнашчилари томонидан эътироф этилди.

Китобхонда тарихимизга, маданиятимизга янада қизиқишни кучайтиришга хизмат қилувчи ушбу китоб муаллифи ҳозирда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самара келтиришига қатъий ишонган ҳолда, “Тараққиёт замонига етайлик” деб ўз асарини якунлайди.

Тадбир маросими ниҳоясида Ўзбекистон халқ ҳофизи Ҳасан Ражабий томонидан ижро этилган мумтоз ашулалар кеча файзига файз қўшди.

(Ўз мухбиримиз)