« Back

Танлов 07.04.2020 12:28

Ўзбекистонлик рассомлар коронавирусга қарши халқаро танловда иштирок этмоқда

Эрон Ислом Республикаси рассомлари ташаббуси билан “Биз коронавирусни енгамиз” шиори остида халқаро карикатура танлови эълон қилинди дея хабар беради ЎзА.

Ижодий ишлар 9 апрелга қадар coronacontest@gmail.com интернет манзили орқали қабул қилинади. Карикатуралар Теҳронда тўпланиб, танлов ғолиблари июнь ойида маълум бўлади.

Бугун дунё бу хавфдан қутилиш чораларини изламоқда. Маълумки, коронавирусдан кўп азият чеккан мамлакатлар орасида Эрон Ислом Республикаси ҳам бор. Танловнинг мақсади инсониятни ана шундай тушкунликдан чиқариш, улардаги келажакка умид ва ишонч ҳиссини уйғотишдир. Танловга юборилган ижодий ишларда ана шу руҳ сезилиб туриши керак.

Ўзбекистонлик рассомлар ҳам бу жараёнда хорижлик ҳамкасбларига ўрнак бўлаётир. Ҳозирча халқаро карикатура танловига таниқли рассомлар Маҳмуд Эшонқулов, Ҳусан Содиқов ва Музаффар Йўлчибоевларнинг ижод маҳсуллари юборилган.

Дилобар МАМАТОВА