ДУНЁДА
04.07.20

• Канадада коронавирус пандемиясига қарши ўз жонини хатарга қўйиб кураш олиб бораётган ва шундай оғир вақтда ҳам Канада аҳолисини энг зарур маҳсулотлар билан таъминлаётган шифокорлар, кўнгиллилар, озиқ-овқат дўконлари ходимлари ва бошқа ишчилар шарафига махсус танга чиқарилди. Танганинг бир томонида Канада рамзи ҳисобланган заранг дарахти барги билан кесишган юрак тасвири туширилган. Иккинчи томонида эса катта юрак ўртасида қучоқлашиб турган одамлар гуруҳи акс этган. Тасвирнинг тагида мамлакатнинг расмий тили ҳисобланган инглиз ва французчада «Раҳмат» сўзи туширилган. Ушбу танганинг нархи 9 канада доллари ва 95 цент (тахминан 7,5 АҚШ доллари). Тангани фақат онлайн тарзда буюртма бериб харид қилиш мумкин. Тангаларни сотишдан тушган маблағ Канаданинг коронавирусга қарши кураш бўйича хайрия фондига ўтказилади.

• Нур-Султондаги Миллий мудофаа университетида Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг монументи очилди, дея хабар беради мамлакат президенти расмий сайти. Қасим-Жомарт Тоқаев очилиш маросимида онлайн режимида иштирок этди. Унинг айтишича, Миллий мудофаа университетида ҳайкал ўрнатилиши чуқур рамзий аҳамият касб этади, чунки Қозоғистон Қуролли Кучлари айнан мамлакат мудофаа қобилиятининг мустаҳкамланишга катта эътибор қаратиб келган Назарбоев фармони билан ташкил этилган. Тоқаев мамлакатнинг стратегик йўлини белгилаб берган ва халқни жипслаштирган Назарбоевни замонавий Қозоғистон асосчиси дея таърифлади. «Тинчлик ва барқарорлик, фаровонлик ва бирлик – бу Елбаси сиёсати самарасидир. Ҳар бир давлат тарихида ўзидан беқиёс из қолдирган ноёб шахслар бўлади. Ўсиб келаётган авлод олдидаги бурч - уларнинг хизматларини қадрлаш ва ҳурмат қилишдан иборат», – деди президент.

« Back

Танлов 21.07.2020 13:15

Мусиқачиларимиз ютуғи

Жорий йилнинг 7-20 июль кунлари "CA AVE MUSICA" Туркия–Россия биринчи халқаро мусиқа танлови ўтказилди.

Унда Ўзбекистонлик мусиқачилар ва ижодий жамоаларнинг ҳам муваффақиятли иштирок этгани эътиборга моликдир. Масофавий тарзда ўтказилган танловга иштирокчилар ўз ижроларидаги дастурларни видеоёзув шаклида юбордилар.

Ҳакамлар ҳайъати хулосаларига кўра, Ўзбекистон давлат филармониясининг «Сўғдиёна» халқ чолғулари камер оркестри танлов Гран-присига муносиб топилди. Шунингдек, ҳамюртларимиз Улуғбек Юнусов (дутор), Бекзод Тўраев (най) якка академик ижрода Гран-прига лойиқ топилди.

Халқаро танловда биринчи ўринни қўлга киритган иштирокчилар сафида Ноила Абдураҳимова (композиция), Абдумажид Қорабоев, Кирилл Чахлов, Инара Гулиева (дирижёрлик) Асалхон Юсупова (скрипка), Муяссархон Фидаева (дутор) каби ўзбекистонлик мусиқачиларнинг борлиги ҳам қувонарлидир.

Бу ютуқ мусиқачиларимиз ҳар қандай мураккаб шароитда ҳам ижодий изланишдан тўхтамаётганининг яна бир амалий исботидир.

Н.Усмонова,
ЎзА