« Back

Тарихга назар 07.05.2020 13:17

Одамлар “Ғалаба” сўзини эшитиш учун радио тинглаган

1941 йилнинг 22 июнь тонгида халқимизнинг тинч ҳаёти издан чиқди. Ўша куни кўчаларга ўрнатилган радиокарнайлар “Уруш бошланди”, деган совуқ ва даҳшатли хабарни тарқатди. Урушнинг оғир даври бошланди.

“Внимание, говорит Москва! Передаем важное правительственное сообщение... Наше дело правое! Враг будет разбит! Победа будет за нами!“ — Юрий Левитаннинг рус тилидаги овози янграганидан кўп ўтмай радиокарнайлардан Ҳамид Ғулом ёки Туроб Тўланинг “Тошкентдан гапирамиз. Ҳукуматнинг муҳим хабарини эшиттирамиз” деган овозлари янграрди. Шу тариқа радио фронтда юз бераётган воқеа-ҳодисаларни тезкорлик билан оммага етказишда энг қулай алоқа воситасига айланди. “Масофа билмайдиган ва қоғозсиз газета” деган номга сазовор бўлди. Аслида радио Ўзбекистонда 1924 йилдан бошлаб фаолият юритаётган эди. Аммо уруш йилларида унинг роли ошди. Шу даврда Ўзбекистон радиоси учун янги саҳифа очилди.

Тошкент радиоси Москва инфорбюросининг тезкор хабарларини, Олий бош қўмондон буйруқларини, фронтдаги аскар ва зобитларнинг қаҳромонликларини, фронт ортида меҳнат қилаётган заҳматкашлар фаолияти ҳақида мунтазам равишда маълумотлар бериб турди. Ўша йилларда радиожурналистлар русча хабарларни зудлик билан ўзбекчага таржима қилиб халққа етказиб турдилар. Суронли уруш йилларида радио узоқ қишлоқларга фронт хабарларини етказарди. Радио етиб бормаган аҳоли пункти деярли йўқ эди. Америкалик шоира Жозефина Престон Пибоди ҳақли равишда радиони “фикрларнинг ҳаво бўшлиғи орқали тарқалиши” деб таърифлаган эди.

Радио одамларни ғалабага руҳлантирди. Бир сўз билан айтганда Иккинчи жаҳон уруш даврида радио шараф билан синовдан ўтди.

У вақтларда ҳозиргидек ёзиш жиҳозлари йўқ эди. Радиода бевосита мулоқотлар бўларди. Ёзувчи ва шоирлар, зиёлилар, турли корхоналарнинг ходимлари, қишлоқ хўжалик меҳнаткашлари, саньаткорлар Радио уйига келиб тўғридан тўғри чиқиш қилишар, фронтдаги ўзбекистонликларнинг қаҳрамонликлари, меҳнат жамоаларида қўлга киритилаётган ютуқлар ҳақида гапиришарди. Шу тариқа халқ фронтда ўзбек ўғлонлари кўрсатаётган қаҳрамонликларидан хабардор бўларди. Радиодаги чиқишлар туфайли даврий матбуотнинг асоси бўлмиш публицистикага “жон кирди”. У вақтларда нафқат узоқ қишлоқларга, балки йирик шаҳарларга ҳам газета ўз вақтида етиб бормагани боис радио асосий ахборот манбаи бўлиб қолган эди. Бундан ташқари, радиода ахборотдан ташқари адабиёт намуналари ҳам ўқиларди.

Радиотингловчиларнинг таклифларига биноан радиода фронтдан келган хатлар билан бир қаторда фронтга йўлланган мактублар ҳам ўқиб эшиттириларди. Ўша йилларда республикамизнинг барча шаҳару қишлоқларидан ва ҳатто фронтдан мактублар оқиб келарди.

“Радиога мактуб”ни бутун халқимиз тингларди. Мактубларда халқнинг, аскарларимизнинг душманга бўлган нафрати акс этарди ва ғалабага ундарди. Уруш йилларида радиога минглаб хат келгани айтилади. Айни шу хатлар туфайли уруш вақтида оила аъзоларни йўқотиб қўйган инсонлар бир-бирларини топишди.

Шуниси эътиборлики, Москва радиоси ҳам ўзбекистонликларнинг мактубларини фронт учун ўзбек тилида ўқиб эшиттирган вақтлар ҳам бўлган. Фронтдаги ғалабалар ҳақидаги хабарларни радио орқали эшитган ҳар бир инсон ўзида йўқ хурсанд бўларди. Шуни таъкидлаш керакки, қўшинларнинг ҳар бир ғалабаси учун, ҳар бир эгалланган шаҳар учун Москвадан салют бериларди. Ана ўша ғалаба салютларининг овозлари ҳам радиодан берилган.

Халқимиз радио овози билан уйқуга кетиб, радио овози билан уйғонарди. Фашистларнинг хиёнаткорона бостириб кириши борасидаги хабар радио орқали берилганидек душман устидан қозонилган ғалаба хабари ҳам бутун мамлакатда ўрнатилган радиокарнайлар орқали янгради.

“Уруш бошланди” деган совуқ хабардан “Ғалаба” деган қувончли хабар янграган радиодан 1418 кун давомида минглаб ҳам қувонарли, ҳам қайғули хабарлар тарқатилди. Шаҳарларни вақтинча ташлаб кетиш, Ленинград қамалини ёриб ўтиш, Москва яқиндаги илк кенг қамровли жанглар, Волга бўйидаги ғалаба, Курскда фашистларнинг яксон қилиниши ва ниҳоят Рейхстаг устига тикилган байроқ ҳақидаги хабарлар радио орқали тарқатилган эди. Айнан Ғалаба сўзини эшитиш учун ҳам одамлар радиони тинглагани бор гап.

Шарофиддин ТЎЛАГАНОВ, 
ЎзА