« Back

Телеэкран 09.06.2020 12:23

«Буюк дард борки, бу — ишқ дарди». Корейс киноижодкорларининг телеэкран қадриятлари

Муҳаббат, мардлик, жасорат азал-азалдан улуғланиб келган. Инсон руҳияти ҳамиша шу туйғуларга эҳтиёж сезиб яшайди, ўзининг самимий, пок орзу-умидларини шу гўзал туйғулар асосига қуради. Агар шундай бўлмаганида биз «Қиш сонатаси», «Куз эртаги» каби кўнгил торларини чертувчи, «Сарой жавоҳири», «Денгиз ҳукмдори», «Сўнгги қиролича»каби тарихий фильмларни орзиқиб кутмаган бўлар эдик...

Буюк дард борки, бу ишқ дардидир. У мудом инсонни эзгуликка чорлаб, чарчамайди, қалбларда умид уйғотиб яшайверади.

Корейс сериаллари ижодкорлари ҳам охирги пайтларда назардан четда қолиб кетаётган мавзуларга мурожаат қилмоқдалар.

Воқеликнинг таъсирчанлигини оширишда тасвир, мусиқа, диалог (шу ўринда таржимонлар Фахриддин Низомов, Умид Комиловнинг хизматларини эътироф этиш жоиз), либос ва саҳна безакларидаги ўзаро уйғунлик яхлит бир композицияни ташкил қилган. Корейс сериаллари томошабинни мулоҳазага ундайди.

Экран қаршисида ўтириб, фильмни томоша қилар экансиз, салбий қаҳрамонларга қараб, «Сиз ёмонсиз», дейишга ботина олмаймиз. Бека Чуй, Она қиролича, Ями хоним образлари бунга яққол мисол бўла олади. Уларнинг руҳиятида ҳар бир аёл орзусидаги ҳаёт, эътибор, гўзаллик, нафосат борки, қаҳрамонлар ҳақида ё ижобий, ё салбий деб кескин фикр айта олмаймиз. Бу эса киноижодкорларнинг ҳар бир образ устида мукаммал ишлаганликларини англатади. Томошабин қалбида ҳавас, орзу, яхшилик умидини уйғотувчи ушбу фильмлар корейс киноижодкорларининг телеэкран қадриятларини ўзлаштириш йўлида самарали фаолият олиб бораётганидан далолатдир.

Корея сериалларида аёл образига алоҳида аҳамият қаратилган. Бошқарувда аёлларнинг фаоллиги, уларнинг жамиятга кириб келиш усуллари, имкониятлари ва заиф жиҳатлари тўлақонли очилган. Сюжет линиялари чалкашиб кетмайди.

Энг муҳими, ҳар бир образ кичик деталлар орқали реал ҳолатни очиб беради. Бизда нафрат уйғотган бека Чуйга нисбатан фильм давомида ўзимизда ачиниш ҳиссини туямиз, йирик савдогар ташкилотчи, айёр Ями хонимнинг ўзига чиқарган ҳукмидан афсусланамиз. Аёл қаҳрамонларда «олтин мўтадиллик» танланган. Дид, нафосат, гўзаллик, оқиллик, тадбиркорлик сифатларига эга бўлган хонимларга иродасизлик, шафқатсизлик, беодоблик каби хислатлар салбий образ чизгисини беради.

Қайси юртда оила, аёл зоти эъзозланса, ўша оила, ўша юрт обод бўлади. Лекин аёл ҳадди, тарбияси каби масалалар ҳам борки, уларнинг бошқарувга таъсири натижалари сериалларда тўлақонли очиб берилган.

Эркакларга хос ҳаратерлар тантилик, ҳурмат, мулоҳазакорлик тенгҳуқуқлиликдан ҳам юксак даражадаги хислатлар эканлиги кадрларда ўз аксини топади. Характерларнинг аниқ намоён бўлиши икки томонлама диалогда ҳам, тасвирда ҳам очиб берилади. Ушбу сериалларда кўпқиррали, мураккаб характерли аёллар образи кўп учрайди.

Ями хоним тадбиркор, айёр. Бор имкониятларини қабиҳ ниятлари учун сарфлайдиган инсон.

Бека Чуй ҳам ўзининг аёл киши эканлигини унутиб, васвасага тушиб қолган инсон образи.

Корея сериаллари зоҳиран аёл фожиаси нимадалигини, ёлғизлик шарпасининг изтиробларини очиб беради. Ўзича одил деб билган ҳукмни чиқарган Ями хоним ҳам кенг фикрли, ғояларни ўз мақсадлари томон йўналтира олувчи аёл эди. Унинг хатоси ҳаёт йўлининг бошида эди... қаҳрамонларнинг ҳаракатларидаги сирли мавҳумлик ҳеч бир томошабиннинг меъдасига тегмайди. Хокисор, ҳимоясиз, муштипар Юнг Хва хонимнинг тақдиридаги маҳзунликни унинг сўзларидан ҳам англаб олиш мумкин: «Балки шамол каби кезиб юриш тақдиримга битилгандир. Енгил шабода билан келганлигимни билдираман. Мени унутмасанг бўлди. Бошқа ҳеч нарса керак эмас...». Бу хонимнинг ошиғига берган жавоби эди. Унинг характери Юм Янг билан бўлган суҳбатида яна ҳам очилади: «Камдан-кам ҳолларда сизни тушунишга муваффақ бўлганман. Урушдан кейин ҳам сизни шундай туйғулар тарк этмаслигини истайман. Илтимос, ўзингизни эҳтиёт қилинг».

Бу сўзлар дунёда меҳр, самимият, умид, оқибат каби инсонларни бир- бирига боғлаб турувчи ришталар борлигидан дарак беради.

Шарқ сериаллари нафақат ўзбек томошабини, балки ўзбек киноижодкорларнинг ҳам диққатини ўзига жалб қилмоқда. Бу, албатта, ўзбек ва корейс халқининг урф-одатларидаги, тарбияларидаги бир-бирига яқинлик сабаблидир. Бундан ташқари, уларнинг бадиий жиҳатдан пухта ишланганлиги, сценарийнинг тарихий асосга қурилганлиги, миллий урф-одат, туриш-турмуш, маданият экранда ўзгача шакл ва мазмунда ўз ифодасини топганлиги ушбу фильмнинг муваффақиятини таъминлаган.

«Денгиз ҳукмдори», «Сўнгги қиролича», «Сарой жавоҳири»каби сериалларнинг анъанавий услубда яратилган бошқа сериаллардан фарқи шундаки, уларда барча образларга ўзлигини намоён этиш учун тўла имконият берилган. Биргина қаҳрамон тақдиринигина очиб бериб, атрофдаги образ ва воқеалардан шунчаки тўлдирувчи сифатида фойдаланилмаганлиги ҳам сериаллар муваффақиятини таъминлаган.

Биз, ўзбек томошабинлари орасида ушбу сериалларнинг севиб томоша қилиниши, қадрланиши, вақтимизнинг маълум дақиқаларининг мазмунли ўтишида таржимонлар Фахриддин Низомов, Умид Комилов, дубляж санъати усталари Дилбар Исмоилова, Гулчеҳра Жамилова, Зулхумор Мўминова, Элёр Носиров, Учқун Тиллаевларнинг ҳамда дубляж режиссёрларининг, қолаверса, муҳаррирларнинг меҳнатлари беқиёс эканлигини ҳам айтиб ўтишимиз лозим.

Маҳлиё МИРСОАТОВА,
киношунос-журналист