« Back

Тил - миллат кўзгуси 12.05.2020 12:49

Тил – улуғ неъмат, чексиз имконият

Фарзандимиз сўзлай бошлаганида қанчалар қувонганимизни, у билан чақалоқ тилида гаплашганимизни бир эслайлик... Олам шодлиги бор бу лаҳзаларда. Шундай чоғларда тил инсонга қанчалар азиз ва зарур бўлса, унинг дахлсизлиги, ҳимояси ҳам шу қадар муҳим экани аён бўлади.

Инсон улғайиб боргани сари ўзлигимизнинг муаззам пойдеворига бўлган қарашларимиз мустаҳкамланиб боради. Шу аснода қалбимизни турли шайтоний қутқулардан, нотўғри қарашлардан асраган иймонимиз каби муқаддас она тилимизга бўлган муносабатимиз ҳам юксалади.

Қарийб бир ойдирки қизғин муҳокамаларга сабаб бўлаётган Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 42 моддасига қўшимча киритиш тўғрисидаги ҳужжат лойиҳасини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Бу ерда ҳеч бир миллатга ёки ўзга тилга нисбатан чеклов ёки нописандлик йўқ. Фақат давлат тилига нисбатан сусткашлик ва лоқайдликларни бартараф этиш назарда тутилган. Ахир ташкилот ёки корхона раҳбари давлат тилига нописанд, лоқайд муносабатда бўлса бошқалардан, тўғрироғи оддий одамлардан нима кутиш мумкин?

Атоқли адиб Абдулла Қаҳҳорнинг “нима учун кўча ҳаракати қоидасини бузган кишига милиция ҳуштак чалади-ю, бутун бир тилни бузаётган одамларга ҳеч ким ҳуштак чалмайди?” деган қилич каби кескир гапини эслайлик. Давлат тилини бузиб гапиргани, амалдаги қонун ва қарорларга риоя қилмагани учун жарима ёзила бошласа, яъни бу қонун кучга кирса, худди йўл қоидасини бузмаслик учун нақадар ҳушёр ва зийрак бўлганимиз каби тилимизга ҳам муносабатимиз ўзгариши табиий.

Бу қонун кучга кирса, шубҳасиз, миллий тил ва адабиётимизнинг мавқеи юксалиши ўлароқ, бой маънавий меросимизни янада чуқурроқ ўрганиш, ёш авлод тафаккурига тилимизнинг бор тароват ва жозибасини сингдириш имкони кенгаяди, халқаро майдонларда ҳам она тилимизнинг нуфузи юксалади.

Озода БЕКМУРОДОВА, 
Тошкент шаҳар Яшнобод тумани ҳокими маслаҳатчиси