« Back

Туҳфа 27.05.2020 12:58

“Болаларни ҳимоя қилиш куни“га муносиб туҳфа

1-июн – “Болаларни ҳимоя қилиш куни“ муносабати билан “Ўзбеккино“ Миллий агентлиги янги мультипликацион сериални тақдим этади, дея хабар бермоқда агентлик матбуот хизмати.

Болаларни ҳимоя қилиш кунида телеканалларимизда янги “Автосаргузаштлар” номли ўзбек мультсериали эфирга узатилади.

Мультфильмнинг бош қаҳрамонлари юртимизда ишлаб чиқарилган Damas, Spark, Matiz, Laccetti, Captiva, Malibu, МAN юк машинаси, ISUZU автобуси ва бошқалардир. Улар ёш телетомошабинларнинг севимли мультқаҳрамонларига айланади.

Мультсериалнинг ҳар бир қисмида қувноқ автомобилларнинг саргузаштлари ва Тошкент шаҳрининг гўзал анимацион манзаралари акс эттирилган.

Ушбу мультфильм нафақат кўнгилочар, балки тарбиявий аҳамиятга ҳам эга. Яъни, уни кўрган жажжи томошабинлар чин дўстлик, меҳрибонлик, меҳнаткашлик, самимийлик, масъулиятли бўлиш каби фазилатларни ўрганади. Шунингдек, улар йўл ҳаракати қоидалари бўйича маълум кўникмаларга эга бўлади.

Мультипликацион сериал 1 июн куни “Oʻzbekiston”, “Bolajon”, “Oʻzbekiston tarixi”, “Oilaviy”, “Yoshlar”, “Mahalla”, “Sevimli TV”, “ZOR TV” каналлари орқали эфирга узатилади.

ЎзА