« Back

Туризм 12.04.2020 12:34

Энди Ўзбекистон бўйлаб виртуал саёҳат қилишингиз мумкин

Бугун бутун дунё бўйлаб тарқаган коронавирус пандемияси сабаб жаҳон мамлакатлари иқтисодий инқироз остонасида турибди. Бир қатор соҳалар эса карантин туфайли буткул ўз фаолиятини тўхтатди. Эпидемия энг қаттиқ зарба берган соҳалардан бири бу, туризм бўлди.

Мадридлик туризм бўйича эксперт Фернандо Гальярдонинг таъкидлашича, карантиндан сўнг энг биринчи бўлиб бизнес туризм оёққа туради. Унинг тахминига кўра, аввалига энди меҳмонхоналарда ресепшнлар бўлмайди. Балки меҳмонлар онлайн тарзда рўйхатга олинади. Ҳар қандай бевосита мулоқотлардан воз кечилади.

Жаҳон иқтисодий форуми коронавирус оқибатида бутун дунёда туризм саноати 1 триллион доллар зарар кўриши мумкинлигини маълум қилди. Айни пайтда эса бу кўрсаткич 600 миллион долларни ташкил этмоқда. Энг ачинарлиси эса, вируснинг тез тарқалиши туризм соҳасида фаолият юритаётган 50 миллион ходимнинг ўз ишини йўқотишига олиб келиши мумкин.

Хўш. Ана шундай қалтис бир вазиятда Ўзбекистонда туризм соҳаси қай аҳволда? Бугун жаҳон мамлакатлари ва халқаро ҳамжамият каби бизни ҳам четлаб ўтмаган, юртимиз миллий иқтисодиётига ўз таъсирини ўтказаётган коронавирус пандемияси ва карантин шароитида миллий туризм соҳасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.

Азиз Абдуҳакимовнинг билдиришича, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан жаҳон туризм бозоридаги фавқулодда вазиятнинг Ўзбекистон туризм соҳасига салбий таъсирини камайтиришга доир тезкор чора тадбирлар ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилган.

Унга кўра, Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ карантин даври тугаганидан кейин туризм соҳасидаги стартап лойиҳалар, жумладан инновацион бизнес ғоялар, айниқса ёшлар ва уларнинг сайёҳларга қулайлик яратишга йўналтирилган дастурларини субсидиялаштириш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, “Ўз диёрингни ўзинг кашф эт” лойиҳаси доирасида маҳаллий аҳолини аудио, фото ва видео материал тўплаш жараёнига жалб этиб, шу асосда “Туризм қишлоғи”, “Туризм маҳалласи”, “Туризм овули” мақомига эга аҳоли пунктлари реестрини кенгайтириш кўзланяпти.

Шунингдек, “Саёҳатингни режалаштир” акцияси ўтказилади ҳамда туризм соҳаси субъектлари билан ҳамкорликда аҳоли орасида пандемиядан кейин Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилишга оид таклиф ва онлайн аризаларни қабул қилишни кенг тарғиб қилиш бўйича электрон тизимни рағбатлантиришга доир чора-тадбирлар амалга оширилиши режалаштирилган.

“Туризм учун янги бизнес ғоялар” онлайн танлови, ижтимоий тармоқларда хорижий сайёҳлар орасида “Ўзбекистондан олган таассуротларим” ва маҳаллий сайёҳлар орасида “Менинг саёҳатим” акцияларини ўтказиш кўзда тутилган.

Миллий телерадиокомпания билан ҳамкорликда экскурсиячи, гидлар ва бошқа мутахассисларни жалб қилган ҳолда “Ўлкашунослик”, “Ёш турист” каби йўналишда кўрсатувлар тайёрланади.

Бундан ташқари, пандемиянинг салбий таъсирини юмшатишга йўналтирилган янги имтиёзлар тақдим этилиши режалаштирилмоқда.

Шу билан бирга, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва унинг ҳузуридаги Миллий PR маркази Ўзбекистонда туризм бўйича виртуал саёҳатларни амалга ошириш имконини берувчи online-tourism.uz сайтини йўлга қўйиш устида ишламоқда.

Бу Ўзбекистон бўйлаб виртуал саёҳат қилиш имконини тақдим этувчи биринчи платформа бўлади.

Ушбу сайт асосан уч йўналишни қамраб олади. Биринчиси, сайёҳлар учун. У Ўзбекистон бўйлаб виртуал турларни амалга ошириш имконини беради.

Бугунги кунда виртуал турларни йўлга қўйиш учун музейлар ва бошқа туристик объектлар билан ҳамкорлик ишлари бошлаб юборилган.

Шу билан бирга, кафе ва ресторанлар ҳамда бошқа туристик объектларнинг виртуал саёҳати йўлга қўйилади.

Туристик бизнес вакилларига бу борада ёрдам керак бўлган тақдирда, online-tourism.uz орқали зарур маслаҳат ва тавсиялар берилади.

Иккинчиси, туристик соҳа вакиллари учун. Меҳмонхоналар эгалари ва менежерлари, туроператорлар, меҳмон уйлари, гидлар ва бошқалар билан ҳамкорлик кучайтирилиб, соҳани янада ривожлантиришга оид ишлар амалга оширилади. Платформа ёрдамида дунёдаги сўнгги трендлар, янгиликлар бўйича вебинарлар, онлайн мушоҳадалар йўлга қўйилади, онлайн қўлланмалар тақдим этилади. Инқироз ва ундан кейинги даврда уларнинг бандлиги таъминланади.

Учинчиси, туризмга оид янги лойиҳаларни амалга оширишни истаган стартаперлар учун. Бу ерда туризмни ривожлантиришга оид янги лойиҳалар, стартаперлар ҳақидаги маълумотлар жамланади, онлайн маслаҳат бериш йўлга қўйилади. Азиз Абдуҳакимовнинг билдиришича,

креатив ғояларга эга кишиларга лойиҳаларни амалга ошириш учун грантлар ажратилиши режалаштирилмоқда.

Туризм соҳасининг миллий иқтисодиётнинг стратегик тармоғи сифатидаги ўрнини кучайтириш, мамлакатнинг ижобий имижини туризм ва инвестиция салоҳияти, тарихи ва маданиятини дунёга тарғиб

қилиш орқали ошириш, юртимизни туризм ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқиш – Ўзбекистон “Миллий тикланиш“ демократик партиясининг энг асосий мақсади ҳисобланади. Шундан келиб чиққан ҳолда партия Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан карантин шароитида миллий туризмни асраб қолиш йўлида амалга ошираётган ишларини қўллаб-қувватлайди. Бу борада “Миллий тикланиш“ партияси 2020-2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида белгилаганидек, туризм маҳсулотларини тарғиб этишда интернет тармоғидан, ноанъанавий маркетинг усулларидан кенг фойдаланиш тарафдори.

Дониёр ТОШБОЕВ,
ЎзМТДП Марказий кенгаши бўлим бошлиғи