« Back

Уйда қолинг! 31.03.2020 11:43

Дилноза Кубаева коронавирус ҳақида: «Бу бир синов. Ундан қай даражада ўтишимиз ўзимизга боғлиқ»

 Кино ва театр актрисаси Дилноза Кубаева «Дарё» мухбири Миролим Исажонов билан суҳбатда карантинни қандай ўтказаётгани ҳақида сўзлаб берди.

«Карантин вақтида албатта, оила аъзоларим ва яқинларим даврасидаман. Деярли кўчага чиқмаяпман. Биласиз, ижтимоий тармоқларда шахсий саҳифаларим йўқ, интернетда ҳам фаол эмасман. Коронавирус билан боғлиқ вазиятлардан кўпроқ телевидение орқали бохабар бўляпман. Шунингдек, интернет нашрлардан фақатгина daryo.uz янгиликларини кузатиб боряпман.

Вақтинчалик карантин баҳона анчадан бери бажаришга фурсат тополмаётган ишларимни ҳам уддалашга интилмоқдаман. Ҳар бир кунимни ўғлим билан мазмунли ўтказишга, унга нималарнидир ўргатишга ҳаракат қиляпман. Бундан ташқари, қадди-қоматим ва юз парваришимга ҳам алоҳида аҳамият қаратяпман. Танаффусдан кейин экранларда гул-гул очилиб чиқишимиз керак барибир (кулади). Уйимиздаги мўъжаз спорт залида шуғулланиб, табиий ниқоблардан кўпроқ фойдаланяпман.

Мутолаага ҳам вақт ажратиб, билимларимни янада бойитяпман. Шу кунларда икки томдан иборат Ислом тарихи китобини ўқиш арафасидаман. Яратган эгам ҳам сабр қилгувчилар билан бирга экан ва сабрлиларни севаркан. Ҳукуматимизнинг коронавирусга қарши кураш ва уни олдини олиш бўйича имзолаётган қонунлари ва талабларини ҳурмат қилишимиз зарур. Бу бир синов. Имтиҳондан қай даражада ўтишимиз фақат ўзимизга боғлиқ», — дейди актриса.