« Back

Уйда қолинг! 20.04.2020 12:29

Синовли кунларни мутолаа билан ўтказамиз...

#Мен_китоб_мутолааси_билан_бандман #chellenj давом этади. Навбатдаги қатнашчи Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев.

– Ўзбек халқи иродали халқ. Бунга тарих гувоҳ. Ҳеч бир нарса ўзидан-ўзи содир бўлмайди. Ҳаёт турфа ранглардан иборат. Биз бугун унинг ҳар бир рангини босиб ўтяпмиз. Синовли кунларда шуни англаяпман, бу кунлар инсоннинг борлиқ, ҳаёт ва ўткинчи дунё ҳақидаги таассуротлари ўзгаришига сабаб бўляпти. Инсонлар калтаклаган шифокорлари қадрига етяпти. Ҳақорат қилган ИИБ ходимларининг қандай кучга эга эканини англаяпти. Юртга ташвиш келганда миллат корига ким ярашини кўрмоқда. Ота-оналар куну тун уйда фарзандларига дарс қилдиряпти. Натижада ўқитувчилар қадри билиняпти. Бу синовли кунлар ёшларга кўчада бекорга санғиб юрмасликни ўргатди...

Иш, хизмат сафарлари, улфатчилик бўлмагандан кейин ҳаёт албатта зерикарли бўлади. Бундай пайтда яхшиям китоб кашф қилинган экан, деб ўйлайсан киши. Ўзимиз ҳам набиралар билан карантин қоидаларига амал қилиб кунимизни ўтказяпмиз. Улар билан бирга дарс тайёрлаяпмиз. Кутубхонамиздаги китобларни бир-бир варақлаяпмиз. Мутолаа оғушида ижод қиляпмиз.

Яқинда машҳур ҳинд актёри Шоҳруххон ҳам карантинда уйда ўтиргани акс этган бир лавҳага кўзим тушди. Кимсан таниқли ҳинд актёри ўз кутубхонасида тинимсиз китоб ўқиётганини айтди. Франциядаги машҳур бизнесменнинг уйдан туриб онлайн ишлаётгани, кўплаб казо-казо инсонлар уйда қолиб ўзларининг севимли машғулотларини бажараётганини кўряпмиз. Шунинг учун юртдошларимиздан ҳам карантин қоидаларига амал қилишини сўраб қолар эдик. Бугун виждони бор инсон уйда ўтиради. Бекордан-бекорга кўчага чопмайди.

Азиз юртдошлар, уйда қолинг, зерикмай десангиз китоб ўқинг. Ҳаётингиз ва тафаккурингизни бойитинг.

ЎзА