« Back

Уйда қолинг 21.04.2020 14:05

Ким билимим ошиб-тошиб ётибди деса, улкан хатога йўл қўйган бўлади

XIV асрда Олмонияда Гутенберг томонидан китоб чоп этилишининг йўлга қўйилиши инсоният тарихидаги энг улуғ ихтиродир, деб олимларимиз якдил тан олганлар. Албатта бу ерда саноат миқёсидаги босмахона деб тушуниш керак. Аслида дастлабки китоблар ундан олдинроқ дунёга келган. Дастлаб ҳайвон териларига, кейинчалик қоғозга. Қоғознинг ватани эса манбаларга ёзилишича Мовароуннаҳр дейилади.

Маълумки, Мовароуннаҳр диёрида яшаб ижод қилган улуғ боболаримизнинг ноёб илмий-маърифий мероси бутун мусулмон оламининг бебаҳо бойлигидир. Чунончи,Тошкентдаги Мусҳафи Усмон ҳақидаги бизга маълум ва номаълум билимларимиз халқимизнинг ва айниқса илм аҳлининг бебаҳо эсдаликка ҳурмат-эҳтироми ҳануз барчани ҳайратга солмоқда. Дунё кутубхоналарида сақланаётган барча китоблар мўъжиза.

Аҳли илм порохнинг ихтиро қилиниши, атом бомбасининг яратилиши, нисбийлик назариясининг кашф этилиши, Ойга чиқиш, Марс сайёрасига қадам қўйиш, саратоннинг давосини топиш эмас, балки айнан китобнинг чоп этилишини башарият тараққиётидаги энг улкан ихтиро деб тан олиши бежиз эмас. Ҳар ҳолда дунё эътироф этган ва энг биринчи бош китоб Тошкентда сақланмоқда. Шунинг учун ҳам биз китобни ҳаммадан кўпроқ ўқишимиз лозим. Бу алоҳида мавзу.

Биласизми, эллик сатр ҳам китоб ўқимаган одамлар бор дунёда. Буюк ҳақиқатлар айни китобларда қолади. Бежизга эмас, улуғ немис мутафаккири Гёте: ”Ҳақиқатларни ҳар куни такрорлаш лозим, чунки атрофимизда хатолар тез-тез такрорланиб туради”, деб ёзган. Тан олайлик, бугун бутун дунёни кўзга кўринмас вирус забт этиб ҳаммани бирданига карахт қилиб қўйган бир пайтда биз яна хатоларимизни тузатиш учун китобдан нажот қидиряпмиз. Сабр, шукур, илм. Бугун ҳам инсоният бошига шундай ташвишли кунлар тушганда: “Китобларда нималар ёзиб қолдирилган экан”, деб илҳақ бўлиб турибмиз. Минг шукурки, кўп китоб ўқиб шифокор бўлганлар бизни қутқариб қолмоқда. Тан олайлик, энг кўп китоб ўқийдиган немис халқи вакцина яратишда ҳам олдинда, балодан талафотни ҳам кам кўрмоқда. Бежиз: “Илм оламни қутқаради”, деб айтилмаган экан. Ҳозир шу илмга асосланган малҳам-вакцинани дунё аҳли интиқлик билан кутмоқда.

Дарҳақиқат, биз ҳали кўп нарсани билмаймиз деб ўйлаш ва билмаслигимизни тан олиш ҳам ҳар ҳолда ижобий баҳоланиши мумкин. Чунки билмаган нарсани билиш истаги инсонни табиатан мутолаага ундайверади, пировардида китобга ундайди. Дунёнинг у чеккасидан бу чеккасига нишонни урадиган ракеталар, бир зумда ахборот узатадиган технологиялар, инсоннинг хоҳлаган аъзосини кўчириш амалиёти, дунёга эгалик қилиш иштиёқи, сунъий ақл, вертуал олам каби ихтиролар ҳам қўқисдан коронавирус таҳдиди олдида ип еча олмаяпти. Илмий башоратлар бор эди, аммо ҳеч ким воқеалар бунчалик жиддий тус олинишини билмаган. Лекин эртами-кечми инсоният унинг ҳам ечимини топади. Ҳозирча олимлар китоб ўқимоқда, тажриба-синовлар қилмоқда. Биз англадик, коинот қанчалик чексиз бўлса, илм манзили ҳам шу қадар чексиз. Шундай экан, ҳатто олим бўлсак ҳам, олган билимларимиз улкан чексизликлар олдида денгиздан қатра эканлигини унутмайлик.

Бешикдан то қабргача илм изла, деб бежизга айтилмаган. Дунё ва коинот нуқтаи назаридан тафаккур юритилар экан , олимлар инсон онгининг чекланганлигини, коинот чексизлигини тасаввурга сиғдириш онгни маълум маънода жароҳатлаб қўйиши мумкинлигини тахмин қилишган. Ҳақиқатдан ҳам бу чексиз олам сир-синоатга тўла. Ноябрь-декабрь ойларида ўз "иши"ни бошлаган бу вирусни мана ман деганлар ҳам беэътибор бўлиб, ҳозир бир-биридан айб қидираётганлар ҳам ғафлатда қолмаган бўлар эди. Ўз вақтида олди олинганида, эҳтимол бу ташвишлар бўлмас эдими? Аслида ҳаммаси тақдирда бори ва Яратганнинг иродаси билан. Ер ҳам коинотдан кузатилганда, айлана шаклидаги маълум ўлчамга эга бўлган планета бўлиб, коинотнинг бир заррасидир. Кексалар кўзга кўринмас балолардан асрагин, деган дуоларини маъноси шу экан.

Ибтидоий ҳаётга қиёслайдиган бўлсак, бугун биз мўъжизалар асрида яшаяпмиз. Бироқ, кўриб турганларимиз, истаймизми-йўқми, бу тезкор асрдаги ҳаёт учун кифоя қилмайди. Боз устига, биз қанчалик ўзимизни асрамайлик, бу глобаль оламда ўзимизни ҳам асраш илмини ҳам ўрганишимиз керак экан. Ахборот хавфсизлиги муҳим деб ўйлаб турган эдик, эпидемологик хавфсизлик ундан ҳам оғир экан. Бу вирус бизга четдан келди. Онгимиз ва тафаккуримизни чархлади.

Модомики, биз ўқиб-ўрганмаган жиҳатлар ҳали кўп экан, ҳозирча ҳаммасини биламан дейишга ҳаққимиз йўқ. Бу олам, аслида,улкан бир жавоҳирлар уммонига ўхшайди. Ким қанча жавоҳир топади, энди унинг ақлий салоҳияти ва қувваи ҳофизасига ва шаксиз қанча китоб ўқишига боғлиқ.

"Қобуснома" китобидаги бир жиҳат эътиборимизни тортади. Унда шундай дейилган: ”Сўз тўрт нав бўлур, халойиқ ҳам тўрт нав бўлур. Бири билади ва билишини ҳам билади. Бу - олимдир, унга тобе бўлмоқ даркор. Бири билмайди ва билмаслигини билади. У - қобилдир, унга ўргатмоқ даркор. Бири эса билади, бироқ билишини билмайди. У - уйқудадир, уни бедор қилмоқ лозим. Бири эса билмайди ва билмаслигини ҳам билмайди. У - жоҳилдир, ундан қочмоқ керакдир”. Тафаккур эгалари ўзи хулоса қилавериш керак бу сатрлардан.

Ким илмлиман, билимим ошиб-тошиб ётибди деса, улкан хатога йўл қўйган бўлади. Келинг уйда қолган пайтимизда, бу дамлар ҳам ўтиб кетадиган ғанимат дамларда китоб ўқийлик, илмимизни оширайлик, азизлар.

Бахтиёр КАРИМОВ, 
Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси, Чилонзор тумани 90-мактаб ўқитувчиси