« Back

Ўзбек ифтихорлари 09.07.2020 14:08

Адиб даҳосига муносиб баҳо

Адабиётнинг таъсирчан кучидан фойдаланиш адибларнинг адабий меросини синчиклаб ўрганиш улар илгари сурган ғояларни таҳлилий назардан ўтказиш билан ҳам боғлиқ.

Ўзбекистон қаҳрамони, Давлат мадҳиямиз матнининг муаллифи Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ижодининг тарғиботи ва ташвиқоти масаласига Тошкент ирригация қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти жамоаси жиддий киришгани ва бу борада анча ишларни амалга ошираётгани қувонарлидир. Институт ректори, профессор Ўктам Умрзоқов раҳбарлигида адиб ижодиёти ва фаолиятига доир янги маълумотларни тўплаш ва тадқиқ этиш вазифаси зиммамизга юклангани бизга чинакам маънода шу йўсиндаги иш режаси ва йўл харитасининг шаклланишига имкон туғдирди.

Институтда ҳам адибнинг ижодини тарғиб қилиш мақсадида йўл харитаси ишлаб чиқилиб шоир ижоди ва ҳаёт йўлига бағишланган кўплаб маънавий-маърифий, бадиий ва ижодий тадбирлар гарчи онлайн тарзда бўлса ҳам аллақачон бошлаб юборилган. Жумладан айни пайтда тузилган иш режасига кўра, Абдулла Орипов ҳаёти ва ижодига бағишланган музей ташкил қилиш, адибнинг ижоди ва ҳаёт йўлига бағишланган онлайн-вебинарлар ташкил этиш, адиб туғилиб ўсган Қашқадарё вилояти Косон туманига талабалар саёҳатини уюштириш, шунингдек, институтда Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш ва шу муносабат билан республика миқёсида конференция ташкил этиш, Абдулла Орипов тўғрисида ҳужжатли фильм яратиш, институтда «Абдулла Орипов издошлари» тўгарагини ташкил этиш, Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номидаги ижод мактаби билан ҳамкорликда тадбирлар ташкил этиш институт томонидан келгусида амалга оширилиши режалаштирилган. Яқинда Абдулла Ориповга бағишланган онлайн форум ташкил этилди. Унда улуғ шоирнинг рафиқаси ва қизлари, ҳозирда Америкада яшаётган катта қизлари Мавлуда Ориповалар иштирок этишди.

Шунингдек, адиб ижодиётини, унинг серқирра фаолияти ва ижтимоий-фалсафий қарашларини ёритиш, таҳлил этишга қаратилган «Тафаккур томчилари» рукнидаги туркум кўрсатувларни тайёрлаш бошланди. Улар ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашишни истаган замондошларининг суҳбатларидан талабаларимизни баҳраманд қилиш учун «Интервью бурчаги» видеодастури ҳам ташкил этилди. Айниқса, Абдулла Орипов шеърларини овозли шаклда, яъни аудиодискларни тайёрлашга ҳам киришилгани эътиборга молик. Абдулла Орипов шеъриятидан таъсирланган талабаларимизнинг ижодий намуналаридан тузилган «Илҳом булоқлари» номли тўпламни ҳам ректоримиз сўз бошиси билан алоҳида китоб ҳолида чоп эттирилгани шу йўлдаги муҳим қадамдир.

Ана шу вазифалар сирасида амалга оширилган яна бир хайрли иш тарбиячи педагог Дилором Саъдуллаеванинг шоир хонадонига бориб, уларнинг рафиқалари билан самимий суҳбат ташкил этиб қайтгани бўлди. Дилором Саъдуллаева улуғ шоирнинг аёллари Ҳанифа она билан учрашувларини шундай ҳикоя қилади: “Улар мени очиқ юз ва табассум билан кутиб олдилар. Институтимиз жамоаси томонидан қилинаётган ишлардан хурсандчилигини айтиб мени ичкарига таклиф этдилар. Ҳанифа она мени Абдулла Ориповнинг ижодхонасига олиб кириб таништирдилар. У ерда адибнинг кўпгина китоблари, турли даврларда тушилган суратлар, чоп этилмаган 500дан ортиқ шеърларига кўзим тушди. Агар уй музейи очилса, барчасини музейга топширишини айтиб ўтдилар.

Ҳанифа она Абдулла Орипов фондини очиш кераклиги ҳақидаги таклифни бермоқчи эканлигини айтиб, бу фонд иқтидорли ёшларни қўллаб қувватлашга қаратилган бўлиши кераклигини эътироф этдилар.

Ҳар бир буюк инсон ортида буюк аёл туради дейишади. Уларнинг ҳам буюк аёл эканликларига амин бўлдим. Шоирни шоир қилган аслида, умр йўлдоши бўлар экан. Чунки, уларнинг асосий илҳом парилари ана шу вафодор ва жафокаш аёллари эканини изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак...”

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2018 йил 24 мартда тасдиқланган «Қашқадарё вилоятида туризм соҳасини комплекс ривожлантириш, жумладан, тоғли ҳудудларда экологик туризмни ривожлантириш юзасидан чора-тадбирлар дастури»да 2019 йил 9 майдан бошлаб ҳар йили Абдулла Орипов хотирасига бағишланган «GOLDEN WORD» халқаро адабиёт фестивалини ўтказиш вазифаси белгилангани ҳам муҳим ижтимоий ҳодисадир.

Тошкент ирригация қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Матбуот хизмати