« Back

“Ўзбеккино” 27.09.2019 17:05

Озарбайжон киноси кунлари бўлиб ўтмоқда

“Ўзбеккино” Миллий агентлигида   мамлакатимизда бўлиб турган Озарбайжон делегацияси ҳамда ўзбек кино ижодкорлари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар ўзбек-озар халқларининг асрлар давомида шаклланган ўзаро дўстлик ва маданий муносабатлар, кино соҳасидаги ҳамкорлик хусусида сўз юритишди. Ўзбек томошабинлари учун севимли бўлган “Қайнона”, “Аршин мол олон”, “Аҳмад қаерда?” каби машҳур Озарбайжон фильмлари, ушбу картиналарга руҳияти, мавзуси яқин бўлган, Озарбайжонда ҳам томошабинлар меҳрини қозонган “Маҳаллада дув-дув гап”, “Келинлар қўзғолони”, “Суюнчи” каби ўзбек картиналари эътироф этилиб, келгусидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Шундан сўнг пойтахтимиздаги “Зарафшон” кинозалида  тадбирнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Озарбайжон маданият вазирлиги Кинематография бўлими бошлиғи Алмаз Гажибаба, Озарбайжон маданият вазирлиги Кинематография бўлими консультанти Гулнора Жавадова, кинорежиссёрлар, Озарбайжонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Аёз Салаев,  Мирбала Салимли, Шомил Алиев ҳамда киноактёр Мақсуд Маммадовлар иштирок этди.

Тадбирни “Ўзбеккино” Миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов очиб берди ва ўзбек-озарбайжон ижодий ҳамкорлиги истиқболлари хусусида гапирди, ушбу ҳафталик ўзбек томошабинлари учун кино байрами бўлишини таъкидлади. Меҳмонлардан сўзга чиққан Озарбайжон маданият вазирлиги Кинематография бўлими бошлиғи Алмаз Гажибаба қардош халқлар ўртасидаги ижодий ҳамкорлик ва дўстлик тарихи, маданий муносабатларнинг эртанги куни ҳақида тўхталди. Ушбу ҳафталикни ташкил этишга ёрдам берган “Ўзбеккино” Миллий агентлигига самимий миннатдорчилигини билдирди.

— Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги маданий алоқалар ривожига биз киноижодкорлар ҳам ҳисса қўшаётганимиздан хурсандмиз, — деди кинорежиссёр Мирбала Салимли. — Маданий тадбир доирасида Озарбайжон кино ижодкорлари томонидан яратилган энг сара картиналар намойиш этилади. Шулардан бири “Қирмизи боғ” фильмида  бевосита  Ўзбекистондаги мавжуд муаммолар ҳам ўз аксини топган. Бу картина  икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашига ишончим комил.

Мирбала Салимлининг “Қирмизи боғ” фильми 2016 йилда суратга олинган, картинада фарзанд кўриш орзусида яшаётган эр-хотин ҳақида ҳикоя қилинади. Фильмга қўйилган “Қирмизи боғ”  номи метафорик хусусиятга эга. Қирмизи боғ инсон орзу-истакларининг тимсолидир. Фильм 2016 йилда “Евразия”, 2018 йилда Байкал халқаро кинофестивалида “Энг яхши фильм” номинациясида ғолиб бўлган.

Кино кунлари доирасида “Анорзор”, “Ўн аллома”, “Нахичеванлик Ҳусейн Хон. Қайтиш”, “Боку вақт кўзгусида” каби бир нечта фильмлар намойиш этилиши кўзда тутилган.

Рисолат МАДИЕВА