« Back

Ўзбекнинг забардаст шоири 13.05.2020 12:18

Бу — Она Ўзбекистон!

Дунёга ҳоким бўлиш истагида босқинчилик юришини бошлаган фашизм устидан қозонилган ғалабада, албатта, ўша йиллари уларнинг ҳарбий қуролларига қарама-қарши ўлароқ яратилган биздаги қуролларнинг ҳам ўрни катта. Аммо ғолибликнинг асосий илдизи – инсон қалбида, унинг адолатсиз урушга қарши отланган юрагида. Бу аёвсиз жангларнинг қуроли ўша ҳарбий техникалар бўлган бўлса, яна кимлардир сўзу соз билан курашга кирган.

Албатта, гап фронтчи аскарларга хизмат қилган санъаткорлар, уларнинг руҳиятига куч бериш учун шеърлар тўқиган ва ўқиган шоирлар ҳақида кетаётганини пайқагандирсиз. Бундай шоирлардан бири кези келганда ҳар сатрини жангавор аскарга, кези келганда меҳрибон ота-онага, кези келганида бутун бир миллат нидосида айлантира олган Ғафур Ғуломдир. Зийрак ўқувчиларимизнинг ёдига мана шу лаҳзаларда улуғ шоиримизнинг:

Ботир бўл, аяма, қонга қон сўра,
Отанг қасамини айлагил давом.

Токи малъун душман аччиқ сезолсин,
Даҳшатдир биздаги хунин интиқ ом...

каби чорловчи, даъваткор сатрларини ёки бўлмаса:

...Бунда бор: ҳаракат, муҳаббат, шафқат
Ва меҳнат нонини кўрамиз баҳам.
Сен етим эмассан,
Ухла жигарим...

каби хотиржамлик, осойишталик, ишонч бахш этувчи мисраларни, ёхуд:

... Инсон ирқиданман, инсон миллати...
Шу тупроқ заминдир менинг ватаним.

Туғилиш, яшайиш... меҳнат ва насл...
Инсонда не хислат бор бўлса мавжуд.

Барига қобил, барчасига боп.
Шу тупроқ заминда қолажак таним...
Мен яҳудийман...

каби ҳақ сўралган мурожаатлари тушаётгани аниқ. Лекин биз бугун шоирнинг лирик қаҳрамони, лирик “мен”и – она Ватан, Ўзбекистон даражасига кўтарилган “Сен етим эмассан” шеъри ҳақида гапиргимиз келяпти. Тарихлардан маълумки, уруш йиллари Ўзбекистонга жанг бўлаётган ўлкалардан бошпанасиз қолган оилалар, ота-онасиз етим болалар кунда, кун ора эшалонларда олиб келинган.

Улар оч-наҳор, уруш солган даҳшатдан юраклари япроқдай титраган танаси бутун бўлсада, руҳияти майиб кишилар эди. Аслида отаси, ўғли, оға-инисини урушга жўнатиб, “тиқ” этган товушдан умид кутиб яшаётган оналар, опа-сингилларнинг қил сиғмаслиги керак эди. “Ўзимнинг ташвишим ўзимга етарли, бировникини тортишга ҳолим борми?” дейиши керак эди. Аммо бизнинг оналаримиз ҳеч қандай буйруқларсиз, ўз ихтиёрлари билан ўша эшалонларда келган оилалар, фарзандларни қаршилашга вокзалга чиқдилар. Озиб, қорайиб кетган қорачиқларидан ҳануз қўрқув сурати кетмаган уруш жабрдийдаларини уйларига олиб кетдилар.

Ғафур Ғуломнинг:

Сен етим эмассан,
Тинчлан, жигарим,
Қуёшдай меҳрибон,
Ватанинг – онанг.
Заминдай вазмину
Меҳнаткаш мушфиқ
Истаган нарсангни тайёрлагувчи
Халқ бор – отанг бор.
Чўчима, жигарим...

сатрлари ўша инсонларга кенгроқ уйларини бўшатиб, ўзлари кичик ҳужраларига кўчган, зоғора нонининг каттароқ бўлагини (улар меҳмон-да) ўшаларнинг дастурхонига қўйиб, кичикроғини ўзиникиларнинг оғзига тутган ўзбек оналари, Ўзбекистон оталари-оналарининг сўзда чизилган сувратидир.

Шу соғлом ҳавода
Саломат-омон,
Хўрсинмай эркалаб
Она берламас,
Эй улуғ наслимнинг
Юраги, жони,
Кипригингга илинмас,
Йиғидаг зарра...

каби сатрларини бугун ўқиганимизда ҳам халқимиз учун азалий фазилат бўлган, қон-қони, жон-жонига сингиб кетган меҳрнинг нақадар улкан куч эканлигини ҳис қиламиз. Ахир, эвакуация қилинганлар бомбардимонларни, мина портлашларини, ўлимларини кўрган эдилар. Уларнинг руҳиятини фақат ош-нон билан бутун қилиб, парчаланган туйғуларини тиклаб бўлмасди. Буни меҳр-муҳаббат отлик беқиёс туйғунинг тиллодан ҳам қимматли ипларида ямаш керак эди. Улуғ шоирнинг

Нега чўчиб тушдинг,
Мурғак тасаввур,
Гўдак хаёлингга
Нималар келди?
Балки, Одесс даҳшати,
Керчь фожиаси,
Ёввойи махлуқлар,
Қонхўр ваҳшийлар,
Маммаси кесилган
Шўрлик онанинг
Пажмурда гавдаси
Кўзинг ўнгида
Бутун даҳшатила
Акс этар энди,
Отанг хўрландими,
Отанг ўлдими,
Сен етим қолдингми,
Қайғурма, кўзим,
Кўзим усти
Миллатинг бошига дурра...

каби сатрлари билан меҳр-муҳаббатини азоб, изтиробларга малҳам қилаётган Она Ўзбекистон кўз олдимизга келмайдими?

Ўрни келганида шу мавзуга тегишли ҳаётий воқеалар эсга келади. Бир пайтлар “Саодат” журналининг 6-Болалар сонига материал тайёрлаш учун Самарқанд вилоятига – 11 нафар фарзанд тарбиялаётган оилага борганман. Хонадон бекаси Раъно опа (Асли исми Раиса бўлган экан) уруш йиллари Ўзбекистонга олиб келинган етим болалардан бири экан.

Мени саккиз нафар фарзанди бор оила асраб олган. Ойим раҳматли ҳар куни ётишимдан аввал қозонда сув иситиб, тоғорада чўмилтирар эдилар. Опаларим кундузи офтоб ёруғида атрофимда айланиб ўтиришиб сочимни тозалашарди. Мен “чарчаб кетдим, сочимни олдириб ташлай қолинг”, деб ўз тилимда жуғурлардим, аммо ойимлар:

Ўз онангнинг аччиқ қўллари силаган тилло сочларингни қирқай? Онажонингнинг қўлларининг тафтини ҳис қилиб, яшайсан-да... деган эканлар. Менга бу гапларни таржима қилиб беришганида сочимни икки қўлим билан қучоқлаб роса йиғлаганман. Ўша асраб олган ойим байрамларда менга қип-қизил туфлилар олиб бериб, ўзлари эски ковушда қолганларида, оқ батис кўйлак кийдириб, ўзлари ҳар кунги кўйлагини ювиб кийганларида:

Катта бўлиб, ўзбек йигити билан турмуш қуриб, кўп ўзбек фарзандларни дунёга келтираман ва, албатта, онамнинг менга қилганларини болаларимга қайтариб, улар олдидаги қарзимни узаман, — деб аҳд қилганман... Раъно опанинг бу ҳикоясини кўз ёшисиз тинглаб бўлармиди? Айнан ўша лаҳзаларда Ғафур Ғуломнинг:

...Сен кулаётибсан,
Балки, бу кулги
Сўнгги ойлар ичра
Биринчи чечак.
Лаъли лабингдаги
Ғунча табассум,
Албат, толеингга
Муҳр бўлади.
Ва бунда акс этар
Порлоқ келажак...

Сатрлари хотирга келмайдими? Фақат хотирга келибгина қолмай, тилло сочли, мовий кўзли қизчалар бошига иссиқ қўллари, меҳрли кўзлари билан энгашиб турган Ўзбекистонни ҳис қилмаймизми?

Қишлоғимизда Солия чеча деган кўзлари мовий, оқ-сариқдан келган қариндошимиз бўларди. Қариндошлиги шундаки, у киши бизнинг она уруғимиздан бўлган Ўрозимбет оға деган кишининг рафиқалари эди. Гапдан, гап чиқиб, онам Солия чечанинг уруш йиллари юртимизга келтирилган болалардан эканлигини гапириб берган эдилар. Мени бу ҳикояда ўзига тортган нарса шу эдики, Солия чеча турмушга чиқадиган ёшида уни Харковьдан қариндоши ахтариб келган экан.

Шаҳарда яшайсан, бир жўмрагидан иссиқ, бир жўмрагидан совуқ сув келиб турадиган, топ-тоза ҳожатхонали уйим бор, бу ерда қора ўчоқда қора қумғоннинг чойини ичиб юрмайман, — деган экан ўша қариндоши. Шунда Солия чеча:

Мени мана шу ўчоқ, қора қумғонлар билан бирга шу оппоқ юракли инсонлар асраб қолди. Мен сизга яхши ҳаёт учун эргашиб кетсам, туз ичган тузлуғимга туфурган бўлмайманми... деган экан... Аслида кимнинг шундай шароитга кетгиси келмайди? Лекин Солия чечанинг йўлини “Яхшиликка, албатта, яхшилик қилиш керак” деган ўзбекона тарбия тўсганига ишончим комил. Мен ўшанда уруғ-аймоғимиздаги маърака, тўйларда жимгина хизмат қилиб юрадиган, соф ўзбекча гапириб, ўзбекча кийинадиган бу чечанинг юрагида шунча ажойиб туйғулар яшаётганидан ҳайратланганман. Илгарилари ҳеч ишим бўлмайдиган аёл атрофида:

“Чеча, чеча”лаб гирдикапалак бўлиб қолганман.

Шу ўринда яна академик шоиримизнинг:

Сен тезда улғайиб,
Олам кезасан.
Манглайда порлаган
Тлеинг – қуёш
Бутун ер юзини
Қилур мунаввар.
Ҳарорат емилирур,
Зулм янчилур,
Жаҳонда бўлурмиз
Озод Музаффар...

деган башоратини эслаймиз. Бизга ўза музаффар халқнинг авлодларига мунаввар кунларда яшаш бахти насиб қиляпти.

“Сен етим эмассан” шеъри уруш йилларининг ўзидаёқ асл фарзандларини фронтга жўнатиб, уларнинг қанчасидан айрилиб, кўнгли кемтик ҳолда ҳам жабрдийдаларни бағрига босган меҳрли она Ўзбекистон овози билан турли тилларда янгради. Оиласи, болаларидан хавотирда бўлган жангчилар қалбига: “Улар бехавотир жойда, улар қуёшли юртда”, деган тасаллини берди.

Биз бугун ўз овозига – шеърнинг лирик “мен”и овозига Ватан қиёфасини, она-ота Ватан тимсолини бирлаштира олган ўзбекнинг забардаст шоирини — ўзбаки қиёфали, ўзбаки қалбли устоз Ғафур Ғуломни ҳам ҳақли равишда ҳурмат билан ёд этамиз.

Қутлибека РАҲИМБОЕВА