« Back

Янги китоб 16.04.2020 13:51

Ўзбек нони ҳақида китоб нашр этилади

Ўзбек дастурхонини тандирдан янги узилган нонсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Нон ҳам палов сингари халқимизнинг номоддий маданий мероси ҳисобланади, зеро унинг ҳам ўзига хос тарихи бор. Ўзбекистонга ташриф буюрувчи сайёҳлар ҳам доим ўзбек нони таъмига юқори баҳо бериб, ҳатто ўзлари билан бирга олиб кетади.

Машҳур ва мазали ўзбек нонлари ҳақида таниқли ошпаз Баҳриддин Чустий китоб ёзиб, нашрга тайёрлади.

Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида тайёрланадиган нонлар бир-биридан фарқланади. Шунинг учун муаллиф ўзбек нонларини тайёрлаш усуллари ва технологияларига оид билимларини янада бойитиш ҳамда уларни бир китобга жамлаш мақсадида мамлакатимиз ҳудудлари бўйлаб саёҳат қилди.

Б.Чустийнинг айтишича, китобда 50 дан ортиқ турдаги нон ва нон қўшиб тайёрланадиган 10 хил таом тайёрлаш усули жамланган.

— Улар орасида қадимги унут бўлган ва барчага маълум усуллар, шунингдек, янги тадқиқотлар келтирилган. Шунинг баробарида китобдан нон ва нонли таомларни пишириш маданияти ва урф-одатлари, тандир, чакич ва нон билан боғлиқ барча маълумотлар бор, — дейди ошпаз муаллиф.

Китоб дастлаб ўзбек тилида нашр этилади, кейинроқ уни рус, инглиз ва турк тилларида ҳам нашр этиш режалаштирилган.

Китоб яқин кунларда нашр этилади.

ЎзА