« Back

Янги китоб 08.06.2020 13:37

Янги китоб: "Кўнгилдан кўчирмалар"

Кўчирмаларим йиллар ўтиб, охири «Кўнгилдан кўчирмалар»га айланди ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузуридаги «Ижод» жамоат фонди ҳомийлигида чоп этилди”, деб ёзади Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, “ХХI аср” газетаси бош муҳаррири Норқобил Жалил.

photo_2020-06-08_13-39-33 Китобда ижодкор қалбининг руҳий кечинмалари, қувонч ва изтироблари ўқувчи ҳукмига содда ва самимий тарзда ҳавола этилган. Хотиралар, шеърлар, очерклар, суҳбатлар ва эсселарда адабиётга бахшида тақдирлар, Ватан ва миллат ҳаётига эш бўлиб келаётган замондошларимизнинг заҳмат ва шарафга йўғрилган умр йўллари ҳақида қизиқарли тарзда ҳикоя қилинган.

Буни муаллиф бевосита мулоқотда бўлган, бирга ишлаган, сабоқ олган Чингиз Айтматов, Абдулла Орипов, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Тоғай Мурод, Муҳаммад Юсуф, Аҳмад Аъзам, Сирожиддин Саййид, Матназар Абдулҳаким, Мирзо Кенжабек, Эшқобил Шукур, Чори Аваз, Назар Эшонқул, Жаббор Раззоқов, Сафар Остонов, Қулман Очил, Собир Ўнар, Рўзибой Қўлдош каби адабиёт ва журналистика дарғаларига бағишланган асарлардан ҳам билиш мумкин.

Китобга сўзбоши ёзган таниқли адиб Хуршид Дўстмуҳаммад қайд этганидек, ҳар қандай инсоннинг инсонлигини белгилаб берувчи икки буюк туйғу бор: эзгулик ва соғинч.

Шу икки туйғудан улкан руҳ, қувват ва илҳом олиб яратилган асарлар жамланган ушбу китоб катта қизиқиш билан ўқилишига шубҳа йўқ.

ЎзА