« Back

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 04.03.2019 16:52

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ўн саккизинчи ялпи мажлиси тўғрисида

АХБОРОТ

Аввал хабар қилинганидек, 2019 йил 1 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.

Мажлисда ҳукумат аъзолари, вазирлик ва марказий идоралар раҳбарлари, мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошев олиб борди.

Сенат аъзолари томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2018 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисобот эшитилди. Омбудсман фаолиятининг асосий йўналиши сифатида қамоқда сақланаётган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ишлар олиб борилаётгани қайд этилди. Йил давомида парламент палаталари билан ҳамкорликда тасдиқланган Қийноққа солишнинг ҳамда муомалада бўлиш ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳ­қирловчи турларининг олдини олиш бўйича назорат-таҳлил тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш жадвали доирасида Миллий превентив механизм мандати билан қамраб олинган 70 дан ортиқ муассасаларга мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Уларда депутатлар корпуси, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, “Human Rights Watch” халқаро жамоат ташкилоти ва БМТнинг Ўзбекистондаги Болалар жамғармаси ваколатхонаси вакиллари иштирок этди.

2018 йилда Омбудсманга инсон шахсий ҳуқуқлари ва эркинликларини амалга ошириш масаласи бўйича 3923 та мурожаат, шу жумладан, 3489 та шикоят, 428 та ариза ва 6 та таклиф тушди. Парламент назорати субъекти сифатида Омбудсман томонидан 754 та шикоят кўриб чиқилди, бу шикоятлар умумий сонининг 34,9 фоизини ташкил этади. Мурожаат этганлар манфаатлари йўлида жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги 48 та қарор бекор қилинди, судлар қарорларига 14 та протест киритилди. Омбудсман мурожаатлари бўйича прокуратура органлари томонидан жиноят ишлари бўйича судлар ҳукм­лари юзасидан 7 та протест киритилди.

Омбудсман томонидан 2017 йилда амалиётга жорий этилган қонунчилик ваколатлари муваффақиятли синовдан ўтказилди. Парламент палаталари қўмиталарига давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари вакиллари ахборотларини эшитиш тўғрисидаги таклифларни, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилган ҳолатларни, бунга имкон берадиган сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига тақдимномалар киритишга доир ҳуқуқлар амалга оширилди. Фаолиятида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини бузганлиги аниқланган шахс­ларни жавобгарликка тортиш тўғрисида илтимоснома ҳамда фуқаролар манфаатлари йўлида судларга давлат божи тўламай ариза ва даъволар бериш ҳуқуқидан самарали фойдаланилди.

Омбудсман томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларини ва амалиётини янада такомиллаштиришга доир тавсиялар ва таклифлар берилди. Омбудсман ҳисоботи сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2018 йилда ҳуқуқий тарғибот ва маърифатнинг ҳолати ҳақидаги ахборотини эшитдилар.

Таъкидланганидек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида барча соҳаларда ислоҳотлар фаол давом эттирилмоқда. Бу жараёнда бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинмоқда, бу эса, ўз навбатида, қабул қилинган ҳужжатларни ижрочиларга тезкор етказиш заруратини келтириб чиқармоқда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларини ижрочиларга электрон шаклда етказишни таъминлаш вазифаси айнан Адлия вазирлиги зиммасига юклатилган.

Бу борада олиб борилган ўрганиш ва таҳлил айрим ҳолларда қонун ҳужжатлари матнлари давлат ташкилотларининг ҳудудий тузилмаларига ўз вақтида етказилмаётганини кўрсатди. Шуни ҳисобга олиб, Адлия вазирлиги томонидан янги тизим жорий этилиб, унинг доирасида ҳужжатлар минтақавий адлия органлари томонидан ҳудудий, шу жумладан, туман даражасидаги тузилмаларга бир вақтда юборилмоқда. Натижада 2018 йилда барча 1644 та қонун ҳужжати давлат органларига, уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмаларига тўлиқ юборилди.

Бунда нафақат давлат органлари, балки фуқаролар йиғинлари ҳам эътибордан четда қолмади. Барча фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида ҳам ахборотни электрон алмашиш имконияти йўқлигини инобатга олиб, қонун ҳужжатлари матнлари, уларнинг қисқа изоҳлари бир ҳафтада бир марта махсус ахборот ташувчилар ёрдамида етказиб берилмоқда. Бу жараён вазирлик раҳбариятининг бевосита назоратига олинган. Бундан ташқари, давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти мунтазам адлия органлари томонидан ўрганилмоқда. Хусусан, ички ишлар, маданият, халқ таълими вазирликлари ва Давлат статистика қўмитасининг 2018 йилдаги фаолияти таҳлил қилиниб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан зарур чоралар кўрилди.

Мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини таъминлаш мақсадида Интернет тармоғи ва умуман ахборот-коммуникация технологиялари имкониятидан кенг фойдаланилмоқда. Масалан, ўзбек ва рус тилларидаги 54 мингдан ортиқ ҳужжат жойлашган Миллий қонунчилик базаси – “lex.uz” фаолияти мунтазам такомиллаштирилмоқда. Бир кунда ўртача 25 мингдан зиёд фойдаланувчи улардан фойдаланади.

Бундан ташқари, Вазирлик томонидан чет эл фуқароларини, шу жумладан, инвесторларни қизиқтириши мумкин бўлган қонун ҳужжатлари матнларини Миллий базага жойлаштириш бўйича иш бошланди. Биринчи босқичда якуний рўйхат тузилиб, ундаги матнлар инглиз тилига таржима қилинмоқда.

Юридик адабиётлар чоп этиш бўйича ишлар самарали амалга оширилмоқда. Хусусан, 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва кодекслари тўплами ҳамда 274 минг нусхада 43 номдаги юридик адабиёт чоп этилди. Муҳокама этилган масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Шундан сўнг сенаторлар Қашқадарё вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботини эшитдилар. Қайд этилганидек, 2018 йилда ҳудудни комплекс ривожлантириш ва бу жараёнга халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари салоҳиятини жалб қилиш юзасидан муайян ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2018 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 28,4 триллион сўмни ташкил этди ва аввалги йилга нисбатан ўсди. Бунда 14196,5 миллиард сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилди, ўсиш суръати аввалги йилнинг шу даврига нисбатан 105,7 фоизни ташкил этди.

Вилоятнинг ташқи савдо айланмаси 755 миллион АҚШ долларини ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 126,4 фоизни, шу жумладан, экспорт 265,9 миллион АҚШ долларини, ўтган йилга нисбатан 117,5 фоизни, импорт 488,8 миллион АҚШ долларини, ўтган йилга нисбатан 131,9 фоизни ташкил этди. Хорижий сармоялар ҳисобидан 8339,2 миллиард сўмлик капитал маблағ ўзлаштирилиб, шундан 1503,7 миллиард сўми тўғридан-тўғри ва 6835,5 миллиард сўми давлат кафолати остидаги хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳисобига тўғри келади. Йўл-транспорт ва муҳандислик соҳаларида 284 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари олиб борилган. Ижтимоий инфратузилмани янада ривожлантириш бўйича 937,6 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил январь ойида Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида белгиланган вазифаларни бажариш доирасида 521 та лойиҳани амалга ошириш ва 9 мингдан зиёд иш ўрни яратиш учун 2,9 триллион сўм йўналтириш режалаштирилган.

Долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг роли тилга олинди. Жумладан, сўнгги икки йил давомида ҳудудлар учун долзарб ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган 150 дан зиёд масала маҳаллий Кенгашлар сессияларида муҳокама этилган. Маҳаллий Кенгашлар томонидан аҳолини ташвишга солаётган долзарб муаммоларни ҳал этиш хусусида 400 дан зиёд мансабдор шахснинг ҳисоботлари эшитилди, мамлакатимиз тузилмалари раҳбарларига 300 дан ортиқ депутатлар сўрови юборилди.

Шу билан бирга, сенаторлар Қашқадарё вилоятида маҳаллий Кенгашлар фаолияти самарадорлигини оширишга салбий таъсир кўрсатаётган бир қатор муаммо ва камчиликлар борлигини ва маҳаллий Кенгашлар мавжуд салоҳиятдан тўлиқ фойдаланмаётганлигини қайд этдилар. Муҳокама якунлари бўйича вазирлик ва идораларнинг, шунингдек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг вилоятни ривожлантириш масалаларини ҳал этиш бўйича жавобгарлигини оширишга қаратилган Олий Мажлис Сенатининг қарори қабул қилинди.

Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига фуқароларга хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш билан боғлиқ қонун ҳужжатлари ижроси ҳолати ҳамда ушбу соҳадаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти юзасидан парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг кейинги вақтда қабул қилинган Фармон ва қарорларига мувофиқ, 2019 йил 1 январдан бошлаб рухсатнома ёзуви стикерини расмийлаштириш тартиби бекор қилинди ва чет элга чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспорти жорий этилди. Бироқ жойларда ўтказилган ўрганиш бу йўналишда қатор муаммолар борлигини кўрсатмоқда. Шу туфайли Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарига фуқароларга хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш билан боғлиқ қонун ҳужжатлари ижроси ҳолати ҳамда бу йўналишдаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти тўғрисида парламент сўрови юбориш зарурати юзага келди.

Шундан кейин юқори палата аъзолари Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – молия вазирига жисмоний шахслар кўчмас мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, уларни солиққа тортишга доир қонун ҳужжатлари ижроси ҳолати ва бу соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиёти юзасидан парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар.

Қайд этилганидек, “Давлат кадастрлари тўғрисида”ги, “Давлат ер кадастри тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларида жисмоний шахслар кадастр объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, мулк солиғини ҳисоблашнинг ҳуқуқий базаси шакллантирилди. Бироқ мазкур йўналишда олиб борилган ўрганиш натижалари, фуқаролар мурожаатлари, ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрлар таҳлили мазкур соҳада муаммо ва камчиликлар борлигини кўрсатди. Бу эса Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – молия вазирига парламент сўрови юбориш заруратини келтириб чиқарди. Ушбу масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарига умумтаълим мактаблари дарсликларининг давлат таълим стандартлари талабларига мувофиқлиги юзасидан парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар.

Таъкидланганидек, мамлакатимиздаги 9,5 мингдан ортиқ умумтаълим мактабида 5,8 миллион ўқувчи таҳсил олади, уларга 20 дан ортиқ фанлар бўйича 445 минг педагог дарс беради. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан 2017/2018 ўқув йилида она тили ва математика фанлари бўйича ўтказилган ёзма назорат ишлари натижалари ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштириши лозим даражада эмаслигини кўрсатди.

Мамлакатимиздаги вазирликлар ва идоралар, педагоглар, дарслик муаллифлари, олимлар ва экспертлар фикрларини ўрганиш жараёнида мавжуд дарсликларнинг мукаммал эмаслиги ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражасига таъсир қилувчи асосий омиллардан бири экани аниқланди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарига умумтаълим мактаблари дарсликларининг давлат таълим стандартлари талабларига мувофиқлиги юзасидан парламент сўрови юбориш зарурати вужудга келди. Муҳокама якунлари бўйича Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Ўн саккизинчи ялпи мажлис давомида 23 та масала, шу жумладан, 15 та қонун кўриб чиқилди. Сенаторлар томонидан маъқулланган Ўзбекистон Республикаси қонунлари жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишга ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати