« Back

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 01.03.2019 16:28

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлиси тўғрисида

А Х Б О Р О Т

2019 йил 28 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлиси иш бошлади. Унда ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, мамлакатимиз ҳамда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошев олиб борди.

Ялпи мажлис кун тартиби тасдиқланганидан кейин сенаторлар кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилишга киришдилар.

Сенаторлар ишни “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини муҳокама қилишдан бошладилар.

Сайлов кодекси 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурига мувофиқ ишлаб чиқилган. Ҳужжатда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш, Президент, Олий Мажлис, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, шунингдек, Марказий сайлов комиссияси фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи сайлов тўғрисидаги амалдаги қонун ҳужжатлари нормаларини бирхиллаштириш назарда тутилади.

Мазкур ҳужжатни ишлаб чиқиш жараёнида сайловга доир қонун ҳужжатларини хатловдан ўтказиш ҳамда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш миллий амалиётини умумлаштириш юзасидан муаяйн ишлар олиб борилди. Бундан ташқари, 20 дан ортиқ мамлакатнинг, шу жумладан, Франция, Голландия, Канада, Италия, Швеция, Бельгия, Польша, Албания, Беларусь, Озарбайжоннинг тажрибаси, шунингдек, халқаро сайлов стандартлари, шу жумладан, ЕХҲТнинг ДИИҲБ тавсиялари, Венеция комиссияси таклифлари ўрганилди.

Сўзга чиққан сенаторлар қайд этганидек, Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси қабул қилиниши сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бирхиллаштиришга кўмаклашибгина қолмай, балки сайловга доир қонун ҳужжатларини ва сайлов амалиётини такомиллаштиришга хизмат қилади. Масалан, Сайлов кодексида мустаҳкамлаб қўйилган нормаларга кўра, Экологик ҳаракат вакиллари учун Қонунчилик палатасида депутатлар ўринларини квоталаш институти чиқариб ташланади, бунда Қонунчилик палатасидаги депутатлар ўринларининг умумий сони (150 та ўрин) сақлаб қолинади.

Шунингдек, Сайлов кодексида катта ижтимоий хавфи бўлмаган жиноятлар ва унча оғир бўлмаган жиноятлар содир этганлиги учун озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларнинг сайловда иштирок этиши бўйича чекловлар олиб ташланмоқда.

Бундан ташқари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига номзодлар кўрсатиш тартиби бекор қилинмоқда. Шу тариқа сиёсий партиялар халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига номзодлар кўрсатишда мутлақ ҳуқуққа эга бўлади.

Олий Мажлис Сенати аъзоларини сайлаш тартиби қонунчилик йўли билан белгилаб қўйилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхати амал қилиши тартиби қонунчилик даражасида тартибга солинмоқда, бу сайловчини “битта сайловчи – битта овоз” принципи бўйича фақат битта сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби татбиқ этилишини таъминлайди.

Ҳам муддатидан олдин овоз бериш, ҳам сайлов куни овоз бериш учун ягона ҳужжат – сайлов бюллетени жорий этиш орқали “сайлов варақаси” тушунчаси қонун ҳужжатларидан чиқариб ташланмоқда. Сайловчиларга ўзи ёқлаб овоз берадиган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга белгилардан бирини (+, ✓, Х) қўйиш имкони берилмоқда.

Сайлов кодексида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, ташкилотлар томонидан участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар бўйича таклифлар киритиш тартиби белгиланмоқда. Номзодлар туман, шаҳар Кенгашлари мажлисларида муҳокама этилади ва округ сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилади.

Таъкидланганидек, Сайлов кодексида сайлов комиссияси аъзоларига қўйиладиган талаблар мустаҳкамланмоқда. Жумладан, йигирма бир ёшга тўлган, ўрта ёки олий маълумотга, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар сайлов комиссияларининг аъзолари бўлиши мумкинлиги белгилаб қўйилмоқда. Бунда сайлов комиссияси аъзолари бошқа сайлов комиссияси, сиёсий партиялар аъзолари бўлиши мумкин эмас. Ҳокимлар, прокуратура органларининг, судларнинг мансабдор шахслари, номзодларнинг яқин қариндошлари ва ишончли вакиллари, номзодларга бевосита бўйсунадиган шахслар сайлов комиссиялари таркибида бўлиши мумкин эмас.

Сенаторлар томонидан таъкидланганидек, Сайлов кодексининг қабул қилиниши умумий қоидаларни ягона ҳужжатда бирлаштириш ва сайлов жараёнининг тартиб-таомилларига оид масалаларига, шу жумладан, участка сайлов комиссиялари ишларига аниқлик киритиш, сайлов кампаниясининг ошкоралиги ва очиқлиги принципларини мустаҳкамлаш имконини беради. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг парламент аъзолари “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар. Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ишлаб чиқилди.

Сўзга чиққан сенаторлар репродуктив саломатлик масалалари, умуман фуқаролар соғлиғини, оналик ва болаликни сақлаш, ҳар томонлама ва уйғун баркамол авлодни шакллантириш учун барча зарур шарт-шароитни яратиш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишлари эканини таъкидладилар. Шундан келиб чиққан ҳолда, қонуннинг мақсади – аҳолининг репродуктив саломатлигини сақлаш, бепуштликнинг олдини олиш ва уни даволаш соҳасидаги жамоат муносабатларини тартибга солишдир. Қонуннинг ҳуқуқий тартибга солиниши мамлакат фуқаролари саломатлигини, уларнинг соғлом ва бахтли оила яратиш имкониятларини таъминлашга қаратилган.

Қонунда асосий принциплар белгиланган бўлиб, фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлашни ташкил этишнинг барча босқичларида тиббий хизматлар қулайлиги ва сифатлилиги, фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш ва оилани режалаштириш бўйича давлат томонидан кафолатланган хизматлар ҳажмини таъминлаш, шахсий ҳаётга аралашувдан ҳимояланиш, шахсий ва оилавий сирни сақлаш, инсонпарварлик, инсонга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, репродуктив муаммоларни ҳал қилишда ахборотнинг махфийлиги, репродуктив саломатликни сақлаш масалаларида эркаклар ва аёлларнинг тенглиги шулар жумласидандир. Бундан ташқари, ҳужжатда мазкур соҳадаги давлат сиёсатининг қуйидаги асосий йўналишлари белгиланган: фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасида давлат дастурлари ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалга ошириш; фуқароларнинг саломатлигини сақлаш тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш; ота-оналарда соғлом болалар туғилиши учун жавобгарлик ҳиссини пайдо қилиш орқали уларда онгли муносабатни шакллантириш ва ҳоказо.

Мазкур қонун аҳолининг репродуктив саломатлигини яхшилаш тизимини қонунчилик даражасида мустаҳкамлаб қўйишга кўмаклашиши таъкидланди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнгра сенаторлар “Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган айрим тоифадаги шахслар устидан маъмурий назорат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар. Ҳужжат 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурига мувофиқ ишлаб чиқилганига урғу берилди.

Қонунда маъмурий назоратнинг қуйидаги асосий принциплари мустаҳкамланмоқда: қонунийлик, инсонпарварлик, белгиланадиган чекловларнинг табақалаштирилганлиги ва индивидуаллаштирилганлиги. Шунингдек, маъмурий назорат, маъмурий чеклов, назорат остидаги шахс, назорат остидаги шахснинг яшаш жойи каби таянч тушунчаларга аниқлик киритилмоқда. Суд томонидан вояга етган ўта хавфли рецидивист деб топилган шахсларга; оғир ёки ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган шахсларга; Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига биноан оғир ёки ўта оғир жиноят ҳисобланадиган қилмишларни содир этганлик учун бошқа давлат ҳудудида озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ўтаган шахсларга нисбатан маъмурий назорат ўрнатилиши мумкинлиги белгиланмоқда. Бунда маъмурий назорат судланганлиги олиб ташланган ёки судланганлик ҳолати тугатилган шахсларга нисбатан ўрнатилиши мумкин эмас. Бундан ташқари, назорат остидаги шахсларга нисбатан суднинг содир этилган қилмишнинг хусусияти ҳисобга олинган ҳолдаги қарори асосида маъмурий чекловларга аниқлик киритилмоқда ва улар тўлдирилмоқда (алкоголли ичимликларни истеъмол қилишни тақиқлаш ва ҳоказолар).

Шу билан бирга, қонунда белгиланишича, қўлланиладиган маъмурий чекловлар суд томонидан ички ишлар органларининг тақдимномасига ёки назорат остидаги шахснинг ёхуд унинг вакилининг аризасига, шунингдек, меҳнат жамоасининг, жамоат бирлашмасининг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг илтимосномасига биноан, назорат остидаги шахснинг турмуш тарзи ва хулқ-атвори ҳақидаги маълумотлар инобатга олинган ҳолда қисман бекор қилиниши мумкин.

Муҳокама чоғида қайд этилганидек, қонун аввал судланган шахслар томонидан жиноятлар такроран содир этилишининг олдини олишга, уларда жамиятда ўзини ижобий тутишга мойилликни яратишга, шунингдек, қайта тарбиялашда ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда жамоатчиликнинг ролини оширишга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан кейин сенаторлар “Ҳукуматни шакллантириш тартиби демократлаштирилиши ва унинг масъулияти кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар.

Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2-бандига мувофиқ ишлаб чиқилди.

Жумладан, тузатишларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзолари номзодларини кўриб чиқиш ва маъқуллаш тартиби назарда тутилмоқда. Бундан ташқари, қонунда мустаҳкамланаётган нормага кўра Бош вазир Ўзбекистон Республикаси ҳукумати аъзолари билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган тегишли йилга мўлжалланган Давлат дастури ижросининг бориши тўғрисидаги ҳисоботни ҳар чоракда Олий Мажлис палаталарига тақдим этиши керак.

Сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, мазкур қонун қабул қилиниши ҳукумат фаолияти устидан парламент назоратини кучайтиришга кўмаклашади ва Вазирлар Маҳкамасини шакллантиришнинг демократик тартиб-таомилларини таъминлайди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

“Баъзи давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ҳам сенаторлар томонидан муҳокама этилди. Қонунда Ўзбекистон Республикасининг бир қанча қонунларига Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторлар меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш механизмини такомиллаштиришни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Қонун билан Фуқаролик процессуал кодексига, Иқтисодий процессуал кодексига ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига суд ишларини юритиш иштирокчилари ва суд мажлиси залида ҳозир бўлганлар ёзма қайдлар қилиш, стенограмма юритиш ва овоз ёзиб олиш ҳуқуқига аниқлик киритишни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда. “Судлар тўғрисида”ги қонун Ўзбекистон Республикаси Олий судининг қонунларни шарҳлаш ва (ёки) муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисидаги тақдимномани Олий суд раиси томонидан Олий суд пленуми кўриб чиқиши учун киритиш ҳақидаги норма билан тўлдирилмоқда.

Бундан ташқари, бир қатор қонунларга Вазирлар Маҳкамасининг Олий Мажлис палаталаридаги ваколатли вакилининг Қонунчилик палатаси қўмиталари мажлисларида қонун лойиҳалари муҳокамасида иштирок этиш ҳуқуқини назарда тутадиган ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг аъзоларига, давлат бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига юборилган парламент сўровига, шунингдек, сенаторнинг, Қонунчилик палатаси депутатининг сўровига ўз вақтида жавоб юборилишини таъминлашда кўмаклашиш, шунингдек, қонун ижодкорлиги фаолияти ва парламент назорати соҳасида Вазирлар Маҳкамасининг Олий Мажлис палаталари билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш функцияларини кўзда тутадиган ўзгартишлар киритилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар.

Жиноят, Жиноят процессуал кодексларига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга учувчисиз учадиган аппаратлар, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини қонунга хилоф равишда олиб кирганлик, ўтказганлик, олганлик, сақлаганлик ёки улардан фойдаланганлик, шу билан бирга учувчисиз учадиган аппаратларни сақлаш, улардан фойдаланиш ёки бошқа шахсларга бериш тартибини бузганлик, шунингдек, улардан бошқа мақсадларда фойдаланганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда. Бунда учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб киришда, ўтказишда, олишда, сақлашда ёки улардан фойдаланишда уларни ўз ихтиёри билан топширган шахс жавобгарликдан озод қилиниши ҳақида қўшимча киритилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 апрелдаги фармони билан тасдиқланган Қурилиш фаолиятини такомиллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастурининг 2-бандига мувофиқ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жарима миқдорлари оширилишини, қурилиш соҳасида назорат қилиш ва йўл-қурилиш ишларининг сифати устидан назорат қилиш инспекцияларининг кўрсатмаларини бажармаганлик (якка тартибдаги уй-жой қурилиши объектларидан ташқари), объектларни қурилиш соҳасидаги ва йўл-қурилиш ишларининг сифати устидан назорат қилиш инспекцияларининг рухсатисиз қурганлик учун жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда. Бунда архитектура ва қурилиш органларининг маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги баённомаларни тузишга оид ваколатлари Қурилиш соҳасида назорат қилиш ва йўл-қурилиш ишларининг сифати устидан назорат қилиш инспекцияларига берилмоқда.

Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзганинг товар белгисидан, хизмат кўрсатиш белгисидан, товар келиб чиққан жой номидан ёки фирма номидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик, муаллифлик ҳуқуқини ва турдош ҳуқуқларни, ихтирога, фойдали моделга ва саноат намунасига бўлган ҳуқуқларни бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган ўзгартишлар киритилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Парламент юқори палатаси аъзолари “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар.

Қонун нормалари парламент қуйи палатасининг назорат-таҳлил фаолиятидан келиб чиқиб ишлаб чиқилган ҳамда фуқаролар, кенг жамоатчилик вакилларига атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш масалалари бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиш ва жамоатчилик экологик экспертизасини ўтказишда иштирок этиш ҳуқуқини беришга қаратилган. Қонунда бир қатор давлат органларининг, шу жумладан, Вазирлар Маҳкамаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари белгиланган. Қонунда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш устидан экологик назорат бўйича махсус ваколатли давлат органлари –Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлигининг вазифалари ҳам белгилаб берилмоқда.

Сўзга чиққан сенаторлар таъкидлаганидек, қонуннинг қабул қилиниши атмосферага ташланаётган зарарли чиқиндилар ҳажмларини камайтиришга ва ҳаво мусаффолигини таъминлашга, бу орқали атроф- муҳит, инсон ҳаёти, саломатлиги ва генофонди хавфсизлигини таъминлашга, экологик барқарорликни сақлашга хизмат қилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнгра сенаторлар “Маҳкумларнинг ҳамда қамоқда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини муҳокама қилдилар.

Мансабдор шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) олдидаги масъулиятини кучайтириш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи норма билан тўлдириш таклиф этилмоқда.

Бундан ташқари, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар Омбудсман томонидан доимий равишда қамоқда сақлаш жойларига кириш, қамоқда сақланаётган шахслар сони ҳақида маълумот олиш, уларни сақлаш шароитини ўрганиш, қамоқда сақлаш жойларидаги шахслар билан холи учрашиш, шунингдек, ушбу жойлар маъмурияти ходимлари билан учрашиш ва ушбу учрашув ҳамда суҳбатларни техник воситалардан фойдаланган ҳолда баёнини ёзиш йўли билан қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазо турларининг олдини олишга қаратилган.

Омбудсманга бундай жойларда шахсни сақлашнинг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан танишиб чиқиш ва маъмуриятдан уларнинг кўчирма нусхаларини олиш, маъмуриятдан қамоқда сақланаётган шахсни тиббий кўрикдан ўтказиш, унга тиббий, психологик ва бошқа ёрдам кўрсатишни талаб қилиш ва бу тадбирлар ўтказилишида иштирок этиш ҳуқуқи тақдим этилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили энди қамоқда сақлаш жойлари маъмурияти раҳбариятидан қамоқда сақланаётган шахслар ҳуқуқлари, эркинлиги ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалалари бўйича тушунтиришлар олиш, қамоқда сақлаш жойлари маъмурияти раҳбариятининг қонунга зид ҳаракатига (ҳаракатсизлигига) чек қўйиш бўйича кечиктириб бўлмас чоралар кўриш, шахсларни қамоқда сақлаш шароити ҳақида хулоса тайёрлаш ва уни тегишли ташкилотларга ёки мансабдор шахсларга юбориш, шунингдек, тегишли давлат органларига қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазо турларининг олдини олиш фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар киритиш ҳуқуқига эга бўлади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан кейин сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар. Қонунда 24 та қонун ва 8 та кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Хусусан, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги, “Сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка мубтало бўлган беморларни мажбурий даволаш тўғрисида”ги, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги, “Реклама тўғрисида”ги, “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси ички ишлар идоралари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунларга, Ҳаво кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, Фуқаролик кодексига “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонунидан келиб чиқиб, турли хил талқин этиш имкониятини истисно этадиган тушунчалар ва терминлар маъноларига мувофиқ уларни бир хилда қўллашни таъминлашга қаратилган таҳририй тузатишлар киритилмоқда.

Шунингдек, бир қатор қонунларга суриштирув институти такомиллаштирилиши муносабати билан таҳририй тузатишлар киритилмоқда. Процессуал ҳаракатларни видеоконференцалоқа режимида ўтказиш тартиби, шартлари ва асосларини аниқлаш мақсадида Жиноят-процессуал кодекси янги нормалар билан тўлдирилмоқда. “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонунга киритилаётган тузатишга кўра, ички ишлар органларининг тергов бўлинмалари суриштирувчиларига, терговчиларига ва раҳбарларига нисбатан жиноят ишлари Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, Тошкент шаҳар, вилоятлар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар томонидан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментининг терговчиларига, бўлинма раҳбарларига ва бошлиғига нисбатан эса Бош прокурор ёки унинг ўринбосарлари томонидан қўзғатилади.

Қонун қабул қилиниши жиноят процессини янада такомиллаштиришга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан кейин сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар.

Мазкур ҳужжат тўғридан-тўғри амал қиладиган қонун талабларига жавоб бермаслигини инобатга олиб, Олий Мажлис Сенати қонунни рад этиш ва уни маъқуллаш жараёнида юзага келган келишмовчиликларни ҳал этиш учун парламент палаталарининг келишув комиссиясини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Сўнгра сенаторлар “Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини муҳокама қилдилар.

Қонун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, Жиноят, Жиноят-процессуал, Фуқаролик, Ер ва Солиқ кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади.

Қонун қабул қилиниши ер ресурсларидан, айниқса, суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назорати самарадорлигини мустаҳкамлашни ва оширишни таъминлашга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шунингдек, сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар.

Ҳужжатда “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги қонунга, Уй-жой, Ер, Шаҳарсозлик кодексларига ва бир қатор бошқа қонунларга ўзгартишлар киритилмоқда. Масалан, “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги қонунга “халқаро облигация” (эмитент томонидан чиқариладиган ва молиявий ташкилотларнинг гуруҳи томонидан жойлаштириладиган, эмитентнинг мамлакатидан ташқари бир ёки ундан кўпроқ давлатда таклиф этиладиган, бирламчи равишда (шу жумладан, обуна бўйича) фақат ушбу гуруҳ орқали сотиб олинадиган эмиссиявий қимматли қоғоз) тушунчасини киритишни, амалдаги тартиб доирасидан ташқарида “халқаро облигациялар” тушунчасини киритишни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда. Бунга мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қимматли қоғозларни жойлаштириш ва муомалага киритиш квоталари ва тартибини белгилайди.

Сўзга чиққан сенаторлар кейинги йилларда республикада кўрилган чора-тадбирлар туфайли Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” рейтингида Ўзбекистон кўрсаткичи икки баравар яхшиланиб, жаҳоннинг 190 та давлати орасида мамлакатимиз 146-ўриндан 76-ўринга кўтарилганини қайд этдилар. Бироқ соҳанинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш вазифаси ҳали ҳам долзарблигича қолмоқда.

Тузатишлар айнан шунга қаратилган бўлиб, бу бизнес юритиш соҳасида мамлакатимиз нуфузини янада яхшилашга кўмаклашади. Қонунда қулай бизнес-муҳит шакллантиришга қаратилган “Бизнес юритиш” ҳисоботи методологияси талабларини қонун ҳужжатларига киритиш назарда тутилмоқда.

Масалан, кўчмас мулк олди-сотдиси тўғрисидаги шартномани нотариал тартибда албатта тасдиқлатишни бекор қилиш, акциядорлик жамиятлари ва масъулияти чекланган жамиятлар устав жамғармасининг энг кам миқдорига қўйилган талабни бекор қилиш, лицензия талабларидаги устав капиталининг энг кам миқдорига қўйилган талабларни белгилаш тўғрисидаги нормалар киритилмоқда. Шунингдек, акциядорлик жамияти устав капиталида камида 15 фоизлик улушга эга инвесторнинг бўлиши ҳақидаги талабни бекор қилиш назарда тутилмоқда. Амалдаги акциядорлар қўшимча чиқариладиган акцияларни харид қилишда, акциядорлар умумий йиғилишига мажбурий аудитор текширувини ўтказиш учун аудитор ташкилотини белгилаш ваколатини беришда устувор ҳуқуққа эга экани ҳақидаги тартиб белгиланмоқда.

Сенаторлар қонун тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратишнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш имконини беришини қайд этдилар. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан кейин сенаторлар халқаро ҳужжатларни ратификация қилиш тўғрисидаги бир қатор қонунларни кўриб чиқдилар ва маъқулладилар.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўн саккизинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати