« Back

14 январь – Ватан ҳимоячилари куни 13.01.2020 16:28

“ҲАР ОТАДАН ШУНДАЙ ЎўИЛ ТУҒИЛСА...”

Ватанимиз тарихида эрк, озодлик учун курашиб, жонини фидо қилган мард саркардалар жуда кўп ўтган. Улар орасида Хоразмшоҳлар сулоласининг сўнгги вакили, Алоуддин Муҳаммад Хоразмшоҳнинг ўғли Жалолиддин Мангубердининг алоҳида ўрни бор.

Бугунги кунда номи Жалолиддин Мангуберди сифатида ҳар биримизнинг қалбимиздан жой олган бу улуғ саркарданинг исми ростдан ҳам Мангуберди бўлганми? Ўзи умуман Мангуберди деган исм ўзбеклар тарихида учрайдими?

Мазкур саркарданинг номи кўплаб тарихий манбаларда Султон Жалолиддин Хоразмшоҳ сифатида тилга олинган. Шахсий котиби Шиҳобуддин ан-Насавийнинг “Сийрат ас-султон Жалоладдин Менкбурни” асарида саркарданинг номи Менкбурни тарзида тилга олинган. Жалолиддин Менкбурни сифатининг қўшилишига унинг бурни ёнидаги кичкина холи сабаб бўлган. Маълумки, эски ўзбек тилида, хусусан, Хоразм шевасида ҳам менг сўзи хол маъносини беради. Аслида бошқа туркий тилларда ҳам бу сўз айни маънода ишлатилади.

Ватанни ёв босганда...

1219 йилда Осиёдаги икки қудратли ҳукмдор – Алоуддин Муҳаммад Хоразмшоҳ ва Чингизхон ўртасидаги дипломатик муносабатларнинг бузилиши мисли кўрилмаган қатлу қирғинга йўл очди. Чингизхон бошчилигидаги мўғуллар ўарбга – Хоразмшоҳлар давлатига юриш қилади. Даставвал бу юришга беписандлик билан қараган Хоразмшоҳ душманнинг қудратини англаб етганида кеч бўлганди.

Ҳадсиз, ҳудудсиз бир буюк мамлакат подшоси бўлган бу ҳукмдор ўзининг пухта ўйланмаган, масъулиятсиз сиёсати, хатти-ҳаракатлари, мужмаллиги билан ўлка халқларининг бошига жуда оғир балолар, қонли мусибатлар келтиргани рост. Зотан ички низолар, маҳаллийчилик, ҳудудий бошқарувдаги хатолар мамлакатнинг куч-қудратига таъсир ўтказмай қолмаганди. Қолаверса, Чингизхон ўзининг айғоқчилари ёрдамида мамлакатдаги ички вазиятлар, шоҳнинг заиф томонларини етарлича ўрганиб чиққанди.

Шоҳ аввало чегараларни мустаҳкамламади, кунчиқардан Чингизхон истилоси хавфининг олдини олмади, халқни эмас, инжиқ онаси-ю, бир-иккита қариндошини ҳузурини ўйлаб бутун мамлакатнинг тақдирини хавф остига қўйди.

Кафансиз кетган ҳукмдор

Алоуддин Муҳаммад Хоразмшоҳ Чингизхоннинг бостириб келиши аниқ бўлганда ҳам, ўғли Жалолиддин ва бош­қа доно саркардаларнинг сўзига кирмади: Сирдарё бўйига бор қўшинни жамлаб ёвни қарши олмасдан “ҳар шаҳар ўзини-ўзи ҳимоя қилсин”, деди ва бу билан мўғул галаларига йўлни бемалол очиб қўйди. Подшоҳ ўғли Жалолиддиннинг: “Ёвга кетма-кет зарба берайлик”, дея неча марта қисташига эътибор бермай, сусткашлик қилади.

Ким билсин, агарда подшоҳ Чингизхон тарафидан келган савдогарларни ўлдириб юборган Ўтрор ҳокими ўаюрхонни ўз вақтида жазолаганда бу қирғин уруш бошланмасмиди? Ўтрор ер билан яксон қилинади, ўаюрхон ҳам мўғуллар томонидан ўлдирилади, неча минг бегуноҳ одамлар қатл этилади, подшоҳнинг онаси, хотинлари, қизлари асир олинади...

Дўппи тор келиб, душман остонага етиб келганида султоннинг ўзига ҳам жон ширинлик қилади. Термиз мўғуллар томонидан олингач, Мовароуннаҳрни ташлаб Хуросонга қочади.

Афсуcки, Хуросонда ҳам бирор доруломон жойни тополмай, Ҳазар (Каспий) денгизи бўйларига яширинмоқчи бўлади. Орқасидан мўғуллар қувиб келаётганидан ваҳимага тушган шоҳ кемага тушиб, денгизнинг ўртасидаги Ашур-ада оролидан паноҳ топади. Бу кимсасиз орол султоннинг сўнгги манзили эди. Айтишларича, шоҳ ўлганда уни ўраш учун кафан ҳам топилмайди ва эгнидаги чопони билан дафн қилишади.

Чингизхоннинг эътирофи

Салтанатнинг тақдири ҳал бўлаётган бир пайтда отасидан тахтни қабул қилиб олган Жалолиддиннинг зиммасига жуда катта масъулият юкланган эди. У она халқи душман исканжасида, Ватани ўт ичида қолган бир пайтда мардона бош кўтариб чиқади.

Садоқатли, ботир, ёвқур аскарлари билан Чингизхон қўшинларига қарши то сўнгги нафасига қадар мардонавор жанг қилади. Айниқса, Синд дарёси бўйидаги мисли кўрилмаган жасорати ҳатто ғанимларни ҳам ҳайратга солади. Сон-саноқсиз мўғуллар қўшини Жалолиддин бошчилигидаги хоразмликларни тобора ўраб, янчиб келмоқда эди. Орқада асов тўлқинлар, олдинда эса тиш-тирноғигача қуролланган қонхўр ёв. Жалолиддин ва унинг сафдошлари бор кучларини ишга солиб курашадилар. Жалолиддин бу жангда ўнлаб мўғул жангчилари билан яккама-якка олишиб, уларни асфаласофинга жўнатади. Унинг жасоратидан манаман дегун мўғул саркардалари ҳам талвасага тушиб қолишади.

Жангни кузатиб турган Чингизхон Жалолиддинни тириклай қўлга олишни амр қилади. Жалолиддин ва унинг бир неча содиқ жангчиларини сиқувга олган “жонли ҳалқа” тобора қисқариб борарди.

Нажот йўқлигини билган Жалолиддин ўзига қарашли ҳарам – аҳли-аёли-ю, бола-чақасини дарёга ташлашни буюради. Зотан бошқа чора йўқ, ваҳший мўғулларнинг қўлига тушган аёлларни мудҳиш қисмат кутарди. Султоннинг ўзи тик жарликдан отини дарёга сакратади ва тезда нариги қирғоқдан чиқади. Буни кўриб турган Чингизхон: “Отадан ўғил туғилса, шундай туғилсин!” – деб юборади.

Жалолиддиннинг жасорати ва ҳалокати

Мўғуллар истилоси даври тарихчиси Фазлуллоҳ Рашидиддин ўзининг “Жомеъ ат-таворих” асарида Султон Жалолиддин ҳаёти ва фаолияти ҳапқида қимматли маълумотларни ёзиб қолдирган.

“Султон Жалолиддин Ироқ ва Озарбайжонда фатҳ ишларини олиб борди. Ҳижрий 615 (милодий 1218) йилнинг бошларида у Исфаҳондан Табризга келди, у ердан Гуржистонга йўл олди. Гарчи Гуржистон ва унинг иттифоқчилари қўшини сон жиҳатидан кўп бўлса-да, Жалолиддин уларни осонликча маҳв этди. Шу ўринда кўпгина тарихчилар кучларни бирлаштириб, мўғулларга қарши жанг қилиш ўрнига, Гуржистонда ғазот қилиб, исломни қабул қилмаган гуржиларни ўлимга буюргани Султон Жалолиддиннинг энг катта хатоларидан бири бўлганини таъкидлашади.

Шундан сўнг султон ҳозирги Туркия ҳудудидаги Ҳилот шаҳрини икки ой қамал қилади ва эгаллайди. Ўзи Малик Ашрафнинг саройига ўрнашади. Султоннинг хазинаси малик Ашрафнинг бойликлари билан яна тўлади. Ён атрофдаги ҳукмдорлар унга қутловлар ва совға-саломлар жўнатадилар. Султонни кутилмаган бу ғалаба бироз хотиржам қилиб қўйганди.

У гарчи кейинчалик Кавказ, Миср ва Шомдаги ҳукмдорларни бирлашиб, мўғулларга қарши курашишга даъват қилган бўлса-да, саркардалар ўртасидаги келишмоқчилик, қоларверса, султоннинг саломатлиги билан боғлиқ муаммолар сабаб унинг салтанатига путур етади. Мўғул қўшинлари ҳар галгидек бу имкониятдан ҳам усталик билан фойдаландилар.

Шер кўксига урилган тиғ

1231 йил. Жалолиддин Мангуберди саноқли аскар ва мулозимлари билан Амил қалъасидан узоқлашиб борар, мўғуллар уларнинг изига тушгани аниқ эди. Фақат ярим йўлда мулозими Ўтурхон, отбоқар Талсаб, ва отфуруш Маҳмуд ва яна бир қанча одамлари билан мўғулларни чалғитиб орқасидан эргаштирди. Чиябўридай уларнинг изига тушган мўғуллар Султон Жалолиддинни ҳам улар орасида деб гумон қилишганди.

Мўғуллар энди барибир уни тинч қўйишмайди. Чунки, унинг қўлида ҳеч қандай куч қолмади. Энг яқин амирлари ҳам ундан юз ўгиришди, дўстлари хиёнат қилди. Атроф-жавонибдан мадад сўраб жўнатилган номалар жавобсиз қолди. Шу онда унинг сафдошлари ҳам жонларини қутқариш илинжида Жалолиддинни ташлаб кетишди.

Султон якка ўзи курашмаса бўлмаслигини англаб етганди. Кўз очиб юмгунча душманлар етиб келди, икки ўртада шиддатли жанг бошланди. Кучлар тенг эмасди, хасталик султонни бироз ҳолдан тойдирган бўлса-да, имкон даражасига қаршилик кўрсатди. Бир ўзи бир нечта мўғулни ер тишлатгач, қолганларини ўз-ўзидан ортига чекинди. Кўп ўтмай, мўғуллар жуда катта куч билан устига ташланиб қолишидан хавотирланган султон тоғ тарафга от солди. Аммо уни бу ерда курд қароқчилари кутиб турарди.

– Бу султон Жалолиддин-ку, уни тириклай қўлга олинглар, – амр этади уни таниб қолган курдлар сардори.

Султоннинг уларга қарши курашишга ҳоли қолмаганди. Курдлар бир зумда унинг отини, қурол-яроғини, қимматбаҳо кийимларини тортиб олишади. Жалолиддинни қўлга олиш анча қийин кечади. Аммо, ўн нафар курд бирданига ёпишган чоғда шердек бақувват Жалолиддин таслим бўлишдан бошқа чора топмайди. Курдлар султонни Майофариқин қалъаси яқинидаги қишлоқлардан бирида, эгасиз кулбага қамадилар.

“Бу не кўргилик! – Ҳужранинг торгина дарчасидан тушаётган ой шуъласига тикилганча ўйга толади Жалолиддин. – Бир пайтлар Ҳинддан то Гуржистонга қадар бўлган мулкларни бирлаштирган, малъун Чингизхонни ҳам танг аҳволга солган султон Жалолиддин наҳот энди бир ҳовуч қароқчининг қўлида тутқун бўлиб ўтирса?!”

Жалоллиддин қўл-оёқларига чандиб ташланган занжирларга ўкинч билан қараб қўяди. Туйқусдан ташқаридан келаётган шовқинни эшитиб хаёли бўлинади. Зум ўтмай кулбанинг ёғоч эшиги очилиб, бўсағада аллақандай барзанги шарпа пайдо бўлди:

– Султон Жалолиддин Хоразмшоҳ, – дея қаҳ-қаҳа отади барзанги. – Сен мени танимайсан, лекин мен сени жуда яхши биламан. Бундан бир йил аввал Ҳилот жангида укамни сен ўлдиргансан. Ўшанда сенинг кўксингга ханжар ураман деб қасам ичгандим.

Кутилмаганда, курднинг ўткир ханжари султоннинг ўттиз икки йил “эрк, озодлик, адолат” деб уриб келган қалбига санчилади...

Осмон эгнига кўк ёпинди...

Ўн бир йил Ватан озодлиги учун мардонавор жанг қилиб, мўғул лашкарларини саросимага солган буюк саркарда, Султон Жалолиддин Мангубердининг шарафли ҳаёт йўли шу тариқа якун топади...

Мангубердининг шахсий котиби Шиҳобуддин ан-Насавий саркарданинг сўнгги кунлари ҳақида шундай сатрларни битиб қолдирган:

“...У ҳеч қачон, ҳеч бир ерда икки кундан ортиқ ушланиб қолмас, ором билмас эди. У эндигина ором топганда эса жаҳон беқарор бўлди, ўз оромини йўқотди. Қоронғи жаҳонни ёритган қуёш ғарб томон чекиниб, ер остига беркинди... Салтанат мажлисининг шаъми эди, даврани нурлантирди, энди ёнди-ю, сўнди. Шоҳлик бўстонининг гули эди, очилди-ю, энди пажмурда бўлиб сўлди. Ислом аҳлининг уйқудаги бахти эди, уйғонди-ю, сўнг уйқуга кетди... Осмон бу мотамдан эгнига кўк ёпинди. Ер бу мусибатдан сочини юлиб, бошига тупроқ сочди...”

Айрим маълумотларга кўра, унинг қабри Туркиянинг Элазиғ вилояти Пертек тумани Дорултой қишлоғида, Тузук бобо қабристонида бўлиши мумкин.

Буюк саркардага муносиб эҳтиром

Орадан асрлар ўтса-да, Жалолиддин Мангубердининг жасорати тиллардан-тилларга ўтиб, бизгача етиб келди. Унинг қаҳрамонликлари ҳақида асарлар битилди, афсоналар яратилди. Бадиий асарлар ёзилди.

1999 йилда саркарда таваллудининг 800 йиллиги юртимизда кенг нишонланди. Урганч шаҳрида Жалолиддин Мангуберди ёдгорлик мажмуаси барпо этилди. 2000 йилда Жалолиддин Мангуберди ордени таъсис этилди. Унинг ҳаёти ва фаолияти акс этган янги-янги асарлар, фильмлар, сериаллар яратилмоқда. Зотан, буюклик, жасорат, эркпарварликнинг умрибоқийдир.

Комилжон ХУДОЙБЕРГАНОВ,

Рустам ЖАББОРОВ