« Back

Бектемир тумани ҳокимининг ҚАРОРИ 29.10.2019 14:34

БЕКТЕМИР ТУМАНИДА ИЖТИМОИЙ МУҲОФАЗАГА МУҲТОЖ, ИШ ТОПИШДА ҚИЙНАЛАЁТГАН ВА МЕҲНАТ БОЗОРИДА ТЕНГ ШАРТЛАРДА РАҚОБАТЛАША ОЛМАЙДИГАН ШАХСЛАРНИ ИШГА ЖОЙЛАШТИРИШ УЧУН ИШ ЎРИНЛАРИНИ 2020 ЙИЛ УЧУН БАНД ҚИЛИБ ҚЎЙИШ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 й., 5-6-сон, 97-модда) 17-моддаси, “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 29-30-сон, 277-модда) 25-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сон қарори билан тасдиқланган “Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва заҳирага қўйиш тартиби тўғрисида”ги Низомга (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 11.12.2017 й., 09/17/965/0393-сон) асосан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг “Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва грантлар ажратиш тўғрисидаги Низомини тасдиқлаш ҳақида”ги (АВ руйхат рақами №3163-сон, 31.05.2019 й) буйруғига асосан субсидия ажратиб бериш тартиби амалиётга жорий этилганлигини ҳисобга олиб ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли қатламларига мансуб шахсларни квоталанган энг кам сондан ортиқ миқдорида ишга қабул қилинган ташкилотларга ҳар бир ҳодим учун 12 ой давомида ҳар ойда энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида ҳақ тўланишини инобатга олган ҳолда, ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун туманда 2020 йил учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш мақсадида,

Қ А Р О Р   Қ И Л А М А Н:

1. Тумандаги ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш жойларининг энг кам миқдорини белгилаш бўйича комиссия таркиби 1-иловага мувофиқ, 2020 йилда мазкур тоифадаги шахслар учун иш жойларининг энг кам миқдори белгиланган корхоналар ва ташкилотлар рўйхати 2-иловага асосан тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонунининг 17-моддасига асосан туманда ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахслар учун иш ўринларининг энг кам сони 2-иловага мувофиқ ходимларнинг рўйхат бўйича ўртача сони 861 нафарни ташкил этадиган 10 фоиз миқдорида, шу жумладан:

ногиронлар учун 0.08 фоиз (7 нафар, юқорида кўрсатилган иш ўринларига туманда ногиронлар ишга жойлашиш бўйича талаб 7 та бўлганлиги сабабли, келгусида 493 та иш ўринни умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тамомлаган ёшлар, шунингдек, олий таълим муассасаларининг давлат грантлари бўйича таълим олган битирувчилари учун банд этиб қўйилсин);

умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тамомлаган ёшлар, шунингдек, олий таълим муассасаларининг давлат грантлари бўйича таълим олган битирувчилари учун 5.71 фоиз (493 та);

ўн тўрт ёшгача ва ногирон болалари бўлган ёлғиз ва кўп болали ота-оналар учун 1 фоиз (86 та);

пенсияолди ёшидаги шахслар учун 0,97 фоиз (84 та);

сафарбарлик чақируви заҳирасида хизматни ўтаган ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафларидан муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар учун 1,04 фоиз (90 та);

жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки суднинг қарорига кўра тиббий тусдаги мажбурлов чоралари қўлланилишидан озод қилинган шахслар учун 1,10 фоиз (95 та);

ижтимоий муҳофазага муҳтож шахсларнинг бошқа тоифалари, шу жумладан одам савдоси қурбонлари учун 0,08 фоиз (7 та) миқдорида иш ўринлари заҳираси белгилансин.

3. Ушбу тоифа шахслар учун иш ўринлари санитария-гигиена меъёрларига ва ходим ўз меҳнат мажбуриятларини тўсиқсиз бажаришини таъминлайдиган меҳнат қилиш шароитларига, шу жумладан, қуйидагиларга мувофиқ бўлиши керак:

14 ёшгача ва ногирон болалари бўлган ёлғиз ва кўп болали ота-оналар учун – болаларни тарбиялаш ва меҳнат мажбуриятлари бўйича мажбуриятлар бажарилишини бирга қўшиб олиб бориш имконини берувчи ишнинг мослашувчан жадвалига эга бўлган иш ўринлари;

умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тамомлагандан кейин касбни эгаллаган ёшлар, шунингдек, олий таълим муассасаларининг давлат грантлари бўйича таълим олган битирувчилари учун – уларнинг касбий тайёргарлигига мувофиқ бўлган иш ўринлари;

сафарбарлик чақириқ заҳирасида хизматни ўтаган ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафларида муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар учун – уларнинг профессионал тайёргарлигига мос бўлган иш ўринлари;

ногиронлар учун – меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказилган ва ходимга уларнинг соғлиғи ҳолатини ва меҳнат фаолиятига тўғри келмайдиган белгиланган зидликлар ҳисобга олинган ҳолда меҳнат операцияларини тўсиқсиз бажариш имконини берадиган иш ўринлари;

пенсияолди ёшидаги шахслар учун – уларнинг касбий тайёргарлигига мос бўлган ёки махсус малакани талаб этмайдиган иш ўринлари;

жазони ижро этиш муассасаларидан ёки суднинг қарорига кўра тиббий тусдаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахслар учун – уларнинг касбий тайёргарлигини ҳисобга олган ҳолда ёки махсус малакани талаб этмайдиган иш ўринлари;

одам савдоси қурбонлари учун – уларнинг касбий тайёргарлигини ҳисобга олган ҳолда ёки махсус малакани талаб этмайдиган иш ўринлари.

4. Иш ўринлари банд қилиб қўйиладиган касблар ва лавозимлар:

муҳандислар, иқтисодчилар, ҳисобчи, ҳисобчи-тафтишчи, ҳуқуқшунос, зоотехник, агроном, шифокор, ҳамшира, кичик тиббий ходим, иш юритувчи, ўқитувчи, тарозибон, электр ва автоаравача ҳайдовчиси, ташувчи, фаррош, ўтёқар, ободонлаштириш ишчиси, омборчи, ЭҲМ оператори, юкчи, ишчи, боғбон, қоровул.

5. Тумандаги мавжуд корхона, ташкилот ва муассасаларнинг раҳбарлари:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сон қарори билан тасдиқланган “Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва заҳирага қўйиш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ ушбу қарорнинг 2-иловасида кўрсатилган иш ўринлари ташкил этилишини таъминласин;

йил бошланишидан олдин 10 кундан кечикмай муҳтожларни ишга жойлаштириш учун муҳтожлар учун заҳирага қўйиладиган иш ўринлари умумий сонининг камида 25 (йигирма беш) фоизи миқдорида иш ўринлари заҳирага қўйилишини ва тайёрлигини таъминласин, шунингдек, бу ҳақда йил бошлангунга қадар туман Аҳоли бандликка кўмаклашиш марказини хабардор қилсин;

муҳтожлар учун иш ўринларининг қолган қисмини заҳирага қўйиш ташкилот (иш берувчи) томонидан календарь йилнинг биринчи чораги мобайнида таъминласин, бу ҳақда туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига биринчи чорак тамом бўлгандан кейин 10 кундан кечикмай хабардор қилсин;

ташкилот ҳар ойда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5-кунигача туман Аҳоли бандликка кўмаклашиш марказига “Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва заҳирага қўйиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 5-иловасига мувофиқ шакл бўйича муҳтожларни ишга жойлаштириш тўғрисида ахборот тақдим этсин;

ташкилот томонидан муҳтожларни ишга жойлаштириш учун иш ўринлари тайёрлиги тўғрисида ахборот тақдим этилмаслиги, тенг даражада заҳирага қўйиладиган иш ўринларининг белгиланган сони ҳисобига ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг амалда тайёр эмаслиги туман Аҳоли бандликка кўмаклашиш маркази томонидан туман ҳокимининг қарори бажарилмаслиги сифатида қаралиши лозимлиги қайд этилсин.

6. Туман ҳокимининг муҳтожлар учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш бўйича ушбу қарори бажарилмаганда, шунингдек, уларни ишга қабул қилиш асоссиз равишда рад этилганлиги учун ташкилотларнинг мансабдор шахсларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий жавобгарлик белгиланади.

7. Туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази (М.Акбаров) мазкур қарорни беш кун муддатда қарорнинг 1-бандида кўрсатилган ташкилотлар раҳбарларининг эътиборига етказсин ва ушбу қарор бажарилиши устидан назоратни таъминласин.

8. Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун 2019 йилга иш ўринларини энг кам сонни белгилаш туғрисидаги 2018 йил 17 ноябрдаги № 750-сонли қарор 31.12.2019 йилдан бекор қилинсин.

9. Мазкур қарор “Тошкент оқшоми” газетасида расман эълон қилинсин ва туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.

10. Ушбу қарор расман эълон қилинган кундан бошлаб 3 ойдан сўнг кучга киради.

11. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ф.Нигманов зиммасига юклатилсин.

Бектемир тумани ҳокими 

Ш.Мамаджанов

2019 йил 9 октябрь