« Back

Чилонзор тумани ҳокимининг ҚАРОРИ 14.10.2019 15:13

Чилонзор туманида ижтимоий муҲофазага муҲтож ва иш топишда Қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш Ўринларини 2020 йил учун банд Қилиб ҚЎйиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонунининг 17-моддасига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 й., 5-6-cон, 97-модда), “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги (янги таҳрири) Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 25-моддасига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси 2008 йил 7-сон 353-модда), Ўзбекистон Республикаси “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунининг 8-моддасига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2008 й., 4-cон, 190-модда), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сон қарори билан тасдиқланган “Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва заҳирага қўйиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Низомга мувофиқ,

Қ А Р О Р   Қ И Л А М А Н:

1. Чилонзор туманида ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун тумандаги 205 та ташкилотларда аҳолининг қуйидаги тоифалари учун 10 фоиз жами 3418 та иш ўринлари банд қилиб қўйилсин:

ёлғиз ота, ёлғиз она ва 14 ёшгача бўлган ногирон болалари бор кўп болали ота-оналар учун – болаларни тарбиялаш ва меҳнат мажбуриятлари бўйича вазифаларни уйғунлаштириш имконини берадиган, ўзгарувчан иш жадвалига эга бўлган иш ўринлари 15 фоиз – 513 та;

таълим муассасаларини тугатган ёшлар учун – уларнинг касб бўйича тайёргарлигига мувофиқ бўлган иш ўринлари 75 фоиз – 2564 та;

муддатли харбий хизматдан бўшатилган шахслар учун – уларнинг касб бўйича тайёргарлигига мувофиқ бўлган иш ўринлари 2,5 фоиз – 85 та;

ногиронлар учун 1 фоиз – 34;

бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш туман марказида иш қидирувчи сифатида ҳисобда турган пенсия ёшига яқинлашиб қолган шахслар учун – махсус малакали талаб қилмайдиган иш ўринлари 1 фоиз – 34 та;

одам савдосидан жабрланганлар учун иш ўринлари 0,5 фоиз – 17 та;

жазони ўташ муассасаларидан бўшатилган, жазони ўтаётган ёки суд қарорига кўра тиббий характердаги мажбурий чоралар кўрилган шахслар учун – уларнинг касб бўйича тайёргарлик ҳисобга олинган ҳолдаги иш ўринлари, муайян касб-ҳунарга, малакага эга бўлмаган шахслар учун – махсус малакани талаб қилмайдиган иш ўринлари 5 фоиз – 171 та.

2. Чилонзор туманида ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини 2020 йил учун банд қилиб қўйиш лозим бўлган ташкилотлар рўйхати иловага асосан тасдиқлансин.

3. Иш ўринларини банд қилувчи ташкилотлар раҳбарларига:

ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни иш билан таъминлаш учун 2019 йил якунланишидан 10 кун олдин банд қилинган иш жойлари умумий миқдорининг камида 25 фоизи учун, 2020 йилнинг 10 апрелидан кечикмай иш жойларининг қолган қисми 75 фоизини барпо этиш (ажратиш ёки банд қилиб қўйиш) тўғрисидаги, яъни ҳар бир тоифа бўйича иш ўринлари банд қилиб қўйиладиган касблар ва лавозимлар, мутахассисликлар кесимидаги маълумотларни ва қарор бўйича чиқарилган буйруқ нусхаларини туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига тақдим этилсин.

иловадаги шахслар учун иш ўринлари санитария-гигиена нормалари ва меҳнат шароитларига мувофиқлаштирилиши таъминлансин.

4. Ушбу қарор ижроси юзасидан “Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва заҳирага қўйиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари Низом”нинг талабларига қатъий риоя этилсин.

5. Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш қидиришда қийналаётган шахслар учун банд қилиб қўйиладиган иш ўринларини иловада белгиланган миқдордан ортиқча ташкил этган ташкилотлар ушбу иш ўринларини ташкил этишга сарфланган маблағларнинг бир қисмини туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази билан тузилган шартнома асосида Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаш ҳуқуқига эга эканликлари инобатга олинсин.

6. Чилонзор туман Аҳолига бандлигига кўмаклашиш маркази (М.Миролимов):

ташкилотлар раҳбарлари томонидан мазкур қарорни тўлиқ бажариш юзасидан қатъий назорат ўрнатилсин.

7. Чилонзор тумани ҳокимлигининг ташкилий-кадрлар гуруҳи (Н.Максудов), туман Ахборот ва коммуникация технологияларини ривожлантириш бўлими (Б.Абдухамидов) ва Матбуот хизмати (М.Боллиева):

Мазкур қарор “Тошкент оқшоми” ва “Вечерний Ташкент” газеталарида расмий эълон қилинсин ва www.сhilonzor.uz веб-сайтига жойлаштирилсин.

8. Чилонзор туман ҳокимининг 2018 йил 25 декабрдаги “Чилонзор туманда ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини 2019 йил учун банд қилиб қўйиш тўғрисида”ги 1541-сонли қарори 2019 йил 31 декабрдан ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

9. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.

10. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари И.Алимов зиммасига юклатилсин.

 Чилонзор тумани ҳокими

 С.Махаметов

2019 йил 8 октябрь