« Back

Делегация 05.12.2019 15:32

ТОШКЕНТ – ДУШАНБЕ МУНОСАБАТЛАРИ ЯНГИ БОСҚИЧДА ДАВОМ ЭТАДИ

Хабар қилинганидек, Душанбе шаҳри раиси Рустам Эмомали бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи доирасида 4 декабрь куни Ўзбекистон ва Тожикистон пойтахтлари раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев делегация аъзолари билан мулоқотда халқларимизни кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик, ягона дин, ўхшаш маданият, урф-одат ва анъаналар боғлаб туришини алоҳида қайд этди. Ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболларидан келиб чиқиб, пойтахт шаҳарларимиз ўртасида ҳар томонлама муносабатларни ривожлантиришга тайёр эканини билдирди.

Рустам Эмомали Тошкент шаҳрида рўй бераётган ўзгариш ва янгиланишлар жараёни Тожикистонда катта қизиқиш билан кузатиб борилаётганини таъкидлади. Тошкент шаҳрининг қурилиш соҳасидаги замонавий тажрибаси билан яқиндан танишиш истагини билдирди. Келаси йили Душанбеда Тошкент кунларини ташкил этиш, тадбир доирасида ёшлар форумини ўтказишни таклиф қилди.

Учрашувда манфаатли соҳаларда шерикликни мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Музокаралар сўнгида 2020-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Тошкент шаҳри ва Тожикистон Республикасининг Душанбе шаҳри ижроия қўмиталари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда биргаликда бажариладиган тадбирлар режасини амалга оширишга қаратилган битим имзоланди.

Делегация аъзолари Тошкентда амалга оширилаётган ўзгаришлар, шаҳарнинг янгиланаётган қиёфаси мисолида эса мамлакатимиздаги ислоҳотлар самаралари, инфратузилмани ривожлантиришдаги саъй-ҳаракатлар натижалари билан яқиндан танишди.

Меҳмонлар пойтахтимизда барпо этилаётган ер усти метро линиясининг Яшнобод тумани ҳудудидан ўтадиган қисмида олиб борилаётган қурилиш ишлари, янги йўналишда ҳаракатланишга мўлжалланган вагонларни кўздан кечирди. Қурилиш соҳасида тажриба алмашиш Тожикистон учун муҳим экани қайд этилди.

Ташриф доирасида Душанбе шаҳар раиси Рустам
Эмомали Учтепа туманида жойлашган “Манзарали боғдорчилик ва гулчилик” масъулияти чекланган жамиятига қарашли иссиқхона билан танишди.

Мазкур иссиқхонани модернизация қилиш мақсадида 2018 йилда Туркия, Голландия, Италия каби илғор давлатлар тажрибаси ўрганилди. Мажмуани замонавий талаблар асосида қайта таъмирлаш ва жиҳозлаш учун 4 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилди. Натижада жорий йил иссиқхонада 15 миллион дона гул кўчати етиштирилди. Ушбу гуллар бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Тожикистон Республикасига ҳам экспорт қилинмоқда. Делегация аъзолари айни ҳамкорликни келгусида юқори суръатларда давом эттириш зарурлигини қайд этди.

Душанбе шаҳри делегацияси шу куни Самарқандда бўлди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов мақбара-мажмуасига ташриф буюрди, мустақиллигимиз асосчиси хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Шунингдек, қўшни давлат пойтахти раиси Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилди.

ўайрат ХОННАЗАРОВ