« Back

Халқ депутатлари Бектемир туман Кенгаши ҚАРОРИ 03.01.2020 12:38

2020 йил учун Бектемир тумани маҲаллий бюджетини тасдиҚлаш тЎҒрисида

Ўзбекистон Республикасининг “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунига (кейинги ўринларда Қонун деб аталади) мувофиқ, 2020 йилда Халқ депутатлари Кенгашларини маҳаллий бюджетларни бошқаришда, хусусан маҳаллий бюджет харажатларини ҳудудий бюджет маблағлари тақсимловчилар кесимида тасдиқлаш ва уларнинг Кенгаш олдидаги ҳисобдорлигини белгилаш бўйича ваколатлари кенгайтирилди.

Қонуннинг 18-моддасига асосан 2020 йил учун Бектемир тумани маҳаллий бюджетини қабул қилиш бўйича Халқ депутатлари Бектемир туман Кенгаши

Қ А Р О Р   Қ И Л А Д И:

1.  Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 2019 йил 13 декабрдаги “2020 йил учун Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисидаги 521/63-5-сонли қарори (кейинги ўринларда Қарор деб аталади) маълумот учун қабул қилинсин.

2.  Қонунга асосан 2020 йилда:

а) Қуйидаги солиқ турлари Бектемир туман маҳаллий бюджетига тўлиқлигича ўтказиб берилади:

жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи;

жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи;

жисмоний шахсларнинг мол-мулкларни ижарага беришдан оладиган йиллик даромадлари бўйича декларацияга асосан ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган даромад солиғи;

сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, бундан электр станциялари томонидан тўланадиган солиқ мустасно.

б)  Қуйидаги солиқ турлари ва бошқа мажбурий тўловлар Тошкент шаҳар ва Бектемир туман маҳаллий бюджетлари ўртасида тақсимланади:

якуний истеъмолчиларга бензин, дизель ёқилғиси ва газ реализация қилишдаги акциз солиғи;

айланмадан солиқ;

айрим товарларни чакана савдосига бериладиган ҳуқуқ учун ундириладиган йиғимлар;

мобиль алоқа хизмати ва алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пиво учун акциз солиғидан тушумлар тегишли равишда 2019 йил 1 июль ҳолатига кўра Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри аҳолисининг республика аҳолисидаги улушига мувофиқ.

в) Қуйидаги харажатлар республика бюджетидан молиялаштиришга ўтказилди:

умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим муассасаларининг биринчи ва иккинчи гуруҳ харажатлари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Мактабгача таълим вазирлиги орқали (ушбу муассасаларнинг тўртинчи гуруҳ харажатлари тегишли туманлар маҳаллий бюджетлари ҳисобидан амалга оширилади).

г) Қуйидаги харажатлар Бектемир туман маҳаллий бюджетидан молиялаштиришга ўтказилди:

фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тайинланадиган ижтимоий нафақаларни тўлаш харажатлари;

давлат санитария-эпидемиология назорати туман марказини сақлаш харажатлари.

3.  Қарорнинг:

4-иловасига мувофиқ, Бектемир тумани бюджетига умумдавлат солиқларидан ажратмалар меъёрлари тасдиқланганлиги;

7-иловасига мувофиқ 2020 йил учун Бектемир тумани бюджетида йўл қўйиладиган айланма касса маблағларининг энг кам миқдори 509 724,0 минг сўм этиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

4.  2020 йил учун Бектемир тумани маҳаллий бюджети даромадлари прогнози 1-иловага мувофиқ маъқуллансин.

5.  2020 йил учун Бектемир тумани маҳаллий бюджетидан бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

6.  2020 йил учун Бектемир туман бюджети захира жамғармаси ҳажми 547 811,0 минг сўм миқдорида белгилансин ҳамда захира жамғармаси маблағларини туман бюджетида кўзда тутилмаган, кечиктириб бўлмайдиган харажатларни, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий беқарорлик юзага келган вазиятларда амалга оширилиши зарур бўлган тадбирларни молиялаштириш учун ажратилиши таъминлансин.

7.  Бектемир туман ҳокимлиги, туман молия бўлими ва бюджет маблағларини тақсимловчилари:

туман бюджет маблағларини тақсимловчилар томонидан тегишли бюджетларни биринчи навбатда иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат, дори-дармон ва коммунал хизматлар учун харажатларнинг режалаштирилишини назарда тутган ҳолда шакллантирилишини назоратга олсин;

ҳар чорак якуни билан кейинги чорак биринчи ойининг 25-санасига қадар расмий веб-сайтларга бюджет маблағларини тақсимловчилари кесимида молиявий ҳисоботларни ҳамда бошқа тегишли маълумотларни жойлаштирсин;

туман маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларининг камида 10 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилишни таъминласин ҳамда веб-сайтларга уларнинг натижаларини жойлаштирсин.

8.  Бектемир туман ҳокимлиги, чораклар якуни бўйича мазкур қарорнинг 1-иловасида келтирилган даромадларнинг прогноз кўрсаткичлари ҳокимликнинг фаолиятига боғлиқ бўлмаган ҳолда 5 фоиздан ортиқ миқдорга бажарилмаса ва молия йили охиригача ушбу маблағларнинг тушиш эҳтимоли бўлмаса, Тошкент шаҳар ҳокимлигига харажатларни мақбуллаштириш билан бирга киритилган мурожаатига асосан тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорини ошириш юзасидан таклифлар киритади.

9.  Бектемир туман ҳокимлиги:

Қонуннинг 20-моддасига биринчи қисмига мувофиқ, туман маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаалари биринчи навбатда ижтимоий соҳа муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтирилиши таъминлансин.

Қонуннинг 24-моддасига асосан, тегишли равишда бюджет маблағлари тақсимловчиларининг бюджет маблағларидан самарали фойдаланилиши ҳамда эришилган натижалар бўйича ҳисоботларини Кенгашга киритилишини таъминласин.

Бюджет даромадлари ва харажатларининг кўрсаткичлари бўйича бажарилишини таъминлаш, солиқ базасини кенгайтириш ҳамда иқтисодий салоҳиятини ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўриш, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиши устидан қатъий назоратни ўрнатиши учун туман Кенгашига доимий равишда маълумот киритиб борсин.

Қонунда белгиланган айрим солиқлар ва тўлов ставкалари, солиқ солиш тартиблари ҳамда бошқа маълумотларни оммавий ахборот воситаларида ёритилишини таъминласин.

10. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш Халқ депутатлари Бектемир туман Кенгашининг маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси ва Бектемир туман ҳокимлиги зиммасига юклатилсин.

Халқ депутатлари Бектемир туман
Кенгаши раиси 
Ш
.Мамаджанов

2019 йил 18 декабрь