« Back

Халқ депутатлари Бектемир туман Кенгаши ҚАРОРИ 28.05.2020 19:20

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2019 йил 14 сентябрдаги “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги № 2736-III/ҚҚ-592-III-сон Қўшма қарори ижросини таъминлаш ҳамда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказишни ихчамлаштириш, намунали оилавий тадбирлар ўтказилишини ташкил этиш ва ушбу масалада тарғибот ва ташвиқот ишларини кучайтириш ҳамда доимий мониторингини йўлга қўйиш ва тартибга солиш мақсадида Халқ депутатлари Бектемир туман Кенгаши

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистоон Республикаси Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2019 йил 14 сентябрдаги “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги № 2736-III/ҚҚ-592-III-сон Қўшма қарори маълумот ва ижро учун қабул қилинсин.

2. Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги низом 1-иловага, Халқ депутатлари Бектемир туман Кенгаши ҳузуридаги Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини мувофиқлаштириш бўйича комиссияси тузилсин ва унинг таркиби 2-иловага, Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ихчам ва тартибли ўтказилишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Бектемир туман ҳокими ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи (А.Хатамов) ва туман маданият бўлими мудири (Б.Отамуродов) тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни миллий қадриятларга мос тарзда ихчам ва камхарж ўтказишга эришиш учун санъаткорлар томонидан хизматлар кўрсатилишини тартибга солиш чоралари кўрилсин.

4. Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Бектемир туман бўлими бошлиғи (З.Иминов) тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказилишида жамоат тартиби ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фуқаролар хавфсизлигига жиддий хавф солиши мумкин бўлган кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш чораларини доимий равишда кўриб борсин.

5. Туман бош имом хатиби тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар давомида муқаддас динимиз талабларига динимиз талабларига зид бўлган турли одат ва расм-русмлар ўтказилишининг олдини олиш бўйича қўшимча чораларни кўрсин, бу борада диний ташкилотларнинг ваколатли вакиллари масъулиятини янада кучайтирсин.

6. Халқ депутатлари Бектемир туман Кенгаши хузуридаги Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини мувофиқлаштириш бўйича комиссияси, Ички Ишлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Бектемир туман бўлими бошлиғи (З.Иминов) Низом талабларидан келиб чиқиб, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ташкил этиш ва ўтказишда ички ишлар органлари профилактика инспекторлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини раисларининг фаолиятини ташкил этиш чораларини кўрсин.

7. Бектемир туман туман ҳокимлиги матбуот котиби-ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси (Р.Мурадов), бошқа оммавий ахборот воситаларига тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказиш тартибга риоя этилиши ҳолати, урф-одатларимиз ва анъанларимизнинг ҳақиқий моҳияти ҳамда аҳамиятини кенг халқ оммасига мунтазам етказиб бориш тавсия этилсин.

Норматив-ҳуқуқий хужжат сифатида “Regulation.gov.uz” ягона интерактив порталига муҳокама учун, шунингдее, “Тошкент оқшоми”, “Вечерний Ташкент” газеталарида мазкур қарор расмий эълон қилиниши ва www.bektemir.uz веб-сайтига жойлаштирилиши таъминлансин.

8. Халқ депутатлари Бектемир туман Кенгаши ҳузуридаги Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказилишини мувофиқлаштириш бўйича комиссияси тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказилишининг доимий мониторингини амалга ошириб борсин ва унинг натижаларига кўра тегишли таклифларни Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига киритиб борсин

9. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Кенгашининг ва Халқ депутатлари Бектемир туман Кенгашининг Қўшма қарори сессияси КҚ-413-III/56-10-1-сонли қарорини 6-бандига қўшимчалар киритилсин.

10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Халқ депутатлари Бектемир туман Кенгашининг доимий комиссиялари зиммасига юклатилсин.

Халқ депутатлари Бектемир туман Кенгаши раиси
Ш.Мамаджанов

2020 йил 27 май